Россиялик терговчилар Москвада сўнгги ойларда содир этилган камида 14та қотилликка масъул, деб кўриладиган “Банда GTA” гуруҳининг Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорлигини ўрганмоқда.
Терговчилар: GTA киллерлари минтақага юборилиши керак эди
Россияда чиқадиган “Известия” газетасининг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб хабар беришича, гуруҳнинг қўлга олинган айрим аъзолари “Марказий Осиёдаги режимлар”га қарши курашиш учун Москва чеккасида одамларни ўлдириш машғулотларида қатнашганликларига иқрор бўлишган.
Қўлга олинганларнинг айримлари Москва чеккасидаги қотилликларни машғулот доирасида амалга оширганликларини айтганлар.
Уларни сўзларига кўра, “Банда GTA” Марказий Осиёдан келганларни ўз ватанларидаги режимларга қарши курашга тайёрлаган. Махсус инструкторлар уларни қурол билан ишлашга ўргатган.
"Киллерлар оҳир-оқибат Марказий Осиёга юборилиши керак бўлган", демоқда россиялик терговчилар.
Россия Ички ишлар вазирлиги расмийлари матбуотда тарқалган бу хабарлар юзасидан Озодликка изоҳ бермади.
“Ўзбекистон Исломий ҳаракати” Европа, Осиё, АҚШ ва Россияда тақиқланган террор гуруҳидир. Тўқсонинчи йиллар ўрталарида пайдо бўлган бу гуруҳ Марказий Осиёдаги дунёвий режимларни ағдариб, исломий ҳалифат ўрнатишни мақсад қилган.
Баҳром Ҳамроев: GTA ҳақидаги гапларнинг кўпи уйдирма
Москвадаги “Ёрдам” маслаҳат ҳуқуқий маркази директори Баҳром Ҳамроев Россия “Банда GTA” Марказий Осиё режимларига қарши курашиш учун “Ўзбекистон Исломий ҳаракати”га киллерлар тайёрлагани ҳақидаги Россия матбуоти хабарлари ҳақиқатдан анча йироқ эканини айтади:
- Қандай қилиб Россия пойтахти бўлмиш Москва чеккасида “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” учун қотилларни тайёрлаш мумкин. Бу мутлақо ақлга сиғмайди. Тўғри, “Банда GTA” деб аталувчи гуруҳ Москва йўлларида машина ҳайдовчиларини тўхтатиб, ўлдирган деган хабарлар чиққан. Гўёки қотиллар одамларни пулини олмас эмиш. Энди булар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари, уларни Ўзбекистон Исломий ҳаракати учун шундай қотилликларга ўргатиб, тайёрлашгани айтилаяпти. Мен бу гапларни уйдирма, деб ҳисоблайман. Қолаверса, Россия матбуотига ишонч ҳам қолмаган. Мутлақо асоссиз хабарлар, спекуляция жуда кўп, - деди Баҳром Ҳамроев.
GTA аъзолари ҳақида тўлиқ маълумотлар йиғилмоқда
Россияликлар орасида “Банда GTA” дея ном чиқарган ва асосан марказий осиёликлардан иборат бўлган гуруҳ шу йилни баҳор ойларида пайдо бўлгани айтилади.
“Известия” газетасига кўра, ҳозир Россия махсус хизматлари Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистондаги ҳамкасбларидан Москва чеккасида қўлга олинган шахслар ҳақида тўлиқ маълумот олишга ҳаракат қилаяпти.
Сўнгги вақтларда Россияда Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий Ҳаракатига алоқадор деб айтилаётган кишиларнинг қўлга олиниш ҳоллари кўпаяётгани кузатилади.
Бир қатор ҳолларда тақиқланган ташкилотларга алоқадор, деб қидирилган ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонликлар Россия ҳудудида паноҳ топганликлари маълум бўлмоқда.