Бекободдаги саунада ўқувчилар газдан димиқиб ўлди

Тошкент вилояти Бекобод туманининг Зафар қўрғонидаги сауналардан бирида 16 яшар коллеж ва мактаб ўқувчиси якшанба куни газдан димиқиб ўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, қувурдан газнинг сизиб чиқиши оқибатида саунада ювинаётган болалар заҳарланган.

30 ноябрь куни содир бўлган бу воқеа ҳақида зафарлик манба 4 декабрь куни Озодликка хабар берди:

- Икки бола ҳалок бўлди. Бири Далварзин маиший касб-ҳунар коллежининг биринчи курс ўқувчиси Жавоҳир Аҳмаджонов, иккинчиси 7-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Достон Рустамов. Бу икки бола ўртоқ бўлган, якшанба куни кечқурун чўмилгани саунага борган. Айтишларича, сауна ичига қаердандир газ сизиб кирган ва иккиси ҳам ўша жойда ўлиб қолган, дейди манба.

Исми сир қолишини сўраган 7-мактаб ўқитувчисининг айтишича, Достон Рустамов спортчи бола бўлган:

- Рустам спортсмен, ғайратли ва аълочи ўқувчимиз эди. Коллеж ўқувчиси Жавоҳирнинг уйи ўша саунага яқин экан. Бу хусусий сауна, на бир сауна деган ёзуви бор, на бир белгиси. Кўпчилик шу жойда сауна борлигини ҳам билмас экан. Саунада бошқа одам ўша пайтда бўлганми ёки йўқ, бу саволга жавоб тополмаяпмиз. Айтишларича, укаси саунадан келавермагач акаси қидириб борган. Сауна хонасини ичкаридан қулфлаб олишган экан. Чақирса жавоб бермасмиш, кейин эшикни бузиб киришса иккаласи ҳам ўлиб ётганмиш, дейди ўқитувчи.

Бекобод тумани прокуратураси ўқувчиларнинг ўлими юзасидан сауна эгасига нисбатан жиноят иши очган. Бироқ прокуратурадан бу ҳақда батафсил маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бекобод туман Шошилинч тиббий ёрдам маркази навбатчиси, болалар ўлимига газдан заҳарланиш сабаб бўлганини билдирди.

Булунғурда ҳам ëш оила ис газидан бўғилиб ўлди

Айни пайтда¸ Озодликка 4 декабрь куни етиб келган бошқа бир хабарга кўра¸ якшанба куни Самарқанднинг Булунғур туманидаги икки қаватлик уйда яшаган ëш эр-хотин пропан газ баллонидан сизиб чиққан ис гази оқибатида нобуд бўлган.

Озодлик манбаларига кўра¸ эгизак фарзандга ҳомиладор бўлган келинчак ва унинг эри ўлимидан уч кунгача ҳеч ким хабар топмаган; яқинлари иккинчи қаватдаги квартира деразасини синдириб кириб¸ қотиб қолган жасадларни топишган.

Ëш оила кеча давф этилган¸ бу фожиа техника хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида рўй берди¸ дея таснифланган.

Ўзбекистон ҳукумати Хитойга сотилаëтган газ ҳажмини муттасил кўпайтириб бораëтган айни пайтда¸ мамлакатнинг аксар туман ва қишлоқ ҳудудлари табиий газдан мутлақ узиб қўйилган.

Оқибатда оддий аҳоли исиниш учун Хитойдан келаëтган турли қўлбола ускуналар¸ хусусан¸ қўлбола газ баллонларига жойланган газдан фойдаланишга мажбур қолмоқда.

Қурбонлар рўйхати ошмоқда

Ўзбекистонда газ таъминотидаги узилишлар ва бу узилишлардан сўнг газнинг қачон келиши ҳақида аҳолининг олдиндан огоҳлантирилмаслиги оқибатида нохуш ҳодисалар кўп содир бўлади.

Жумладан, жорий йилнинг 19 октябрида Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Булоқбоши массивида истиқомат қилган Ёлғош Қўчқоров ва унинг хотини газ исидан димиқиб нобуд бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, печга уланган газ кечаси ўчиб қолган ва тунда қайта узатиш бошланганда ис гази бутун уйга тарқаган ва уйқуда ëтган хонадон эгалари нобуд бўлган.

Шунингдек¸ Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Равонак қишлоғида яшовчи ёш эр-хотин ва уларнинг икки гўдаги маиший газ баллонидан газ сизиб чиққани оқибатида заҳарланиб ўлган эди.