Гурланлик 12 яшар қизалоқ ўз акасидан фарзанд кўрди

Хоразм вилояти Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида истиқомат қиладиган 12 яшар қизалоқ ўз акасидан фарзанд кўрди. Қизалоқ ўтган йилнинг май ойида, 11 ёшлигида ҳомиладор бўлган. Синглисининг номусига тажовуз қилган 18 ёшли коллеж талабаси айни пайтда ҳибсга олинган.

Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида яшовчи 6-синф ўқувчиси 18 январь куни қиз фарзанд кўрди.

Гурлан тумани ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими 12 ёшли қизалоқ ўз акасидан ҳомиладор бўлганини Озодликка тасдиқлади.

Озодлик маълум сабабларга кўра, қизалоқ ва унинг акасининг исмларини ошкор этмайди.

Ички ишлар мулозимига кўра, 34-мактабнинг 6 синфида ўқийдиган, 2003 йилда туғилган қизалоқ ўтган йилнинг май ойида ҳомиладор бўлган:

“Қизалоқ биринчи сўров пайтида акаси унинг номусига тажовуз қилганини айтган. Акаси Гурландаги коллежнинг талабаси, 1996 йилда туғилган бола. Бундан ташқари яна бир акаси бор. Оилада уч фарзанд. Дадаси фермерда оддий ишчи. Онаси ишламайди. Воқеани ота-онаси яширишга ҳаракат қилган. Айни пайтда аканинг устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси яъни "Номусга тегиш" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, у ҳибсга олинган. Агар судда боланинг айби тасдиқланса, у 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин”, деди ички ишлар бўлими ходими.

Гурлан тумани тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, қизалоқ соғлом бола туққан:

“Қизалоқ қиз фарзанд кўрди. Айни пайтда она ва боланинг саломатлиги яхши. Улар ҳозирча туғруқхонада қолмоқда”, деди манба.

Бу воқеа туман ва вилоятда катта шов-шувга сабаб бўлган. 34-мактабда ишлайдиган ўқитувчининг, исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, мактаб директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, мактаб руҳшуноси ишдан бўшатилган. Олтинчи синф раҳбарига нисбатан чора кўрилган.

Бу Хоразм вилояти вояга етмаган қизалоқларнинг ўз акасидан фарзанд кўришига оид биринчи воқеа эмас. Бундан роппа-роса бир йил аввал, ўтган йилнинг 20 январида Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 яшар қизалоқ ўз туғишган акасидан фарзанд кўрган эди.

Синглиси номусига теккан шовотлик йигит устидан суд бўлиб ўтган, лекин суд айбланувчига қанақа жазо бергани Озодликка маълум эмас.