Россияда Сталин тарафдорлари кўпаймоқда

Россиянинг “Левада” ижтимоий сўров маркази олиб борган тадқиқотлар натижаларига кўра, россияликларнинг Сталин шахсига бўлган меҳр-муҳаббати ва ҳурмати ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Сўровда иштирок этган 57 фоиз россиялик СССР диктатори Иосиф Сталин "давлат жиноятчиси" деб эълон қилинганига қарши эканини билдирган бўлса, яна 45 фоизи Шўролар давридаги миллионлаб қатағон қурбонларини “тарихий зарурат” ўлароқ эътироф қилган.

Ижтимоий сўров натижаларидан хавотирга тушган ҳуқуқ ҳимоячилари буни Россия ҳукумати сўнгги пайтларда авж олдириб юборган ташвиқот-тарғибот ишлари натижаси сифатида қабул қилиниши кераклигини айтмоқда.

Левада маркази: Россияда Сталин шахсига сиғинувчилар сони кўпаймоқда

Жорий йилнинг март ўрталарида “Левада” ижтимоий сўров маркази Россиянинг 46 минтақасида олиб борган тадқиқоти Россия жамиятида жиддий сиёсий ва ижтимоий қарашлар ўзгариши рўй бераётганини яққол намойиш этди.

Ижтимоий сўров натижаларига мувофиқ, россияликларнинг 45 фоизи Сталин давридаги қатағонларни оқлайди. Ваҳоланки, 2012 йилда Сталин тарафдорлари сони роппа-роса икки баробар кам бўлган. Шунингдек, сўровда иштирок этган 57 фоиз россиялик СССР диктатори Иосиф Сталин "давлат жиноятчиси" деб эълон қилинганига қарши эканини билдирган.

“Левада” сўрови иштирокчиси бўлган 25 фоиз россиялик Сталин ўлимини фожеа сифатида қабул қилиши, 37 фоизи эса совет диктаторига Ғалаба 70 йиллиги муносабати билан ҳайкал ўрнатиш тарафдори эканини билдирган.

“2000 йиллар бошларида Сталинга салбий муносабатда бўлганлар сони кўп бўлган бўлса, ҳозирга келиб сўралганларнинг аксари (39 фоиз) унинг фаолиятини ижобий баҳоламоқда. Жумладан, 30 фоиз россиялик уни ҳурмат қилиши, 7 фоиз – хуш кўриши, 2 фоиз – унга тасанно айтишини билдирди”, дея хулоса қилади сўровни олиб борган мутахассислар.

Шунга қарамасдан, 46 фоиз респондент Сталин ўлими ортидан мамлакатда оммавий қатағонлар ва террор якунланганини қайд этган (2013 йилда бу кўрсаткич 55% ташкил этганди). Россия фуқароларининг 6 фоизигина сўров чоғида советлар ҳукмдоридан қўрқиши ва 5 фоизигина нафратланишини билдирган.

“Левада” маркази мутахассислари “халқлар отаси” шахсига меҳр-муҳаббати ошиб-тошаётган фуқаролар сонининг энг юқори нуқтаси 2014 йилда қайдга олинганини ҳам қайд этган.

“Бу олиб борилаётган сиёсат натижаси!”

Совет тузуми қатағонлари қурбонлари номларини номма-ном тиклашга уринаётган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Арсений Рогинский бу хусусда ўз ташкилоти номидан жиддий хавотир билдирди.

Кузатувчилар сўнгги йилларда Иосиф Сталин шахсига бўлган муносабат илиқлашиб бораётгани қайд этилаётганини таъкидлаб келмоқда.

Россияда бўлаётган бу ўзгаришлар жараёнида 1 апрель куни Ставрополь ҳокимияти шаҳарнинг Ленин майдонини Сталин майдонига айлантириш ва унда Сталин ҳайкалини тиклаш масаласини кун тартибига қўйди.

Шу йилнинг феврал ойида эса Қримнинг Ялтасида “Катта учлик” – Черчилль, Рузвельт ва Сталинга ҳайкал ўрнатилишида Россия Давлат Думаси ва ҳукумати вакиллари иштирок этди.

Россия маданият вазири Владимир Мединский бошчилигидаги Россия ҳарбий-тарихий жамияти, Россия коммунистик партияси ҳамда Ржев туман маъмурияти диктатор бир кеча тунаган Ржевдаги ёғоч уйда Сталин музейини очишмоқчи. Сталин ташрифига бағишланган кўргазма 2000 йили Путин президент бўлганидан кейин дарҳол тикланган эди.

“Левада” таҳлилий маркази директори, таниқли социолог Лев Гудков Озодлик билан суҳбатда сўровнинг бундай натижаларини бевосита Владимир Путин олиб бораётган сиёсатга боғлади.

- Бу сўнгги 15 йил давом этаётган Сталинни оқлаш сиёсати натижасидир. Эслатиб ўтаман, 1999 йилнинг 9 майида Путин Сталин учун қадаҳ кўтарган. Сталинни улуғлаш Ғалабанинг 60 йиллиги арафасида энг юқори нуқтага етди. Ҳар ҳолда, Сталин даврини реабилитация қилиш аста-секинлик билан ва изчил давом этмоқда. Ўтган йили биз биринчи маротаба Сталинни 52 фоиз одамларимиз хуш кўраётганини қайдга олдик. Биринчи маротаба кўпчилик “Сталин мамлакат учун ёмонликдан кўра яхшиликни кўпроқ қилди”, деган фикрга келди, - дея муносабат билдирди “Левада” директори Лев Гудков.

Сиёсатшунос Александр Морозов кузатувларига кўра, “халқлар отаси”ни оқлаш тенденцияси охирги 7-8 йилда айниқса кўзга ташланиб қолган.

Шунга қарамасдан, у Россия халқи онгидаги бундай жиддий ўзгаришлар бошқа омиллар билан ҳам боғлиқ, дейди.

- Биз, албатта, бу янгиликдан ҳайрон қолганимиз йўқ. Биринчидан, Сталин номини тиклаш анчадан буён давом этиб келмоқда. Эсингизда бўлса, “Россия номи” дастурида бу шахс мамлакатимиз тараққиётига энг кўп ҳисса қўшганлар қаторига киритилди. 7-8 йиллик фаол ҳаракатлар бўлди - мана сизга натижа. Бироқ аҳоли жоҳиллашиб бораётгани Сталин шахсига қизиқишни уйғотди, дейиш ҳам нотўғри бўларди. Тарихий ҳодиса узоқлашгани сайин бу воқеаларга жамоатчилик фикрининг юмшаши ҳам кузатилиши табиийдир. Шунчаки, оммага "бўлаётган тартибсизликларга фақат “қаттиққўл ҳукмдор” барҳам бериши мумкин”, деган фикр сингдирилмоқда, - дейди Александр Морозов.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашда қилган чиқишида таниқли журналист Николай Сванидзе аҳлоқий нуқтаи назардан Сталинни оқлаш амалиёти миллионлаб одамлар хотирасига оёқ қўйиш билан баробар экани ва жамиятни яна парчаланишига олиб келишидан огоҳлантирди.

Ўтган ҳафтада “Яблоко” партиясининг Ёшлар қаноти Москвада “Қурбонларни ёддан чиқариб, сиз ўзингиз жаллодга айланяпсиз!” шиори остида Сталинга қарши акция ўтказди.

Муҳожирлар Сталин тўғрисида

Озодлик Иосиф Сталинга Россиядаги меҳнат муҳожирлари муносабатини ҳам билиш истагида “Сталинга қандай муносабатдасиз?” саволи билан мурожаат қилди.

Озодлик олиб борган сўровда иштирок этган ўзбекларнинг аксар қисми ҳам Сталин “ижобий тарихий шахс” эканини гапирди. Москвада савдогарлик қилаётган Ғолиб – “сталинчи”лардан:

- Мени ёшим кичкина – Сталин даврида нима воқеа бўлган билмадиму, мактабларда “қаттиққўл” деб эшитганман. “Новости”лардан кўраман, кимдир айтади “Шунинг сиёсати яхши бўлган”, дейди. Билишимча, шу одам қаттиққўл, давлатни яхши олиб борган, - дейди Ғолиб.

Лекин муҳожирлар орасида муқобил фикрга эга бўлганлар ҳам йўқ эмас. 25 ёшли Жаҳонгир Сталин айниқса ўзбек халқига катта талафотларни келтирган жоҳил ҳукмдор сифатида билишини айтади.

- Мен институтда ўқимаганман, 25 ёшдаман. Сталин ўзбек халқининг орқага кетишига сабабчи бўлган одам. Ўзбекистонга ҳайкал қўймоқчи бўлса, мен қаршиман! Россияда Германия билан бўлган урушда хизмат кўрсатгани, Россия учун кўп фойда келтиргани учун улуғлашади. Аммо урушни Сталинсиз ҳам енгса бўлади, лекин руслар шундай деб ўйлайди. Уни "қаҳрамон", деб билишади, - деди Жаҳонгир.