Давлат департаменти: Ўзбекистонда коррупция ва қийноқ чуқур илдиз отган

Ўзбекистон қамоқхонасидан маҳбус жасади олиб чиқиб кетилаётган пайтда олинган сурат.

Қўшма Штатлар Давлат департаменти 25 июнь куни эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистон коррупция чуқур илдиз отган давлатга айлангани ва ҳукумат амалдорларининг “коррупциядаги иштироки кўпинча жазоланмай қолаётгани” ҳақида билдирди.

Жон Керри: Инсон ҳуқуқлари ривожланиш омилдир

Давлат департаментининг 25 июнь куни эълон қилинган 2014 йилда жаҳондаги инсон ҳуқуқлари вазияти тўғрисидаги ҳисоботида, жумладан, Ўзбекистондаги ҳолатга ҳам эътибор қаратилган. Ҳисоботда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу борадаги вазият яхшиланмаётгани таъкидланади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳисоботни тақдим этар экан, айнан инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши мамлакат ривожланишининг муҳим омили эканини алоҳида таъкидлади:

- Бу ҳисоботнинг асосидаги мужда шуки, мамлакатлар яхши ривожланиши учун фуқаролар ўзларига тегишли ҳуқуқлар ва эркинликлардан тўлиқ фойдалана олиши керак. Бу умид ифодаси эмас, бу реалликдир. Бу дунё бўйлаб кўплаб давлатларда ўз тасдиғини топган,- деди Жон Керри.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисми 28 саҳифадан иборатдир. Шунинг учун лавҳамизда ҳисоботнинг айрим муҳим жиҳатларигагина назар ташламоқчимиз. Ҳисоботда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласида жиддий муаммолар бартараф этилмаётгани қайд этилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Давлат департаменти: Ўзбекистонда коррупция, қийноқ ва таъқиб чуқур илдиз отди

Даҳшатли қийноқларга солиш амалиёти давом этмоқда

Ҳисоботда ёзишилишича, “ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қўлга олинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилмоқда ва ноинсоний муносабатда бўлинмоқда”.

Қийноқлар тўғрисидаги билдирувлар 2013 йилда қамоққа ташланган ҳуқуқ фаоллари Фахриддин Тиллаев, Нураддин Жуманиёзов, собиқ маҳбус Андрей Важенин, Руҳия Бажитова, ҳуқуқ фаоли Неъматжон Сиддиқов ва бошқаларнинг кўрсатмаларига асосланган.

Ҳисоботда ўзбек ҳуқуқ – тартибот тизмларида маҳбсуларни калтаклаш, нафас йўлларини сув қоғоз билан тўсиш, электр токи билан қийнаш, маҳбуснинг бош қисмига совуқ сув томизиш, бармоқлар остига игна санчиш каби ваҳшиёна қийноқ усуллари амалда қўлланилаётгани айтилади.

Собиқ маҳбус Бахтиёр Ханазаров Озодлик билан суҳбатда бу каби қийноқлар айбловни мажбуран тан олдириш учун маҳбусларга нисбатан системали тарзда қўлланилишини айтди:

- Қийноқларнинг турлари: оёғингдан осмонга қараб боғлаб қўйиб, товонга резинка тўқмоқ билан уришади. Оёқдан тепага қараб осиб қўйишади. Тоштурманинг суви жуда совуқ. Туалетга ўтқазиб қўйишиб, бошингиздан сув қуйишади.

Озодлик: Шу қийноқларнинг ҳаммаси сизга нисбатан қўлланилдими?

- Ҳа, ҳаммаси қўлланилди. Хушимдан кетган пайтларим бўлган. Соғлигим жуда ёмонлашган. Масалан, Тоштурмага келгунимча 67 кило эдим. Тоштурмадаги қийноқлар натижасида 55 кило бўлиб қолдим, -деди Бахтиёр Ханазаров.

Ҳисоботда Ўзбекистонда адолатли судлов мавжуд эмаслиги ҳамда “диний эркинликларни чеклаш амалиёти кенг томир отгани” ҳам таъкидланади.

Ўзгача фикрловчиларни таъқиб остига олиш тўхтамаяпти

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва бошқа ўзгача фикрловчиларга нисбатан тазйиқлар, ноқонуний ҳибсга олишлар, сиёсий мотивлар асосида жиноий таъқиблар бўлаётгани танқид қилинган.

Ҳисоботда 2014 йилда Бош вазир Шавкат Мирзиёёвни судга берганидан сўнг мажбурий тарзда 16 кунга руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов ҳам эсланади.

Атиб ўтиш жоизки, Жиззах вилоятидаги айрим амалдорларнинг ноқонуний фаолиятларини фош этиш билан шуғулланаётганини айтадиган Алиқул Саримсоқов 2015 йилнинг мартида ҳам Тошкентдан ўғирлаб кетилиб, Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасида бир ой давомида мажбурий тарзда ушлаб турилган эди.

Шу кунларда ҳам махсус хизматларнинг мунтазам назорати ва телефонлари олиб қўйилган ҳолда деярли уй қамоғида сақланаётгани айтилаётган Алиқул Саримсоқов билан боғланиш имкониятлари бўлмади.

Унинг ҳамкасби, тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов Алиқул Саримсоқовнинг ноқонуний тарзда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиши тўғрисида ёзган қатор шикоятларига шу кунгача жавоб олинмаётганини билдирмоқда:

- Бу борадаги шикоятларим кўриб чиқилмаяпти. Ўтган йили ҳам ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишганида 2-3 марта ариза ёзганман. Бу йил ҳам ариза ёзиб, прокуратурага, президент маъмуриятига ва бошқа ташкилотларга жўнатдим. Аммо ҳалигача жим-жит, жавоб олганим йўқ, - деди Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистон ҳукумати қийноқлар ва фаолларга нисбатан тазийқлар мавжудлигини доимий тарзда инкор этиб келади.

Коррупцияга қарши кураш етарли даражада эмас

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистонга оид “Коррупция” бобида расмий Тошкент коррупцияга қарши кураш йўналишида етарли даражада кураша олмаётгани қайд этилади.

“Коррупция айблови билан ҳибсга олишлар сони кўпайгани айтилаётганига қарамай, мазкур иллат чуқур илдиз отганича қолмоқда ва амалдорлар коррупциявий фаолият билан бемалол шуғулланмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Давлат департаменти Тошкент расмийларига таянган ҳолда 2014 йилнинг 9 ойида 451 нафар амалдор коррупциявий айбловлар билан қўлга олинганини билдирган. Улардан 12 нафари судья, уч нафари суд ходими, 30 нафари Бош прокуратура , 285 нафари милиция, 28 нафари Адлия вазирлиги, 1 нафари Миллий хавфсизлик хизмати, 49 нафари солиқ хизмати, 38 нафари божхона ходими, 5 нафари адвокатдир.

Коррупцияда айбланган 451 одамдан 328 нафари қамалган, қолганларига эса жарима ёки жамоат ишларига жалб қилиш каби енгил жазолар берилган.