Намунавий уй қурган қорақалпоғистонлик усталар иш ҳақини ололмаяпти

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида намунавий уй қуришда иштирок этган маҳаллий усталар иш ҳақини ололмаётганидан Озодликка шикоят қилди. Усталарнинг айтишича, қурилиш фирмаси бошлиғи икки ойдан буён уларни алдаб келмоқда. Туман ҳокимлиги муаммони инкор қилмади, аммо қўшимча маълумот ҳам бермади.

Беруний туманининг "Шаббоз" овул фуқаролар йиғини (ОФЙ) ҳудудида намунавий уйларни қураётган фирма ўзи ёллаган қурувчиларга иш ҳақини бермай келаётир.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган усталардан бири Равшан Машариповнинг айтишича, улар иш йўқлигидан арзон ҳақ эвазига бўлса-да, шу қурилишга ёлланган:

- Биз олти киши брусчатка қиладиган усталармиз. Қурилиш фирмасининг бир вакили бизларни уйларни олдидаги йўлакларга брусчатка теришга ёллади. 1 ой давомида 10 та намунавий уйда ишладик. Лекин ишимиз битгандан кейин, фирма бошлиғи Музаффар иш ҳақимизни бермаяпти. Ҳар куни сўраб борамиз, эртага келинг, индин келинг деб алдаб жўнатяпти, - деди Равшан Машарипов.

Машариповнинг айтишича, қурилиш фирмаси уларни жуда арзонга ёллаган:

- Биз бир квадрат метр брусчаткани 7 минг сўмдан теришга келишган эдик. Аслида, унинг давлат берадиган нархи 20 минг сўм экан. Лекин иш йўқлиги учун шунга ҳам рози бўлгандик. Мана энди иш тугагандан кейин бир миллион сўм иш ҳақини фирма бермаяпти. Ҳақ сўраб уларнинг идорасига борганимизда, олти ойдан буён иш ҳақини ололмай юрган бошқа усталарни ҳам учратдик, - дейди Равшан Машарипов.

Машариповга кўра, у билан бирга ишлаган Бахтиёр, Мажид, Худойберган исмли йигитлар ҳам иш ҳақини ололмаяпти.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун Беруний тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Ҳамид Божанов билан боғланди. Ҳоким ўринбосари "Шаббоз" ОФЙда олиб борилаётган намунавий уйлар қурилиши билан шуғулланаётган Қаҳрамон Кўшанов билан боғланишимизни айтди.

Қаҳрамон Кўшанов намунавий уйлар қурилишида иштирок этган усталарга иш ҳақлари берилмаётганини рад қилмас экан, бу масала юзасидан фақат ҳокимнинг рухсати билан маълумот бера олишини айтди:

- Балки шунақа ҳолат бордир. Сиз айтган маълумотларни биз албатта контролга оламиз, лекин шахсан ҳокимнинг рухсатисиз сизга бошқа маълумот беролмайман, - деди Қаҳрамон Кўшанов.

Қурилиш фирмаси раҳбарияти билан боғланиш имкони бўлмади.

Иш ҳақини ололмаётган усталар уларнинг асли касби қурувчи эмаслиги ва бу касбни Россияда ўрганиб келганлигини Озодликка айтдилар.

Сўнгги йилларда Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар президент топшириғи билан қурилаётган намунавий уйларнинг аксарияти сифатсиз экани ва бу уйлар қурилиши учун асли касби қурувчи бўлмаган шахслар жалб қилинаётганидан шикоят қиладилар.

Намунавий уй қурилишига ажратилган маблағнинг камлиги ва бу соҳада коррупциянинг ривожланганлиги боис, қурилиш фирмалари аксарият ҳолларда қурилишга арзон нархдаги ёлланма ишчиларни таклиф этадилар.

Озодлик тингловчилари намунавий уйлар қурилиб битганидан кўп ўтмай, девор сувоқлари тўкилиб кетаётгани, полга қоқилган тахталар қийшайиб қолаётганидан кўп шикоят қилган эдилар.