Гулнора синдроми: Жиноят кодексига уй қамоғи жазоси киритилади

Гулнора Каримованинг уй қамоғидан йўллагани иддао қилинган сурат

Ўзбекистон Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига уй қамоғида сақлаш жазосини киритиш ташаббуси муҳокама қилинмоқда. 2014 йил сентябрда Олий Мажлис Сенати уй қамоғини эҳтиёт чораси ўлароқ Жиноят-процессуал кодексига киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлаган эди. Эндиликда жиноий жазо турига айлантирилаётган бу чоранинг Гулнора Каримовага қўлланиши тахмин қилинмоқда.

Уй қамоғи - жазо чораси

Ўзбекистон Жиноят кодекси (ЖК), Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК) ва Жиноят ижроия кодексига киритилажак янги жазо тури ҳақида Norma.uz сайти хабар берди.

Сайтга интервью берган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси аъзоси Алия Юнусовага кўра, баъзи жиноятчилар - ёшлар, аёллар, кексалар ва ижобий характеристикага эга бўлган жиноятчиларни уй қамоғида сақлашга эҳтиёж борлиги аниқланган.

Бундай жазо турини жамоатчиликка таҳдид солмайдиган ва ҳақида ижобий характеристика берилган жиноятчиларга нисбатан қўллаш кўзда тутилмоқда. Одатан, бундай жиноятчиларга шартли қамоқ жазоси берилар эди.

Қонунчилик палатаси уй қамоғини жиноий жазо сифатида қўллашни кўзда тутувчи ўзгартишларни киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади ва Сенатга тақдим қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон ЖКда айби тасдқиланган жиноятсиларга нисбатан жарима, маълум бир ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, аҳлоқни тузатиш ишларига жалб қилиш, ҳарбий хизматдан маҳрум қилиш, ҳибс, озодликдан маълум муддат ёки умрбод маҳрум қилиш каби жиноятлар белгиланган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Гулнора синдроми: Жиноят кодексига уй қамоғи жазоси киритилади

Агар қонун лойиҳаси Сенат томонидан тасдиқланса, у ҳолда қонунчиликда уй қамоғида сақлаш жазоси ҳам пайдо бўлади ва бундай жазога учраганларга "сутканинг белгиланган соатларида уйини тарк этишни тақиқлаш ёки чеклаш" чораси қўлланади.

Бундан ташқари, содир этган жиноятига қараб айбдорга "оммавий тадбирларга бориш, уларда иштирок этиш ва умуман, жамоат жойларига чиқиш; маълум бир маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқишни чеклаш; маълум бир шахслар билан мулоқот ва айрим алоқа воситаларидан фойдаланишни чеклаш ёхуд тақиқлаш" чораси қўлланиши мумкин.

Бу жазо "жамоатчиликка жиддий хавф солмайдиган жиноятлар (3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш), унча оғир бўлмаган жиноятлар (3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш)"ни содир этган шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин.

Сурат Norma.uz сайтидан олинди

Уй қамоғи жазосига маҳкум этилган шахсларни мунтазам назоратда сақланади ва уларга электрон кузатув мосмаламаси тақиб қўйилади.

Бундан ташқари, жазога маҳкум қилинган шахснинг оила-аъзолари билан алоқалари, у сақланаётган уйда яшовчилар сони ҳам чекланиши мумкин.

Уй қамоғи - эҳтиёт чораси

2014 йилнинг 4 сентябрида Олий Мажлис Сенати жиноят содир этганликда гумон қилинган шахсларни эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғида сақлашга оид ўзгартишни Жиноят-процессуал кодексига киритишни маъқуллаган.

Ташаббусчилар фикрича, бунинг воситасида бўлғуси жиноий ҳаракатлар ва ҳақиқатни яширишга уринишнинг олдини олиши мумкин. Бундан ташқари, ҳуқуқшунослар бу билан ҳали жинояти исботланмаган шахсларни тергов изолятори, ҳибсхоналарда сақламаслик ва айни пайтда, бюджетни тежаш мумкинлиги ҳам айтилган эди.

Бундай амалиёт етакчи Ғарб давлатларида кенг қўлланилади. Халқаро ҳуқуқий меёрларга кўра, уй қамоғи айбланувчига нисбатан суд ҳукми билан белгиланади.

Уй қамоғига ҳукм қилинган фуқароларга маълум шахслар билан мулоқотда бўлиши, хат ёзиш ва олиш, телефон орқали сўзлашиш ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш чеклаб қўйилиши мумкин.

Гулнора синдроми

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда маълум бир жиноятда айбдор, деб топилган фуқароларга нисбатан уй қамоғи жазоси қўлланилмаган.

Гулнорага нисбатн берилаётган бу расмда, унинг ўз қўриқчилари билан даҳанаки жанги, "бармоқларимни синдирмоқчи бўлишди" деган иддао билан тақдим этилган.

Аммо, Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг уй қамоғига ташлангани иддао қилинган илк маълумотлар 2014 йилнинг 8 июлида хорижий ахборот воситаларига сиздирилган эди.

Ўшанда Туркия, Британия ва АҚШ нашрлари, хусусан, Озодликка ҳам, ошкор этилмаëтган каналлар орқали мактуб йўллаган Гулнора Каримова, ўзининг 2013 йил охиридан бери уй қамоғида сақланаëтгани, қизи ва ўзи “итлардан ҳам баттар” аҳволда ушлаб турилгани, тиббий ёрдамга муҳтожлиги, шунингдек, қизи Имон уй қамоғи боис мактабга боролмаётганини иддао қилган эди.

Таъкидлаш жоиз, президент қизининг уй қамоғига ташлангани ёки унга нисбатан бошқа чора қўллангани ҳақида Озодликда аниқ маълумотлар йўқ. Ўзбекистон Бош прокуратураси 2014 йил сентябр ойида Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳга қарши тергов олиб борилаётганини эълон қилган, лекин президент қизи айнан нимада айбланаётганини аниқлаштирмаган.

Президент қизи устидан Ғарб тергови

Озодлик радиоси бундан аввал Гулнора Каримовга қарши бир қатор ғарб давлатларида жиноят ишлари очилгани ҳақида хабар берган.

Жумладан, АҚШда олиб борилган тергов натижасида “VimpelCom, MTS ва TeliaSonera Ўзбекистонда телекоммуникация бизнеси лицензияларини қўлга киритиш учун бу мамлакат расмийларига пора берганини аниқлаган”.

Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир иддаоларни тергов қилаётган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда, АҚШ тергови бу иш бўйича бир неча давлатда олиб борилаётган терговларнинг бир қисмидир, деб билдирган.

Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувда Ўзбекистонда фаолият юритган VimpelCom, MTS ва TeliaSonera телеком ширкатлари Гулнора Каримовага камида бир миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани фош этилган эди.