Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Гулнора Каримова туғилган куни арафасида янги мактуб пайдо бўлди


Каримовлар оиласининг бирга тушган камдан-кам суратларидан бири.
Каримовлар оиласининг бирга тушган камдан-кам суратларидан бири.

Ўзбекистон ҳокимиятида ишончли манбалари бор эканини иддао қиладиган Uzmetronom Интернет газетаси Гулнора Каримова 8 июль - ўз туғилган кунини Болтиқбўйи давлатларидан бирида, яқинлари даврасида нишонлагани ҳақида хабар пайдо бўлган бир пайтда, рунетда президент тўнғичининг ҳамон уй қамоғида эканига шама қилувчи суратлар, ҳамда унинг тутқунликдан туриб, 3 июль – синглиси Лола туғилган кунда ëзилган навбатдаги мактуби чоп этилди.

Номаълум блоггер тақдим этади...

“The Russian times” Интернет нашрида ўзини Асқар Қосимов деб атаган блоггер томонидан чоп этилган янгилик “Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ҳаëти ва саломатлиги хавф остида” деб номланади.

Гулнора Каримова ўзининг 42-таваллуд кунини нишонлаган 8 июль арафасида ëзилган бу блог сарлавҳасида иддао қилинган хатар, Гулнора Каримова кундалигидан етиб келган айрим ëзувларга асосланиши айтилади.

Ислом Каримовнинг тўнғич қизини “темир хотин”, кучли ирода ва йўлбошчилик салоҳиятига эга шахс сифатида таърифлаган нотаниш блоггер, яқинларгача Ўзбекистон сиëсий-ижтимоий ва шоу бизнеси марказида бўлиб келган Гулноранинг бугунги аҳволи жиддий хавотирга асос бўлишини таъкидлайди.

Гулнорага нисбатн берилаётган бу расмда, унинг ўз қўриқчилари билан даҳанаки жанги, "бармоқларимни синдирмоқчи бўлишди" деган иддао билан тақдим этилган.
Гулнорага нисбатн берилаётган бу расмда, унинг ўз қўриқчилари билан даҳанаки жанги, "бармоқларимни синдирмоқчи бўлишди" деган иддао билан тақдим этилган.

Шу мазмундаги қисқа тақдимотдан сўнг блоггер, “ишончга молик каналлари орқали етиб келгани” иддао қилинган Гулнора Каримова кундалигидан олинган айрим ëзувларни, ўз гувоҳлигига кўра, нуқта-вергулини ҳам ўзгартирмай тақдим этади; бу мактубга эса, Гулноранинг махсус қўриқчилар қуршовида қолаëтган уйи ва бу қўриқчиларнинг гўë президент қизи бармоқларини синдираëтгани акс этган суратларни илова қилади.

Гулнора Каримовага нисбат берилаётган фотосуратлар, қачон, қаерда олингани ёҳуд, бу суратларнинг сифатсиз бўлгани боис, унда тасвирланган одамлар кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Опанинг сингил туғилган кундаги “дил изҳори”

Бугун 2014 йилнинг 3 июли: катта қизим ва гўëки отамнинг севимли набираси бўлган Имоннинг 16 га тўлганидан бери 13 кун ўтди ва буни ҳеч ким эсламади ҳам", дея гап бошланади бу мактубда.

Президент қизи эканини иддао қилаётган мактуб муаллифи унда, ўзига қарши чиқаётган МХХнинг нуфузли шахслари ишдан четлатилганини инкор қилади. Мактубда иддао қилинишича, президент рафиқаси Татьяна Каримовага содиқ бўлган МХХдаги бу шахслар, гўё президент Ислом Каримовни алдаш учун, "хўжа кўрсинга" ҳибсга олиниб, кейин қўйиб юборилган ва ўз лавозимларига қайтарилган.

Гулнора Каримовага нисбат берилган мактубда, шу пайтгача президент тўнғичи тарафидан онаси Татьяна Каримова ва синглиси Лола Каримова-Тиллаевага қарши билдирилган иддаолар такрорланади.

Лола ва эри Тимур Тиллаев Ўзбекистонга ноқонуний тарзда товар олиб кираётганлари, Абу Саҳий савдо комплексидан кунига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда олишлари ва шу каби бошқа айбловларни инкор қилиб, Гулнора Каримовани "тухмат қилгани" учун судга бериш билан таҳдид қилган.

"Гулнора Каримова томонидан мен ва менинг турмуш ўртоғим Тимур Тиллаевга нисбатан ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида диффамация, бўхтон ва пўписалар тарқатилаётганлиги, бизга ҳуқуқшуносларимиз билан маслаҳат бошлаб, Гулнора Каримовага қарши судга даъво қилиш каби қонуний чораларни қўллаш имкониятини кўриб чиқишдан ўзга чора қолдирмаяпти", дея баёнот тарқатган эди Лола Каримова-Тиллаева ўтган йилнинг декабрида.

Сингилнинг опага қилган бу огоҳлантируви амалга кўчганми, йўқми Озодликка маълум эмас.

Мактуб давомида ўзини Гулнора Каримова деб атаётган муаллиф, ҳамиша эзгулик учун курашиб келганини ҳам иддао қилади.

Гулнора Каримованинг ўз қўли билан ëзгани иддао қилинган бу мактуби Озодликка йўлланган эди.
Гулнора Каримованинг ўз қўли билан ëзгани иддао қилинган бу мактуби Озодликка йўлланган эди.

"Мен ҳамиша ëруғликнинг қоронғуликдан, ҳақиқатнинг ëлғондан, қўшувнинг айирувдан кучлироқ ва устун экани, ëлғоннинг ҳамиша фош бўлишига ишонганман. Мен ҳамиша бир умр кўзимга ëпишган пушти кўзойнакни олиб ташлашни истадим... максималистманда. Отам мени Дон Кихот сифатида кўришни истаган эмас – қулай келиб қолганида доим мени уришарди. Бугун эса мен - ҳақиқатан ҳам масхарага айландим", дея нолийди мактуб муаллифи.

Гулнора Каримова¸ бу суратни ўз туғилган куни арафасида қўриқчилик янада кучайтирилганига далил сифатида тақдим этган.
Гулнора Каримова¸ бу суратни ўз туғилган куни арафасида қўриқчилик янада кучайтирилганига далил сифатида тақдим этган.

“8 июль кунги туғилган кунимга нисбатан пўписалар мени ëзишга мажбурлади” деб иддао қилган мактуб муаллифи, “ҳозир кечаëтган воқеаларнинг ҳаммаси (аслида қарийб икки йилдан бери) аниқ ишланган режа асосида бормоқда”, дея таъкидлайди. Ўзини президентнинг тўнғич қизи деб атаган мактуб муаллифининг иддаосича, ўзининг бу бўлаëтганларга нисбатан, кутилгани каби жим қолмагани, кўп нарсани қориштириб юборган.

Uzmetronom Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканини инкор этди

Ўзини уй қамоғида қолаëтган Дон Кихот деб тақдим этган Гулнора Каримова кундалигидан олингани иддао этилган бу “The Russian Times” Интернет нашрида пайдо бўлиши билан кетма-кет, Гулнора Каримованинг мамлакатни тарк этгани иддао қилинган хабар пайдо бўлди. Uzmetronom сайти ўз ишончли манбаларига таяниб, 8 июль куни 42 ёшга кирган Каримова "туғилган кунини Болтиқбўйи давлатларидан бирида азиз дўстлари даврасида нишонлаяпти" деб ёзди.

“Шу пайтгача бу манбадан олинган маълумотларнинг барчаси тўғри чиққан. Бу бизнинг жуда ишончли манбамиз”, деди 8 июль куни Озодлик мухбири боғланган Uzmetronom бош муҳаррири Сергей Ежков.

“Гулноранинг Тошкент билан яқин алоқага эга Латвияда экани”ни тахмин қилган Ежков “Каримова Ўзбекистонни анча олдин тарк этгани ва ҳатто, ҳеч қачон уй қамоғида бўлмагани”ни ҳам иддао қилдики, Озодлик ихтиëрида бир-бирига мутлақ тескари бўлган бу иккала иддаодан бирортасини на бевосита тасдиқлаш ва на инкор этиш имкони ҳозирча бор.

"Уй қамоғи"дан дараклар

Бундан аввал Туркия, Британия ва АҚШ нашрлари, хусусан, Озодликка ҳам, ошкор этилмаëтган каналлар орқали мактуб йўллаган Гулнора Каримова, ўзининг 2013 йил охиридан бери уй қамоғида сақланаëтганини иддао қилмоқда.

Гулноранинг "қамоқ"дан чиқарган суратларидан бири.
Гулноранинг "қамоқ"дан чиқарган суратларидан бири.

Айни пайтда, Гулноранинг 21 яшар ўғли Ислом Каримов Россиянинг "РенТВ" каналида 21 июнь куни кўрсатилган интервьюсида онаси ва бетоб синглисининг “норасмий уй қамоғида” экани, у билан олти ойдан буён кўришмаганини маълум қилди ва бобосига мурожаат қилиб, тиббий ëрдамга муҳтож онаси ва синглисининг Ўзбекистондан чиқиб кетишига изн беришни сўради.

Ўз тақдирининг бундай кескин ўзгариши учун онаси Татъяна Акбаровна, синглиси Лола Каримова, куëви Тимур Тиллаев, шунингдек МХХдаги биринчи шахс, хусусан, ака-ука Шарифхўжаевларни айблаб келаëтган Гулнора, отасининг молиявий-бизнес ҳамкорлардан тузилган ана шу гуруҳ томонидан алданаëтганини таъкидламоқда.

Гулнора уйида, унинг шериклари эса қамоқда...

Швейцария, Швеция ва Францияда коррупция ва пул ювиш жиноятларида гумонланаëтган Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги бизнес империяси ва сиëсий нуфузи 2013 йил сентябрида синдирила бошланди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 17 февраль куни Гулнора Каримованинг фуқаровий эри ва асосий молиявий шериги деб кўриладиган Рустам Мадумаров, яқин ëрдамчиси Гаяне Авакян ва Екатерина Клюева каби ўнга яқин одамга оғир молиявий жиноятлар бўйича жиноят иши очилганини эълон қилди.

Ҳозирча бу жиноят ишлари тергови қайси босқичда экани номаълум қолмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG