Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган Шоира Содиқбекова Ҳаж зиёратига бориш учун 2007 йилда навбатга ёзилгани, йилдан-йилга навбати яқинлаш ўрнига узоқлашиб бораётганидан шикоят қилди. Аёлнинг айтишича, бу йил унга маҳалласидаги рўйхатда 148-ўринда экани, йилига фақат бир киши юборилишини айтишган. 60 яшар онахон зиёратга боришдан умидини узганини айтмоқда.
Ҳокимиятнинг темир дафтари
Тошкент шаҳри Учтепа туманида истиқомат қиладиган 60 яшар Шоира Содиқбекова 2007 йилда маҳалла қўмитасига бориб, навбатга турганлар рўйхатида 28-ўринга ёзилганини хотирлайди:
- 2007 йилда маҳаллада биринчилар қаторида ёзилганман. Орадан икки йил ўтиб, маҳаллага чиқасам: "Сиз 146-ўринда турибсиз", дейишди. Эътироз билдирсам: "Сизгача одамлар ёзилган рўйхат бор эди, ўша рўйхатда сиз 146-ўриндасиз, қачон навбатиз келса, борасиз", дейишди. Ўша пайтда шаҳар ҳокимиятига ҳам чиқдим. Ҳаж ишлари бўйича бўлимида ишлайдиган Бахтиёр, деган йигит бор экан: "Навбатингиз қачон келса, шунда борасиз", деди. Мана бу йил қизиқиб, бориб сўрасам: "148-навбатдасиз, ҳокимиятдан темир дафтар беришди, шундан кўчириб ёздик", дейишди, - деб нолиди Шоира Содиқбекова.
Пора билан Ҳажга кетганлар
Содиқбекова йиллар давомида Ҳаж зиёратига бориш йўлларини ахтаргани ва охир-оқибат, "пора берилмаса, зиёратга бориб бўлмас экан" деган хулосага келганини таъкидлайди. Унинг иддао қилишича, пора бериб, зиёратга навбатсиз ёки навбатдан олдин кетган бир неча одамни шахсан танийди:
- Мен уларнинг исмини айтолмайман, мендан ҳафа бўлишади. Мисол учун, мендан Ҳажга бориш учун нима қилиш керак, деб сўраган аёлга навбатга ёзилишни ўзим айтган эдим. У пайтда мен навбатга ёзилганимга 2 йил бўлган эди. Мана шу аёл бу йил кетди. Ўғиллари юқори лавозимларда ишлар экан. Жўнатишибди. Мен шу конкрет ҳолатлар бўйича Дин ишлари қўмитасига борсам: "Бизга ҳокимият кимни номини берса, ўшаларни жўнатамиз", дейишди. Мен пора бериб Ҳажга боришни истамайман, ибодатингиз қабул бўладими унда?! - деди тошкентлик пенсионер Шоира Содиқбекова.
Маҳаллаларда навбат узун
Ўзбекистонда Ҳаж зиёратига боришни истовчилар доимий рўйхатдан ўтган манзилдаги маҳалла қўмитасига учрашиши ва у ерда рўйхатга ёзилиши лозим.
Республикада 10 мингга яқин маҳалла бор ва Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳар бир маҳаллага бир киши, баъзиларига эса ярим киши тўғри келишини тан олган:
- Ҳар бир маҳаллага, туманга ўзининг тақсимоти бор. Баъзи маҳаллада икки йилда 1 киши бориш керак. Лекин, Қорақалпоғистон, Хоразмга ўхшаган чекка томонларда 10 та маҳалладан бир киши бораман, деб ариза ёзади. Марказ ва водий томонларга келаверсан, талабгорлар кўп, - деди "Озоджавоб" эшиттиришига маълумот берган шайх Абдулазиз Мансур.
Шоира Содиқбекова эса йилига фақат бир зиёратчи жўнатиладиган маҳаллада истиқомат қилади:
- Маҳалламизда айтишди, йилига бир кишидан кетади, деб. Мен 148-ўринда бўлсам, унда 148 йилда навбат келаркан-да. Ҳатто, касаллигим важидан ҳужжатларимни олиб бордим, имтиёз бўлармикин, оёқда юриб турганимизда боришга рухсат беришармикин, деб. Лекин, рухсат беришмади. Ҳозир умидимни буткул узганман... (йиғлайди) Ахир, инсон 148 йил яшамайди-ку, - деди йиғидан овозлари бўғилган онахон.
Қуйида тошкентлик онахон билан суҳбатни тингланг:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Навбатдагилар умидини узмасин
Шоира Содиқбекова мурожаати борасида Дин ишлари бўйича қўмитадан аниқ расмий жавоб олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси: "Опамиз ҳужжатларини олиб, бизга келсинлар, кўриб чиқамиз", деган умумий жавоб билан чекланди.
Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур эса бу мурожаатга жавобан Содиқбекованинг 148 йил навбат кутишига тўғри келмаслиги, боиси, навбатда турганларнинг ҳаммаси ҳам Ҳаж зиёратига боришга тайёр эмаслигини таъкидлади:
- 148-йил навбат кутаманми, деяпти. Йўқ, унақа эмас. Бу ерда бир нарса бор-да. Ёзилганларнинг ҳаммаси ҳам ёши катталар эмас, ёш-ёш одамлар ҳам ёзилиб қўяпти, шунинг учун навбат 100тадан ошиб кетяпти. Лекин, агар ҳозир ҳар бир маҳаллага, 50 тадан одам беринглар, деса, 50 та одам чиқмайди, боришга тайёрман, деган. Бу аниқ гап. Шунинг учун яқинда тақсимотда ҳам ўзгаришлар қилиш, Саудияга борувчилар сонини ҳам 5 ярим мингдан аста-секин ошириш масаласи кўриляпти, - деб жавоб берди шайх Абдулазиз Мансур Озодлик мухбири билан суҳбатда.
Квотадан воз кечилган
Саудия Ҳаж вазирлиги томонидан дунёнинг мусулмон давлатларидаги ҳар 1000 мусулмон учун 1 кишидан квота белгиланган.
30 миллиондан ортиқ аҳолиси, бунинг 93 фоизидан ортиғи мусулмон бўлган Ўзбекистон йилига 27-28 минг кишини Ҳаж зиёратига жўнатиши мумкин.
Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда: “Ўзбекистон ўз квотасини тўлиқ ишлатмаяпти. Бизга киритилган сўров асосида квота ажратилган”, деб маълумот берган эди.
Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси ва Мусулмонлари диний идораси мулозимлари эса мамлакатга Ҳажга боришни истовчилар сонидан келиб чиққан ҳолда 5 минг кишилик квота олингани, мавжуд эҳтиёж бундан ошмаслигини таъкидлаб келадилар.
Ваҳоланки, Ўзбекистонда эса Ҳаж зиёрати учун ҳукумат белгилаган ўта чекланган квота боис, Ҳажга бориш учун ўн йиллаб навбат пойлаётган мусулмонлар бор.