Қўштепаликлар ёпиштирган пахталар Мирзиёевни ҳамон кутмоқда

Қўштепа туманидаги "Истиқлол" фермер хўжалигидаги териб олинган пахтаси чаноқларга қайта елимлаб чиқилган пахтазор.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий ташрифи олдидан Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги пахтаси териб олинган далага қайтадан елимлаб чиқилган пахтазор ҳамон терилмай турибди. Атрофдаги далалар пахтаси тозалаб териб олинган бўлсада, ёмғиру шамоллар таъсирида сифатини йўқотаётган бир ярим гектарлик пахтазор эса ҳамон Бош вазир келишини кутмоқда.

Фарғона вилояти Қўштепа туманининг “Истиқлол” фермер хўжалигининг барча еридаги пахтаси териб олинди.

Айни пайтда пахтазорда қуп-қуруқ ғўзапоядан бошқа нарса кўзга ташланмайди.

Елимланган пахта майдони яқинидаги бошқа далада эса пахта умуман қолмаган.

Лекин фермер хўжалигининг автомобиль йўли ёқасидаги бир ярим гектар пахтазори ҳамон оппоқ бўлиб "очилиб" турибди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OZOD-VIDEO: Ëпиштирилган пахталар ҳамон Бош вазирни кутмоқда

Озодлик 9 октябрь куни бу пахтазорнинг пахтаси териб олинган жойларига 300дан ортиқ одамлар қайта пахта ёпиштириб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.

Мобил мухбир одамлар уч-тўрт киши бир бўлиб бўш чаноқларга пахта елимлаб чиқаётгани тасвирланган суратларни ҳам таҳририятга юборган эди.

Орадан бир ҳафта ўтиб Озодликнинг бошқа мобил мухбири яна ўша жойга бориб Бош вазир келишига тайёрлаб қўйилган далани видео ва суратга олди.

Мобил мухбирнинг айтишича, маҳаллий аҳоли елимланган пахта майдонини топишда мухбирга ёрдам берган:

“Мен одамлардан пахтаси клейланган дала қани деб сўрасам, “ана” деб кўрсатишди. Фақат бу Шаҳартепа қишлоғидан сал ўтиб Шомирза қишлоғи ҳудудида экан. Шу жойгача келганимда атрофда фақат пахтаси териб олинган яланғоч далани кўрдим. Бу эса бир ярим гектардаги чаман бўлиб ётган пахтазор эди”, деди мобил мухбир.

Унинг айтишича, қаттиқ шамолдан пахталар чаноғидан тўкилиб кетмоқда:

“Қаттиқ шамол бўляпти, ёмғир ёғиши кутиляпти, лекин ҳеч ким бу пахтани териб олмаяпти”, деди мухбир.

Елимлаб чиқилган пахтазор "Истиқлол" фермер хўжалигига тегишли.

Озодлик боғланган қўштепалик деҳқонлардан бирининг айтишича, пахтани териш ҳақида ҳали ҳокимиятдан буйруқ бўлмаган:

“Ўзи жуда хунук иш бўлди. Нима кераги бор эди бутун дунёга масхара бўлишни? Ўзи бирор жойда пахта қолмади, ҳаммасини териб олдик. Каналнинг бўйидаги бу даланинг пахтаси эса шамолда ҳар томонга сочилиб кетяпти. Ҳокимлар ҳали ҳам Мирзиёев келади деб кутишяпти, шекилли. Лекин улар Бош вазирга пахта қўяман деб, ўзлари шарманда бўляпти”, деди деҳқон.

(Айни пайтда Озодлик мобил мухбирининг ушбу мавзуда олган олган видеолавҳаси тайёрланяпти ва тез орада эълон қилинади.)

Ўзбекистонда Президент ташрифидан олдин бўшаб қолган пахта чаноқларига яна қайтадан пахта ёпиштириш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган.

2009 йилнинг 16 октябр куни Фарғонага борган Ислом Каримов кўзини пахта мўл-кўллигидан яйратиш мақсадида¸ йўл бўйидаги пахтазорлардан териб олинган пахталар¸ қайтадан чаноққа тикиб чиқилган эди.

Жорий йилнинг март ойида президентнинг Наманганга ташрифи олидан, дарахтларга сунъий гуллар ёпиштириб чиқилган эди.