Навальний Россия бош прокуратурасидаги коррупция ҳақидаги тергов натижаларини эълон қилди

Россия Бош прокурори Юрий Чайка

Россия мухолифати лидери Алексей Навальний бошчилигидаги Коррупцияга қарши кураш жамғармаси Россия Бош прокуратурасидаги коррупция юзасдан ўтказилган журналистик тергов натижаларини эълон қилди. Муаллифлар бош прокурор Юрий Чайка оила аъзолари ва прокуратуранинг бошқа юқори амалдорларини коррупцияда ҳамда “тамагирлик, порахўрлик ва рейдерликка асосланган” бизнес тузимларини йўлга қўйганликда айблайди. Навальнийнинг ўзи мазкур репортажни Коррупцияга қарши кураш жамғармаси тарихидаги энг йирик тергов, дея атади.


Россия ҳокимият тизимидаги коррупцияни фош қилиш билан шуғулланадиган жамғарма 1 декабрь куни эълон қилган журналистик тергов натижаларида бош прокуратура амалдорлари ва уларнинг оила аъзолари йўлга қўйган коррупцион схемалар ҳамда уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқалари фош этилган. Хусусан, 2010 йилда Краснодар вилоятининг Кушчёвская қишлоғида 12 кишини ўлдирган Сергей Цапок бандаси ҳамда М4 “Дон” автотрассасида қатор қотилликларни содир этган “ГТА бандаси”нинг бош прокуратура амалдорлари билан алоқалари ҳақида гап боради репортажда.

Ёзма ва видео шаклда эълон қилинган журналистик терговни Алексей Навальний Коррупцияга қарши кураш жамғармаси тарихидаги энг йирик тергов бўлганини айтмоқда.

Унинг айтишича, тергов учун матераил тўплаш учун жамғарма фаоллари Греция, Швейцария, Иркустк, Краснодар ва Калугага сафар қилишган.

“Биз офшор ҳужжатлари, кўчмас мулк реестрларини ўрганиб чиқдик. 13 йил аввал хусусийлаштирилган кемаларнинг божхона декларацияларини изладик. Ўлдирилган одамлар қариндошларини изладик, бизнеси тортиб олинган одамлар билан гаплашдик. Чайкалар оиласига жиноий схемаларни тузишда ёрдамлашаётган ҳар бир одамнинг таржимаи холини ўрганиб чиқдик”, дея ёзди мухолифатчи ўзининг шахсий блогида.

Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси Россия Бош прокуратураси раҳбариятининг дарҳол истеъфога кетишини ҳамда идора раҳбари Юрий Чайка ва унинг ўғиллари Артём ва Игорга нисбатан “кенгқамровли аксил-коррупцион тергов” ўтказилишини талаб қилди

Россия ҳокимияти вакиллари Бош прокуратура тизимидаги коррупция тўғрисида Навальний жамғармаси илгари сурган иддаоларни изоҳлаганича йўқ.

Октябрь ойида Алексей Навальний бошчилигидаги Коррупцияга қарши кураш бошқармаси Россия ҳукуматининг яна бир амалдори – Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг 18 миллион АҚШ долларига тенг ҳашаматли ҳовлиси тўғрисидаги журналистик тергов хулосаларини эълон қилган эди.