“Мамлакатимиз терроризмга қарши кураш исломофобияга айланиб кетмаслиги ва ислом дунёси билан ошкора ёки хуфёна зиддият шаклини касб этмаслиги керак, деб ҳисоблайди”.
Бу Ўзбекистоннинг позицияси эканлиги ва у ҳақда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг яқинда бўлиб анжуманида гапирилгани 9 декабрь куни маълум бўлди.
Шу куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти ЕХҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Сербия пойтахти Белградда ўтган 22- мажлисида Ўзбекистон делегацияси етакчиси сўзлаган нутқ матнини эълон қилди.
Ўзбекистон делегацияси етакчиси, ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилёр Ҳакимов 3-4 декабрь кунлари бўлиб ўтган мажлисда қилган чиқишида ЕХҲТга аъзо давлатлар делегациялари эътиборини уч муаммога қаратишга ҳаракат қилган.
Ўзбекистон делегацияси фикрича, жаҳон бўйлаб радикализм, терроризм, экстремизм ва наркотрафик таҳдидлари кучайиб, зиддият ва қарама-қаршиликлар кўлами ортиб бормоқда.
Марказий Осиё хавфсизлиги учун эса, Афғонистондаги тобора кучайиш тенденциясига эга беқарорлик таҳдид солмоқда.
“Ўзбекистон ҳар қандай жиддий қарама-қаршилик ва тўқнашувларни халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларига оғишмай риоя қилган ҳолда фақат сиёсий йўллар ва тинч воситалар билан ҳал қилиш мумкинлигига қатъий ишонади”, деган Ўзбекистон вакили.
У, шунингдек, экология масалаларига ҳам тўхталиб, яна Орол муаммосини тилга олган ва бу масалани қўшнилари билан йиллардан буён давом этиб келаётган сув-энергетика масалаларидаги позициялар зиддиятига бурган.
Ўзбекистон вакилининг фикрича, Амударё ва Сирдарёда ва унга туташувчи ирмоқ дарёларда тўғонлар ва ГЭСлар қуриш минтақадаги “сув - экология мувозанатининг бузилишига, Орол муаммосининг кучайишига, минтақанинг экологик хавфсизлигига путур етишига олиб келади”.
Ўзбекистон делегацияси етакчиси сўзлаган нутқнинг учинчи йўналиши диний эътиқод ва бу соҳадаги сиёсат билан боғлиқ ва уни деярли тўла келтирамиз:
“Минтақавий ва глобал даражада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун толерантлик, ўзаро тушуниш ва маданий плюрализм мафкурасини шакллантириш ва илгари суриш муаммоси алоҳида долзарблик касб этмоқда.
Ўзбекистон асрлар давомида яхшилик ва тинчликка интилиш, миллатлараро ва динлараро муносабатларда тоқатли бўлиш, кишиларнинг ирқи ва эътиқодларидан қатъиназар ўзаро ҳурмат ва муроса каби абадий қадриятларнинг кишилар онгида мустаҳкамаланиши тарафдори бўлган маърифатли Исломнинг марказларидан бири бўлиб келган.
Мамлакатимиз терроризмга қарши кураш исломофобияга айланиб кетмаслиги ва ислом дунёси билан ошкора ёки хуфёна зиддият шаклини касб этмаслиги керак, деб ҳисоблайди”, деган Ўзбекистон делегацияси етакчиси, ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилёр Ҳакимов ЕХҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 3-4 декабрь кунлари Белградда бўлиб ўтган мажлисида қилган чиқишида.
Ўзбекистон делегацияси етакчиси ЕХҲТ юксак минбарида туриб ирод этган нутқнинг диний эътиқод ва бу соҳадаги сиёсат билан боғлиқ қисмида айтган гаплари мамлакат ичида олиб борилаётган сиёсат билан зиддиятга киришмайдими?
Мана сўнгги 2 – 3 ойда Озодлик ёритган батафсил хабарларнинг сарлавҳалари:
“Тошкентда "кийиниш маданияти"ни бузган рўмоллилар имзоси йиғиляпти”,
“Тошкентдаги туғруқхоналарда ҳижоб ёки рўмол ўраган аёллар ишдан бўшатилмоқда”,
“Рўмол ечтириш кампанияси Андижонга кўчди”,
“Фарғона бозорларида томоқ тагидан ўралган рўмоллар ечтирилаяпти”,
“Намозхон: Имом оқ дўпписини ечмаганлар масжиддан ҳайдалишини айтди”
Бу сарлавҳалар замирида ётган сиёсат ҳам Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилёр Ҳакимов тасвирлаган Ўзбекистонда, яъни “асрлар давомида яхшилик ва тинчликка интилиш, миллатлараро ва динлараро муносабатларда тоқатли бўлиш, кишиларнинг ирқи ва эътиқодларидан қатъиназар ўзаро ҳурмат ва муроса каби абадий қадриятларнинг кишилар онгида мустаҳкамаланиши тарафдори бўлган маърифатли Исломнинг марказларидан бири бўлиб келган”, Ўзбекистонда олиб борилаяптими ёки бошқа юртдами?