Сергелида қурилажак ерусти метросининг дастлабки устунлари ўрнатилди

Тошкент шаҳри Сергели туманида қурилиши режалаштирилган ерусти метросининг дастлабки устунлари ўрнатилди. Ерусти метросининг илк устунлари туманнинг бешинчи мавзесида иншоот этила бошлади. Йилига 14 миллион йўловчига хизмат қиладиган 7,1 километр узунликдаги ерусти метроси 2020 йилгача қуриб битказилиши режаланмоқда. 3 феврал куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сергелидаги метро қурилишини бориб кўрди.

Шу йил январь ойидан эътиборан метро учун йўл очиш ҳаракатлари бошланиб, йўналишдаги баъзи иншоотлар бузила бошлаган эди. Эндиликда метро йўналиши бўйлаб ўрнатилажак устунлар учун темирбетон “ёстиқлар”ни (пойдеворларни) ва устунларни барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.

Пойтахтнинг Сергели туманида ерусти метроси қурилиши ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 25 сентябрь куни туманга қилинган сафар чоғида билдирилган эди.

Ўшанда мазкур метронинг узунлиги 8 километрдан ортиқроқ масофани ташкил этиши, қурилиш ишлари 4 йил мобайнида олиб борилиши ҳам маълум қилнган эди. Қурилиши бошланган метро йўналиши Сергели туманидаги Чоштепа, Мирзо Турсунзода, Қипчоқ кўчаларидан “Йўлдош” даҳасидаги Мардлик кўчасигача бўлган ҳудуддан ўтиб, жами олти бекатдан иборат бўлиши лойиҳалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 5 январь куни эълон қилинган “Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорида айтилишича, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати жами 170,1 миллион долларни ташкил қилиши, қурилиш ишлари эса 2020 йилда якунланиши режалаштирилган.

Ушбу қарорга кўра, лойиҳа қийматидаги 70,1 миллион доллар - Ўзбекистон давлат бюджети, 35,1 миллион доллар - республика Реконструкция ва ривожланиш Жамғармаси, қолган 64,9 миллион доллар эса – “мамлакат қонунчилигида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланиши” кўзда тутилган.

Лойиҳани самарали амалга ошириш бўйича асосий жавобгарлик “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига юклатилган.

Сергелидаги қурилиш ишлари сабаб бир қанса эски уйлар бузилиши, уй эгаларига янги қурилажак турар жойлардан квартира ажратилиши билдирилганди.

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели тумани, Спутник даҳасида жойлашган барак уйлар ўрнига кўп қаватли турар-жой бинолари қуришга ваъда берган эди.

Ушбу режага мувофиқ, келгуси йилдан бошлаб беш йил ичида Сергели туманида 500 та кўп квартирали турар-жой қурилиши лозим.

Айни режа амалга ошса, туманда 30 минг аҳолини янги квартиралар билан таъминлаш мумкин.