Иссиқкўл вилоятининг Ўрнак қишлоғида 10 кундан бери спиртли ичимликлар сотилмаяпти.
Қишлоқдаги дўконлардан бирининг эгаси Майрамбек Ақилбековнинг айтишича, қишлоқда ароқ сотмаслик ташаббуси маҳаллий масжид жамоати томонидан кўтарилган.
-Жамоатдан келишиб,:”Ароқ сотмайлик, одамлар ароқ ичиб ўлиб қолаяпти”, деб айтишди. Масжид жамоати келиб шундай дегандан кейин биз қарши чиқармидик. Қарши бўлсак, одамлар:”Сен нима, қишлоқдан ташқарида яшайсанми?” деб айтишлари мумкин эди. Ароқ сотмай қўйганимиздан бери дўконларда савдо ҳам озайиб кетди, -деди Майрамбек Ақилбеков.
Унинг айтишича, ҳеч ким уни ва бошқа дўконларнинг эгаларини “Ароқ сотмайсан”, деб мажбур қилмаган. Маҳаллий жамоат таклиф киритган, дўкондорлар бунга ўз хоҳишлари билан розилик билдирган.
Ўрнак қишлоғи имоми Муслим Норматов дастлаб бу ташаббус номозхонлар ва маҳаллий ёшлар томонидан масжидда муҳокама қилинганини айтди:
-Дўкончилар магазинларида қолган ароқларни сотиб тугатишга имконият беришларини сўрашди. Шунда масжид жамоаси пул тўплаб, барча спиртли ичимликларни сотиб олди ва тўкиб ташлади. Ҳеч ким дўкончиларни бу ишга мажбурламади. Улар тушунтириш ишларидан сўнг ўзлари бунга рози бўлишди, -деди имом.
Бироқ қишлоқ раҳбари Хамза Мамбеталиев аҳоли орасида дўконларда ароқ сотилмай қўйилганидан норозилар ҳам борлигини айтди. Унга кўра, норозилар озчиликни ташкил қилгани учун ҳам кўпчиликка бўйсунишга мажбур бўлмоқда. Ароқ ичадиганлар эса қишлоқдан уч километр наридаги бошқа ҳудудда жойлашган дўконларга боришга мажбур бўлмоқда.
Қирғизистоннинг қатор қишлоқларида маҳаллий аҳоли ташаббуси ортидан спиртли ичимликларни сотиш тақиқланган.
“Спиртли ичимликлардан ҳоли ҳудуд”, деб эълон қилинган қишлоқларни Ўш вилоятининг Қорасув ва Новқат, Жалолобод вилоятининг Сузоқ ва Бозорқўрғон туманларида кўплаб учратиш мумкин.
Бундан аввалроқ, ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида Новқат туманидаги Қирғизота қишлоғида ҳам спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди.
“Тақиққа қарамай, ароқ сотадиган дўкондорларга 100 минг сўм (тақрибан 1450 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида жарима солинади. Бу маблағ масжид ва болалар боғчалари муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилади. Спиртли ичимлик сотишга қўйилган тақиқ оилалардаги вазиятни яхшилашга хизмат қилади ва ёшлар тарбиясида ижобий акс этади”, деб билдирган Қирғизота қишлоғи ҳокими Бақитбек Марипов.