Туркиядан қайтгач, 27 сентябр куни Тошкент аэропортида ушланган ва Тоштурмага ташланган ëзувчи Нурулло Отахонов қўйиб юборилди. Ўғли Файзулланинг хабар қилишича, ёзувчини "Яшнобод туман ИИБ бошлиғи хизмат машинасида уйига олиб бориб қўйган". Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ ёзувчига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов давом этаётганини билдирди.
Ёзувчи қўйиб юборилди
Отаси ушланганидан буён ёзувчининг Facebook тармоғидаги саҳифаси орқали хабарлар қолдираётган ўғли - Файзулла Отахонов 1 октябр куни оқшом отаси қўйиб юборилгани ҳақида хабар қолдирди.
"ХУШХАБАР!!! Ҳозиргина уйдан хабар келди. Дадамларни аэропортдан кишанланган ҳолда олиб борилган Яшнобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўзининг хизмат машинасида Тоштурмадан чиқариб эшигимиз тагига қўйиб кетган. Ҳозир уйимизда хурсандчилик! Яқин ораларда дадамларни ўзлари баёнот берадилар, иншааллоҳ", деб ёзди Файзуллоҳ.
Файзуллоҳ Отахоновнинг ёзишича, "бундан кейин нима бўлади ҳозирча маълум эмас, ҳеч қандай тушунтириш берилмаган".
Озодлик мухбири билан қисқагина гаплашган ёзувчи тез орада батафсил интервью беришини билдирди, интервью учун сайтимизни кузатиб боринг!
Тошкент ИИББ: Адиб қидирувда бўлган
Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ёзувчи озод этилганидан бироз ўтиб баёнот берди ва қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов давом этаётганини билдирди.
Мулозим пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда ёзувчи Нурулло Отахоновнинг қўлга олинганига изоҳ бериб, адибнинг жорий йил 11 май куни қидирувга берилганини маълум қилган:
«Отахонов Нуруллога нисбатан 11 май куни 159-модда бўйича [Жиноят кодекси — Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш] жиноий иш қўзғатилди. Мазкур жиноий иш бўйича қатор тергов ҳаракатлари амалга оширилди ва унга нисбатан 159-модда 1-қисм, 244-модда 3-қисм „г“ банди бўйича сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш кўринишидаги чора танланган ва қидирув эълон қилинган», деди Тошхўжаев.
Мирзиёевнинг четдан қайтган илк ватандоши
Нурулло Отахонов президент Мирзиёевнинг “четдаги ватандошлар Ўзбекистонга қайтсин” деган чақириғидан руҳланиб¸ Ўзбекистонга биринчи бўлиб қайтган ва қайтиши биланоқ ҳибсга олинган илк таниқли шахсдир.
У Истанбулдан Тошкентга қайтгач, аэропортда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан хибсга олинди ва қўлдаги кишанлари билан милиция бўлимига олиб кетилганди.
Терговчиларнинг сўзларига қараганда, Отахоновнинг ушланишига унинг “Бу кунлар” китобидаги ғоялар сабаб бўлди. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси хулосасига кўра, китобда «экстремистик» ғоялар мавжуд.
Адибнинг ҳибсга олингани ўзбекистонлик зиёлилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кескин қораланди. Бу ҳодиса ҳақида берилган баёнотлар ва баҳсу мунозаралар билан мана бу линкда танишишингиз мумкин.
Нурулло Отахонов ижоди
Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган.
Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. “Йўл бошида” “Дунё кенг”, “Шу ерлик киши” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали танилди.
Ëзувчининг севги мавзусидаги “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб топилган эди.
Ушбу ҳикоя асосида “Оқ бино оқшомлари” бадиий филми суратга олинган. Ёзувчи турк, гуржи, хитой ва рус адабиётидан бир қатор асарлар таржима қилган. Жумладан, ёзувчи Темур Пўлатовнинг “Тарозий тошбақаси” (“Черепаха Тарази”) романи ҳамда “Шинаванда” (“Завсегдатай”) қиссаси ҳам Отахонов таржимасида ўзбек китобхонига етиб борган ëзувчи кейинги 25 йил мобайнида “Ёшлик” (Бўлим мудири), “Муштум” (Масъул котиб), “Шарқ юлдузи” (Бўлим мудири), “Ҳидоят” (Бош муҳаррир) каби турли журналларда ҳамда “Мовароуннаҳр” нашриётида (Бош директор) ишлаб келган.
Отахоновнинг “Озодлик”ка айтишича¸ 2013 йил охирида очиқ айтилмаган сабабларга кўра бирдан “Мовароуннаҳр" нашриёти Бош директорлиги ҳамда “Ҳидоят” журнали Бош муҳаррирлигидан бўшатилган ва шунинг ортидан иқтидор учун исталмаган кишига айланган.