Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Ғaфур Раҳимов Вашингтон ва Лондондаги адвокатларидан ўзига қўйилган санкцияни қайта кўриб чиқиш талаби билан АҚШ Молия вазирлигига мурожаат қилишни сўради.
Бу ҳақда Ғaфур Раҳимов муваққат президенти бўлган АIBA - Халқаро бокс ассоциацияси ўз расмий сайтида эълон қилди.
АIBA баёнотига кўра, Ғaфур Раҳимов Вашингтон ва Лондондаги адвокатларидан санкция қўлланилган махсус шахс ва гуруҳлар рўйхатидан ўз номини олиб ташлаш учун чет эл активларини бошқариш бўйича АҚШ Офисига (ОFAC) мурожаат қилишни сўраган.
Халқаро бокс ассоциацияси расмий сайтида эълон қилинган баёнотда жумладан:
“Бу жаноб Раҳимовнинг ўз номи ва обрўсини оммавий ахборот воситаларидаги асоссиз айбловлардан тозалашга қаратилган шахдам қадамларидан биридир. Жаноб Раҳимов ўз баёнотида оммавий ахборот воситаларида унинг жиноий уюшмалар билан алоқалари борлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини исботлайдиган энг яхши ҳуқуқшуносларнинг хизматларини сақлаб қолганини айтади”¸ дейилади.
Раҳимовнинг адвокатларига кўра, ўзларининг мижозига қарши “ўз вақтида сиёсий таъқиблар ҳам уюштирилган”.
Баёнотда Ғaфур Раҳимовнинг қуйидаги сўзлари келтирилган:
“Мен ҳеч қачон уюшган жиноий гуруҳ билан алоқадор бўлмаганман ҳамда мен ҳеч қачон ҳеч қандай жиноятларда айбланмаганман. АҚШ Молия вазирлиги босими давом этаётган бўлсада, мен АIBA бошқаруви ва молиявий барқарорлигини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларимни давом эттираман. Мен боксни яхши кўраман. АIBA ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтади ва менга қарши асоссиз айбловларга қарамай, ҳаётимни спортга бағишлашда давом этаман”.
Ғафур Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига илк бор 2012 йилнинг 23 февраль куни "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиларидан бири сифатида киритилган эди.
"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ деб ëзилган АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида 2013 йил 30 октябрида эълон қилган ҳужжат матнида.
Айни шу санада АҚШ Молия вазирлиги Ғафур Раҳимовга алоқадор деб кўрилган яна олти шахс ва тўрт ширкатга нисбатан жазо чоралари жорий қилган эди.
Бу рўйхатга номлари киритилган шахс ва ширкатларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатилган ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлиги тақиқланган.