Ўтган йилнинг ноябрида ўз фаолиятини тўхтатган “Хоразм шакар” заводи акциялари 14,2 миллиард сўмга сотилди. 20 сентябрга белгиланган йиғилишда завод номи ўзгартирилиб, унинг қачондан бошлаб ишга тушиши маълум бўлади. Заводнинг 1500 ишчисидан, ҳозирда 70 киши қолган.
Завод 14,2 млрд сўмга баҳоланди
Жорий йил 12 сентябрь куни “Хоразм шакар” қўшма корхонаси акциялари 14,2 миллиард сўмга сотилди.
Бу ҳақда хабар қилган “Тошкент” Республика фонд биржаси маълумотига кўра, завод акцияларининг 99,4 фоизини тошкентлик А.Р.Тошев исмли шахс сотиб олган. Акцияларнинг қолган 0,6 фоизи кимга тегишли экани очиқланмади.
“Хоразм шакар”нинг янги эгасига айланган А.Р.Тошев ҳақида Озодликда ҳозирча бирор маълумот йўқ.
Фонд биржа хабарига кўра, Тошев Тошкент шаҳрининг "Тадбиркор" кўчаси, 72-уйида яшайди.
Завод номи ўзгартирилади
“Хоразм шакар” расмий сайтига жойланган эълонга кўра, 20 сентябрь куни ўтказиладиган акциядорлар йиғилишида завод номини ўзгартириш режаланган.
Заводнинг Тошкентдаги бош маъмурий биносида ўтадиган йиғилишда шунингдек, янги устав, янги ташкилий тузилма ҳам тасдиқланиши кутилмоқда.
Завод ишчиларининг 95%и бўшади
Ўтган йилнинг ноябрида ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган “Хоразм шакар” дастлаб ишчиларини ўз ҳисобидан икки ойлик таътилга жўнатди. Жорий йил январига келиб, мажбурий таътил 10 апрелгача узайтирилди.
“Хоразм шакар”нинг собиқ ишчиларидан бирига кўра, апрелга келиб, таътил яна узайтирилган ва 1 июньдан ишчилар билан тузилган шартнома муддати тугаб, ишчиларнинг 95 фоизи бўшаб кетган:
“Бир нечта раҳбар, ҳисобчи ва қўриқлаш тизими ходимларигина қолди. Жами шу 5 фоизча одам қолган. Заводнинг қолган 95 фоиз ишчиси бўшаб кетди. Ишчиларнинг 40-50 фоизи Россия ва Қозоғистонга ишлашга кетди".
Расмий сайтларида келтирилган маълумотга кўра¸ “Хоразм шакар”нинг 1500 нафар ишчи-хизматчи бўлган.
Заводнинг ёпилиш сабаби
Ўзбекистон Марказий банки 2017 йилнинг 5 сентябрида миллий валюта – сўмни деярли икки баробарга қадрсизлантирди - бунгача бир АҚШ долларининг расмий курси 4210 сўм бўлган бўлса, ўша кундан 8100 сўм қилиб белгиланди.
Ўзбек сўмининг девальвация бўлганидан сўнг бунгача расмий конвертация имтиëзидан фойдаланиб келган¸ фаолияти импорт шартномалари¸ хусусан¸ хориждан хом-ашë олиб келишга алоқадор ширкат ва тадбиркорлар молиявий муаммога учрай бошлади.
Асосий маҳсулотини хориждан олиб келадиган Хоразм ва Тошкент вилоятидаги шакар заводлари ҳам айни муаммога дуч келишди.
“Хоразм шакар” заводи мулозимларидан бири 2017 йилнинг 30 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда завод ёпилишини айнан ўзбек сўмининг девальвацияси билан боғлаган эди.
Шундан сўнг иккала шакар заводи ҳам хориждан хом ашё олиб келишни тўхтатди.
Хом ашё бўлмагач, заводлар ҳам ноябрь ойига келиб ишлаб чиқаришни тўхтатди ва ишчиларини ўз ҳисобидан таътилга жўнатди.
"Ангрен шакар" заводининг кейинги тақдири ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.