Умрбод қамалган фаол Азимжон Асқаровнинг уйи ҳам ҳибсга олинди

Азимжон Асқаров суд жараёнларидан бирида.

Қирғизистон ҳукумати наздида Ўшда 2010 йилда юз берган қирғинга алоқадор бўлгани учун умрбод қамалган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг уйи яна талашга тушди.

Бишкек шаҳар Октябрь туман суди уйни ҳибс қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Суд жабрланувчи сифатида кўрилаётган Чинара Бечеловага белгиланган хун пули тўлаб берилмагани ортидан мана шундай қарор қабул қилди.

Маҳбуснинг рафиқаси Ҳадича Асқарова эса журналистларга икки ой аввал чиқарилган суд қарорини унга эндигина топширишганини, хун пулини тўлаб беришга имконияти йўқлигини айтди.

-Турмуш ўртоғим ҳеч қандай айби бўлмаса ҳам қамоқда ўтирибди. Уни умрбод қамаганлари етмаганидай, энди уйни ҳам ҳибс қилишибди. Мен уларга 175 минг сўм тўлаб беришим керак экан. Мен ўзим пенсионерман, 4 минг сўм пенсия оламан. Эримни ҳам қамаб, уйимни ҳам тортиб олишса, бу одамларда инсоф, иймон, адолат деган нарсалар борми ўзи? - деди Ҳадича Асқарова.

Азимжон Асқаровнинг адвокати Валериан Вахитовнинг айтишича, Азимжон Асқаровга нисбатан очилган жиноят иши доирасида суд унинг Бозорқўрғон туманидаги уйини ҳам 2012 йилда ҳибс қилган эди. Бироқ адвокатлар мазкур уй Асқаровга ота-онасидан мулк бўлиб қолганини ва уйнинг жиноят ишига алоқаси йўқлигини далиллашганидан сўнг, суд Асқаровнинг уйини ҳибсдан чиқарганди.

Қирғизистон ҳукумати 2010 йилги Ўш қирғини деб баҳоланган воқеалар пайтида Азимжон Асқаров Бозорқўрғон туманида қонли воқеаларни уюштирган ва милиция ходими Миқтибек Сулаймоновни ўлдирилишига алоқадор, деб билдириб келади.

Маълум бўлишича, хун пули тўлаб берилмагунига қадар Асқаровнинг уйини қамоққа олиш талаби билан судга Миқтибек Сулаймоновнинг беваси Чинара Бечелова мурожаат қилган.

-Майли, эримни тирилтириб беришсин, ўшанда улардан бир тийин хун пули олмайман, балки ўзим пул бераман. Тўққиз йилдан бери болаларимни ёлғиз ўзим тарбиялаяпман. Мен Асқаровлардан осмондаги ойни сўраётганим йўқ, бор-йўғи суд белгилаб берган хун пулини сўраяпман. Бу пулни ҳам улар 9 йилдан бери беришмади. Агар Асқаровнинг хотини уйни сотиб юборса, мен хун пулини кейин қаердан ундираман? Шунинг учун уйни ҳибсга олдирдим, - деди Чинара Бечелова.

Бишкеклик таниқли ҳуқуқ фаоли, собиқ Омбудсмен Турсунбек Акун эса суд ҳукмини адолатсиз деб ҳисоблайди:

-Ҳукумат томониданми, ижтимоий ҳимоя томониданми ҳар икки аёлга-Чинара Бечеловага ҳам, Ҳадича Асқаровага ҳам моддий кўмак кўрсатишни йўлга қўйиш керак. Мана шунда ўртадаги талаш ва жанжалга барҳам берилади. Бу аёллар эрларининг ҳаракатлари учун азоб тортмасликлари керак. Азимжон Асқаровнинг судларида ўзим иштирок этганман. Унинг айби судда тўлиқ исботланмаган, - деди Турсунбек Акун.

Халқаро ҳамжамият Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдириб, Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ фаолини озод этишга чақириб келади.

2016 йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилгач, Олий суд бу ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган. Аммо суд ҳукмни ўзгартирмаган.

Азимжон Асқаровга 2015 йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

2010 йилдаги Ўш воқеаларида 500га яқин одам ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ одам яраланган ва минглаб уйлар ёндириб юборилган эди.

2010 йилнинг июнида Ўшда юз берган миллатлараро низода, расмий маълумотларга кўра, қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини қирғизлар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида бир рус, бир покистонлик ва бир уйғур ҳам нобуд бўлган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.