Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги 14 сентябрь кунги қарор юзасидан ўнлаб қўшиқчилар шу кунларда ўз ҳавотирини изҳор қилмоқда.
Қарорнинг “битта тўйда икки нафардан ортиқ хонанданинг хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди” деган қисми улар назарида шоу-бизнес индустриясига иқтисодий зарба беради.
Озодлик сухбатлашган қўшиқчиларнинг айтишича¸ қарорнинг бу бандидан “бирровчи” (тўйга қисқа муддатга келиб, биттa қўшиқ айтиб кетадиган -таҳр.) санъаткорлар зиëн кўради.
Юлдузлар нимадан норози?
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг Instagram’даги саҳифасида 18 сентябрь куни пайдо бўлиб, 30 сентябрда олиб ташланган пост тармоқ юзерлари тарафидан улашилди.
Бу постда Рашид Холиқов¸ Жахонгир Отажонов, Фарруҳ Зокиров¸ Зилола Мусаева ва Озода Нурсаидова постерлари қўйилган.
Постерларда олти нафар ижодкорнинг ҳар бири ўша “бирров” ортидан юзлаб одамларни иш билан таъминлашини ëзган.
Хонанда Муниса Ризаева ўзининг Instagram’даги саҳифасида тўй ва маросимлардаги «бирров» хизмати нархи муҳокамаларга сабаб бўлгани учун ушбу фикрларга ўзининг муносабатини билдириб ўтди.
Муниса Ризаеванинг таъкидлашича, у «бирров» хизмати учун оладиган 700 доллар пулдан бир ойда 150 киши фойда кўради.
Тошкентлик хонанда Дилнур Комилов Озодлик билан суҳбатда “Балки жамият учун фойдали бу қарор санъаткор бюджетига зарар бериб ишчи ўринлар камайишига” олиб келишини таъкидлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тўйда эмас, концертда куйласин
Таниқли рок ижрочи Даврон Ғоипов Озодлик билан суҳбатда “қўшиқчилар тўйда эмас, концертларда ўзини кўрсатсин. Тўйлардаги қўшиқчилар сонининг чекланиши ортидан концерт фаолияти ва бу билан бирга хонандаларнинг профессионал мусиқий савиияси юксалиши мумкин” деган фикрни билдирди.
Шоу-бизнес ҳаëти ҳақидаги қатор мақолалар муаллифи¸ санъатшунос Акмал Ризаев Cенат қарори қабул қилинган бўлса ҳам, хужжатнинг чалкаш жойлари соҳа раҳбарлари эътирозига сабаб бўлганига эътибор қаратди:
- 20 сентябрь куни Сенатда ўтган йиғилишда тўй ҳашамларни чеклаш ҳақидаги қарорнинг санъаткорларга оид қисмига “Ўзбекконцерт” директори Одилжон Абдуқаҳҳоров эътироз билдирди. Абдуқаҳҳоров хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Шоҳруҳхон битта гуруҳ сифатида фаолият олиб бориши ва улар тўйда бирга хизмат қилишини мисол қилиб келтирди. Ростдан ҳам шу ҳолатга қарорда аниқлама йўқ. Масалан, дуэт айтадиган қўшиқчини битта деб ҳисоблаймизми ëки иккита?
Қарор қатъий ва уни айланиб ўтишга истисно йўқ
Озодлик бу юзадан Ўзбекистон давлат солиқ қўмитасидан изоҳ олди. Матбуотга гапириш вазифа доирасига кирмагани учун исми айтилишини истамаган мулозимга кўра “Тўйда фақат иккита хонанда қатнашади”:
- Қарорда аниқ-равшан ёзилган. 2 нафар хонанда деб. Ўнта хонандани булар битта лицензия асосида бирлашган гуруҳ деб қарорни айланиб ўтишга йўл қўйилмайди. Музикантлардан ташқари битта соло айтадиган киши хонанда дейилади. Айтайлик, битта хонанда дежур сифатида тўйда бошдан-оëқ хизмат қилса¸ бошқа бир хонанда бирровга келиб хизмат қилиб кетиши мумкин¸ - деди мулозим.
Унинг таъкидича¸ икки нафардан кўп хонанда қатнашган тўй ва тўйхона эгаси жаримага тортилади, санъаткорни лицензиядан маҳрум қилиш ҳақида сўров юборилади:
- Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор 2020 йилнинг 1 январидан кучга кириши белгиланган бўлиб, энди тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини хабардор қилиши шарт.
Тўйни тартибга солиш қийин кечмоқда
Қарорга кўра оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
Мустақил Ўзбекистонда тўйларни тартибга солишга уринишлар тарихи Ислом Каримов даврига бориб тақалади.Бундан 20 йил олдин, 1998 йил, 28 октябрда Президент «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.
Шундан сўнг расмийларнинг бу соҳадаги ҳаракатлари вақти-вақти билан, эсга тушиб кетганда ўтказиладиган кампанияларга айлангани кузатилди.