Пойтахтда 1-батальонни бошқарган Миллий гвардия мулозими Навоийга тайинланди

Миллий гвардия аскарлари (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Тошкент шаҳри Қўриқлаш бошқармасида ишлаган майор Нурмахон Ниёзбеков Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Миллий гвардия Телеграм каналида хабар қилинишича, Н. Ниёзбеков бунга қадар пойтахт Қўриқлаш бошқармаси 1-Алоҳида батальони командири лавозимида ишлаган.

Расмий хабарда, гвардиянинг Тошкентда мулозими нима сабаблар билан Навоийга тайинлангани, Навоийдаги эндиликда собиқ раҳбар нега лавозимидан олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.

Аммо, кейинги пайтларда айниқса Навоий вилоятидан, шунингдек қатор бошқа вилоятлардан, COVID-19 эпидемиясига қарши карантин чоралари назоратини сақлашга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбийлари устидан аҳоли шикоятлари ортгани кузатилмоқда.

Озодликка келаётган шикоятларда, ҳарбийларнинг ниқобсиз ёки мақсадсиз юрган, деб топилган аҳоли вакилларига куч қўллаётгани иддао қилинади.

Мавзуга алоқадор OzodMikrofon: "Ниқобинг йўқ деб Миллий гвардия ҳарбийлари мени бўғди, хушимдан кетдим"

Мавзуга алоқадор OzodTahlilchi: “Ўзини яккалаш” режими қанчалик қонуний?