Австрия полицияси дам олиш кунлари пойтахт Вена яқинида отиб ўлдирилган чеченистонликнинг ўлими сиёсий қотиллик ёки уюшган жиноятчиликка алоқадор эканлигини аниқлаш устида ишламоқда.
Полиция қотилликка алоқадорликда гумонланаётган икки россияликни қўлга олди. Отиб ўлдирилган шахс 43 ёшдаги Россия фуқароси экани, мамлакатга сиёсий бошпана излаб келганини Австрия расмийлари маълум қилди.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, марҳумга Вена яқинидаги Герасдорф шаҳарчасида автомобиль тўхташ жойида 5 марта ўқ отилган.
Австрия полицияси марҳум номини ошкор қилмаган бўлсада, Озодликнинг чечен диаспорасидаги манбаларига кўра, унинг исми Мамихан Умаров бўлиб, Веналик Анзор лақаби билан танилган. Умаров 2005 йилда Австрияга кўчиб борган ва орадан икки йил ўтиб сиёсий бошпана олган.
Чеченистон мустақиллиги учун курашган Мамихан Умаров Чеченистон лидери Рамзан Қодировнинг танқидчиси бўлган.
Австрия полицияси Умаровга ҳимоя таклиф қилинганини, аммо у бу таклифга рози бўлмаганини маълум қилди.
Қотилликдан бир неча соат ўтиб Венадан 200 км масофада жойлашган Линц шаҳрида бир гумонланувчи қўлга олинди. Озодлик у 47 ёшдаги Сарали Астаев эканлигини аниқлади.
Озодлик, шунингдек, полиция қўлга олган иккинчи гумонланувчи 37 ёшдаги Салман Магамадов эканлигини аниқлади. Расмийлар уни бошида гувоҳ ўлароқ кўрган.
Ҳар икки гумонланувчи чеченистонлик Россия фуқароси бўлиб, 2000- йиллар бошида Австрияда сиёсий бошпана олган.
Австрия ҳудудий разведка ҳамда аксилтерроризм агентлиги шов-шувга сабаб бўлган ушбу қотилликни тергов қилмоқда. Агентликнинг етакчиси қотиллик ортида сиёсий мотив ёки ўзаро келишмовчилик турган бўлиши мумкинлигини айтди.
Умаров берган интервьюлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги постларида ўзини собиқ жангчи ҳамда ўз вақтида мустақил Ичкерия Чеченистон Республикаси деб эълон қилинган ҳудуд хавфсизлик хизматларининг собиқ ходими деб атаган.
Марҳум жорий йилнинг февралида ўз YouTube каналини очиб, 30 видео юклаган. Видеоларнинг охиргиси платформага 2 июль куни юкланган.
Чечен тилида ёзиб олинган видеоларнинг аксари якунида Умаров Қодировни, унинг оиласи ҳамда шерикларини ҳақоратлаган. Видеоларнинг бир нечтаси 250 минг мартадан кўп кўрилган.
Умаров чечен қўмондони Адам Осмаевга суиқасд уриниши бўйича Украина расмийлари олиб бораётган терговда муҳим гувоҳ бўлиши кутилаётган эди, аммо у Украинага киритилмади. Осмаев Украина шарқида россияпараст айирмачиларга қарши жанг қилган. 2017 йилнинг октябрида Киев шаҳрида амалга оширилган ҳужумда Осмаевнинг рафиқаси Амина Окуева ҳалок бўлган эди.
Осмаев ва Окуевага қилинган ҳужумдан кўп ўтмай «Радикал партия» миллатчи партияси аъзоси Иҳор Мосийчукга суиқасд уюштирилди. Амалга оширилган портлашда икки киши нобуд бўлди, аммо Мосийчук тирик қолди. Депутатнинг Осмаев ва унинг рафиқасига алоқаси борлиги айтилди.
Умаров Мосийчук билан алоқада бўлган ҳамда бомба ҳужуми ҳақида уни олдиндан огоҳлантирган.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари Қодиров репрессив йўллар билан Чеченистонни бошқариб келаётгани ҳамда мамлакат хавфсизлик кучларига чексиз ваколат берганини айтиб келади. Уларнинг сўзларига кўра, Чеченистон ва хорижда мухолифат вакилларининг ўғирлаб кетилиши, қийноққа тутилиши ва судсиз ўлдирилишига Қодиров замин яратиб берган.
Жорий йилнинг февралида Швецияда чечен блогер Тумсо Абдураҳмонов ҳужумга учради. Абдураҳмонов ҳужумчига қаршилик кўрсатиб, уни расмийларга топширишга муваффақ бўлди. 2019 йилнинг мартида Чеченистон парламентининг раиси Магомед Даудов Абдураҳмоновга қарши уруш эълон қилган эди.
Жорий йилнинг 30 январь куни Қодировни танқид қилиб келган яна бир чечен блогер Имран Алиев Франциянинг Лилль шаҳрида ўлик ҳолда топилди. Унинг танасига 135 марта пичоқ санчилган. Прокурорлар Россияда туғилган шахс гумонланувчи ўлароқ кўрилаётгани, у қотиллик ортидан тезда Чеченистонга қайтиб кетганини маълум қилди.
2019 йилнинг августида эса грузиялик собиқ чечен айирмачи қўмондон Зелимхан Хангошвили Берлинда отиб ўлдирилди. Ушбу ҳолатга алоқадорликда айбланиб, Россия фуқароси қўлга олинган.
Австриянинг Kurier газетасининг хабар беришича, полиция Умаров иши уюшган жиноятчилик ёки чечен уруғлари ўртасида келиб чиққан келишмовчиликка алоқадор бўлиши мумкин, деган қарашни ҳам кўриб чиқмоқда.
Газета хабарида ёзилишича, Умаровнинг Австрияда баъзи жиноятларга алоқаси борлиги ҳам қайд этилган. 2017 йили ноқонуний тарзда қурол-аслаҳага эгалик қилишда айбланиб қўлга олинган 22 нафар чечен орасида Умаров ҳам бўлган.
Марҳумнинг товламачилик ҳамда суғурта бўйича фирибгарликка ҳам алоқаси борлиги айтилди. Умаров 2019 йилнинг ёзига қадар қамоқда бўлган.