Москванинг Сахарово депортация лагерида 7 ойдан буён ётган ўзбекистонлик Искандар Раҳимовнинг айтишича, у бир тожикистонликнинг паспорти асосида судланиб, ушлаб турилибди.
Россия маъмурлари Ўзбекистон элчихонасидан Искандар Раҳимовнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар келганини тасдиқласада, “уни фақат суд қўйиб юбориши мумкин” демоқда.
24 яшар наманганлик Искандар Раҳимов 2020 йилнинг 28 январида Москва вилоятининг Александров шаҳридан Россия пойтахтига иш излаб келади.
Искандар иш берувчи билан Москва метросининг Таганка станциясида учрашишга келишади.
Метро станциясига келган ўзбек муҳожири полиция ходимлари томонидан паспорт текшириш важи билан тўхтатилади. Ундан кейин бўлган воқеани Искандарнинг ўзи бундай тасвирлаб берди:
- Бир тожик бола билан у ерда танишиб қолиб, гаплашиб турган эдик, мелиса келиб паспорт сўради. Тожик бола шустрийлик қилиб, курткаларини ташлаб, қочиб кетворди. Ман уларга ўзимнинг паспортимни бердим, улар “Сени даннийларинг бу ерда чиқмаяпти- хонага бориб текширамиз!”, деди. У ерда учта эркак ўтирган экан - нарсаларни текшириб, курткадан тожик боланинг паспортини топди. Улар телефонимни, ҳамма нарсаларимни текшириб, “Отделга олиб борамиз, бармоқ изи оламиз, бўлди - шаҳринга қайтиб кетаверасан”, деди.
Москванинг Мешчанский туман полициясининг 4-бўлимига Искандарни келтирган полициячи ўзбек муҳожирини “Бугунга мени планим битди!” дея бошқа полиция ходимларига топшириб кетган:
- У ерда ярим соатлардан кейин бир полиция ходими олдимга келиб, қоғозлардаги ёзувларни яширган ҳолда “Мана буларни тўлдир, имзо қўй - кетавер уйингга!”, деди. Унга ишониб, имзо қўйганимдан кейин у менга “Сенга 5 йилга депорт ва 5 минг рубл штраф. Эртага соат 4 да сени судинг бўлади - Сахаровога кетасан”, деди. Эртаси куни бир қирғиз йигитга қўшиб, судга олиб боришди. Комсомольский метросидаги судда мени бошқа болалар билан судлашди.Судда қанақадир озарбайжонлик таржимонлик қилди - ҳеч нарсани тушунганим йўқ!- деди Искандар Раҳимов.
Поплик муҳожир йигит уларга суд қарорини судьямас, қандайдир суд ёрдамчиси ёппасига ўқиб, улар ҳаммаси депорт қилинганини билдирган.
Искандар эртаси куни Сахарово Хориж гражданларини сақлаш марказига олиб келинганидан кейин уни бировнинг паспорти билан судлаб юборишганини билган:
- СУВСИГга келганимдан кейин қўриқчилар 1995 йилда туғилган тожикистонлик “Ҳусейнов Фарруҳжон” фамилиясига “Нега исми-шарифингга жавоб бермаяпсан?!”, деб уришди. Шу ерда мен билдимки, мени тожикистонлик боланинг паспорти билан судлашганини! Кейин билсам, мени паспортим ва ҳужжатларим Мешчанский полиция бўлимида йўқолиб кетибди. Регистрация, патент ва ҳамма миграция ҳужжатларим жойида эди.
Искандарнинг айтишича, кейинчалик Ҳусейнов Фарруҳжонга нисбатан Россия суд приставлари ижросида жами 22 240 рубл миқдорида қарз ундириш бўйича иш ҳам очилгани маълум бўлган.
Ўзбек муҳожири на суд, на полиция ва на СУВСИГ унинг паспортдаги қорачадан келган Искандарга мутлақо ўхшамаслиги ва унинг “паспорт бошқа одамники” деган гап-сўзларига ҳеч ким эътибор қаратмаганини айтди.
Озодликка тақдим этилган ҳужжатлардан Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси Мешчанский туман суди ўзбекистонлик йигитни “Тожикистон ватандоши Хусейнов Фаррухчон” сифатида Россия Маъмурий қонунбузарликлар Кодексининг 18.8 моддаси (яъни, хориж гражданининг Россияга кириш ёки истиқомат қилиш қоидаларини бузганлик) асосида судлаганини тан олгани маълум бўлади.
Наманганлик ўзбек муҳожири иши билан шуғулланаётган мигрантлар бепул ҳимоячиси Валентина Чупик буни оддий “англашилмовчилик” эмас, балки Россия суд ва назорат идораларига хос “лоқайдлик”, деб атади Озодлик билан суҳбатда:
- Ҳеч қанақа қонунни бузмаган Ўзбекистон гражданини полиция ушлаб, Тожикистон граждани паспорти билан судлаб юборган. Ақл бовар қилмайди, аммо бу шундай! Улар мутлақо бир-бирига ўхшамайди! Ўзбекистон элчихонаси бу масалада шикоят юбориши керак эди. СУВСИГ инспектори билан гаплашгандим: у 29 январдан 30 апрелгача уни шикоятларига жавоб бермаган, олдига кирмаган ҳам. Кассация судига 26 июнда ариза юборилган, шикояти эса ҳалигача прокуратурага юборилмаган экан!
Искандар Раҳимов Сахарово марказига келган Ўзбекистон элчихонаси вакиллари унинг ишини назоратга олганини ҳам қўшимча қилди.
2020 йилнинг 11 мартида 024/1897/Ко-2 сонли маълумотнома билан Ўзбекистон элчихонаси Сахарово депортация лагерида сақланаётган шахс ҳақиқатан 1996 йил 12 декабрда Наманган вилояти Поп тумани Санг қишлоғида туғилган Раҳимов Искандар Баҳромжон ўғли эканини тасдиқлаб берган.
Бироқ, Сахарово маъмурияти ҳатто шундай далил-исботлар ҳам Раҳимов Искандарни озодликка чиқаришга “асос бўла олмаслиги”ни билдирди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик билан бўлган суҳбатда “бошқаларнинг хатосига жавоб беришни истамаслигини” билдирган Сахарово СУВСИГ инспектори Ирина Ескина ўзбекистонлик Искандар Раҳимовнинг ҳужжатлари қаерга йўқолганини билмаслиги ва унинг ишини фақат суднинг кассация инстанцияси ҳал этишини маълум қилди.
Ўзбекистонлик тутқун 2 июлда у судга топширган аризаси асосида 1-2 ойда маҳкама тайинланишини кутаётганини маълум қилди.