Ҳукуматнинг кескин карантиндан сўнг уни юмшатиш чоралари танқидга учрамоқда

Тошкентга кириш-чиқиш пости, июнь, 2020

Вазиятни кўра-била туриб карантин чораларини юмшатиш халқ саломатлигига нисбатан хоинликдир. Андижонлик врач Озодликка 17 августда билдирган бу фикрга унинг наманганлик ҳамкасби қўшилмади. Унинг фикрича, карантин чораларини 1 августдан юмшатиш ҳам мумкин эди.

Айни пайтда карантин чораларини 15 августдан юмшатган ҳукуматнинг бошқа қарорларидан Covid-19 билан боғлиқ вазиятнинг мураккаб қолаётгани кўриниб турибди: 16 августдан 31 августгача белгиланган халқаро ва маҳаллий рейсларнинг бир қисми бекор қилинди; россиялик врачлар гуруҳи 16 август куни Тошкентга етиб келди.

Вазият муҳокамасига қатнашганларнинг барчаси карантин чоралари юмшатилишини Covid-19 хавфи озайганидан эмас, балки аҳоли турмуш даражасининг янада абгорлашиб кетиши олдини олиш заруратидан келиб чиққан чора деб баҳолади.

Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда карантин чекловлари юмшатилди. Нималарга рухсат берилади?

12 августда ўтказган видеоселектор йиғилишида президент Мирзиёев берган кўрсатмалар ортидан Республика махсус комиссияси 15 августдан бошлаб карантин чекловлари юмшатилишини эълон қилди.

Комиссия 10 июлда эълон қилинган карантин чоралари 15 августдан юмшатилаётганини “иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсади” билан тушунтирди.

"Ҳаёт қайнай бошлади"

Косонсойлик (Наманган вилояти) врач Баҳодир Салимовнинг (тахаллус) 17 августда Озодликка айтишича, карантин юмшатилгани туман маркази ҳаётида сезила бошлади:

Бизнеслар ҳаракатга тушиб қолди. Магазинлар, ошхоналар ишлаяпти.

- Бизнеслар ҳаракатга тушиб қолди. Магазинлар, ошхоналар ишлаяпти. Ҳаёт қайнаяпти. Ҳаёт сойнинг тиниқ сувидай шилдираб оқа бошлади.

Врач Баҳодир Салимовнинг айтишича, тўйлар ҳам бошланиб кетган: “25-30 килодан гурунч дамланаяпти”.

Косонсойлик врачнинг андижонлик ҳамкасби исми айтилмаслик шарти билан саволларга жавоб берар экан, қўполроқ ўхшатиш қилди:

“Карантиндан безиб кетган халқ, чоралар бироз юмшатилиши биланоқ карантин биратўла тугади, деб ўйлаётган бўлса керакки кўчаларда "подалашиб" юрибди”.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Косонсойлик врач Баҳодир Салимов билан суҳбат

Бошидан кечирган касаллигининг барча аломатларидан келиб чиқиб, ўзини Covid-19 дан соғайдим деб ҳисоблаётган журналист Абдулазиз Муборакнинг кузатишича, карантин чораларини юмшатиш амалда 15 августдан эмас, ундан 4-5 кун олдинроқ бошланган:

Ички ишлар ходимлари бирдан хушмуомала бўлиб қолди.

- Карантин амалда тахминан 10 августлардан юмшатилди, деб ўйлаяпман. Чунки ички ишлар ходимлари бирдан хушмуомала бўлиб қолди. “Уйда ўтиринг” деган тавсиялар билангина чекланадиган, маъмурий баённома тузмай қўйиб юборадиган бўлиб қолди. 10 августгача эса, бунинг акси эди.

Журналист карантин юмшатилганидан кейинги вазиятни ўзи ҳам ўрганаётганини айтаркан, бундай деди:

- Вилоятлар билан гаплашдим. Кўпгина ижтимоий ёки тижорий тузилмалар ишга тушаяпти. Ўқув марказлари, бозорлар, тижорий дўконлар очилишига рухсат берилган. Шу пайтгача фақат озиқ-овқат дўконларига рухсат берилган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Журналист Абдулазиз Муборак билан суҳбат

Журналист Абдулазиз Муборакнинг айтишича, 17 август куни у Тошкент кўчаларида учратган кишиларнинг ҳаммаси юзида ниқоб борлигини кўрган.

“Маска ҳаммада бор” лигини косонсойлик врач Баҳодир Салимов ҳам айтди. Бироқ, унинг айтишича, одамлар ижтимоий масофани сақламаяпти ва бу ҳолатни врач “миллий менталитет” билан изоҳлади.

Карантинни юмшатиш керакмиди?

Озодлик бу саволни шу кунгача бир қатор ўзбекистонликка берди. Кўпчилик бу чорани мамлакат иқтисодиётининг заифлиги, карантин шароитида кунлигини кунда ишлаб топадиганлар қийналиб қолгани, шу сабабдан давлат чораларни юмшатишга мажбур эканлиги билан изоҳлаган.

17 август кунги суҳбатларда ҳам шу фикр такрорланди.

- Касалликдан сақланиш керак, албатта. Лекин шу билан бирга ижтимоий, иқтисодий соҳалар қолиб кетса, бу ҳам битта фожиадир, - деди журналист Абдулазиз Муборак.

Косонсойлик врачнинг фикрича, карантин юмшатилиши “тўғри бўлди, Тошкентни изоляция қилсалар ҳам, жойларда чекловларни аввал-бошданоқ юмшоқроқ қилиш керак эди”.

Масаланинг шу жиҳатига - аввал-бошданоқ кўрилган чораларга андижонлик врач танқидий ёндошаркан, бундай деди:

- Карантин чоралари тадбиқ этилганда ортиқча чекловлар жорий этилган, масалан машиналарда ҳаракатланиш, умуман кўчага чиқишни тақиқлаш, ҳеч ким ҳеч қаерга чиқмаслик, деярли 24 соатлик комендантлик соати... Бу каби чекловлар ортиқча эди ва халқни бездириб қўйди. Бошиданоқ фақат коронавирус тарқалишни олдини олиш чоралари кўрилиши керак эди. Масалан, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш, гумонланган беморларни алгоритм асосида муолажа қилиш ва даволаш тизими яратилиши керак эди. Лекин минг афсус булар ҳаммаси "салласини ол деса, калласини олишди" бўлганлиги сабабли энди карантин чоралари бироз юмшатилди, деса безиб кетган халқ биратўла карантин тугади деб, керак бўлмаса ҳам кўчаларда "подалашиб" юришибди.

Эртага нима бўлади?

Андижонлик врач карантин чораларини юмшатишнинг жорий тартибини танқид қилар экан, бундай деди:

- Карантин чораларини юмшатишнинг ўзига яраша муаммолари ва этаплари бор эди, халқ чоралар юмшатилди деб хоҳлаганини қилябди, эртага эса вазият оғирлашса яна биронта одамга тўнкаб, кечирим сўраб қутулиб қолади амалдорлар, ўлиб кетаётган халқ эса, улар учун бизнес манбаи.

Чораларни юмшатишнинг ўзига хос муаммолари ва этаплари нималар, деган саволга андижонлик врач жавоб бермади.

Мамлакат бўйлаб кунига 400-500 киши касалга чалиниб туриши мумкин.

Косонсойлик врач Баҳодир Салимов вазиятга анчайин оптимизм билан қараяпти:

- Касаллик платога (касалликка чалиниш кўрсаткичлари бир хиллик касб этган, пастлаш бошланишига умид пайдо бўлган ҳолат) чиқиб олди. Мамлакат бўйлаб кунига 400-500 киши касалга чалиниб туриши мумкин.

  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришча, 17 август соат 10.00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони яна 184 кишига кўпайгани қайд этилди. Жами беморлар сони 35 513 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 30 973 нафари соғайди.
  • Ҳозирда касалхоналарда 4306 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 813 нафари оғир, 234 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шубҳали статистика

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришча, Ўзбекистонда 17 август соат 10.00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди: Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшаган 65 ёшли Д.Т. (аёл) ҳамда Тошкент туманида яшаган 59 ёшли Г.Ч. (аёл) жон берган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 234 кишига етди. Тошкентда коронавирусдан вафот этганлар сони эса 154 нафарни ташкил қилмоқда.

Масаланинг шу жиҳати - ўлим ҳолатлари сони кейинги пайтларда турли шубҳаларни пайдо қилмоқда. Хусусан, журналист Абдулазиз Муборак ҳам бугунги суҳбат чоғида кейинги кунларда шахсан ўзи таниган уч кишининг коронавирусдан ўлганини, бироқ уларнинг ўлими расмий статистикада акс этганини кўрмаганини билдирди. Журналистнинг айтишича, у уч танишидан фақат бирининг ўлими статистикада акс этган бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда.

Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор

Статистиканинг тўлиқ эмаслигини расмийлар ҳам тан олган, хусусан, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов 3 августда “Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор”, деган эди. Оқиловнинг айтишича, пневмониядан ўлганлар Covid-19 статистикасига қўшилмаяпти. Айни пайтда қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони бирлаштирилган. Бунга пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Мавзуга алоқадор Коронавирусдан ўлганлар сони расмий статистикадан кўпроқ экани тан олинди

Карантинни юмшатган ҳукуматнинг ҳадиги

15 августдан карантин чоралари юмшатилган бир пайтда ҳукуматнинг баъзи амаллари вазият ҳали мураккаб эканлигидан дарак бермоқда.

Uzbekistan Airways ширкати 16 августдан 31 августгача белгиланган халқаро ва маҳаллий рейсларнинг бир қисми бекор қилинганини эълон қилди.

Ширкат сайтида берилган хабарга кўра, бу муддатда фақат чартер рейслар тасдиқланган жадвал бўйича учади.

Ширкат бу Ўзбекистон ва парвозлар белгиланган мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, қабул қилинган зарурий чора эканини билдирди. Олинган чипталар бошқа саналарга бепул ўтказиб берилади.

Коронавирусга қарши курашда ўзбекистонлик врачларга ёрдам бериш мақсадида тузилган Россия врачлар гуруҳи 16 август куни Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.