Иситмаси юқори бўлгани сабабли кириш имтиҳонига киритилмаган абитуриентлар учун 17 сентябрь куни алоҳида тест синовлари бўлиб ўтди.
Озодликка маълум бўлишича, бу имтиҳонга ўнлаб талаба яна киролмаган. Чунки, уларнинг аксари шифохона ёки 14 кунлик карантинда қолмоқда.
Давлат тест маркази (ДТМ) мулозимларига кўра, 17 сентябрь кунги қўшимча имтиҳон сўнггиси эди, олий таълим муассасаларида (ОТМ) 2020/2021 ўқув йили учун бошқа имтиҳон ўтказилмайди.
ДТМнинг ҳудудий бўлимларидан олинган маълумотга кўра, коронавирусдан соғаймагани боис, бугунги имтиҳонга киролмаганлар сони 20га яқин. Аммо, умуман пандемия боис, имтиҳонда қатнаша олмаганлар сони минглабдир.
ОТМга қабул бўйича Давлат комиссиясидан бу борада ҳозирча бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.
2 сентябрдан 13 сентябрга қадар давом этган ОТМга кириш имтиҳонлари пайтида иситмаси 37.7 даражадан юқори бўлиб, синовга киритилмаган абитуриентлар учун 17 сентябрь куни қўшимча кириш имтиҳони бўлди.
Имтиҳонлар Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон республикасида махсус ажратилган масканларда бўлиб ўтди.
Ана шу имтиҳонда қатнашиши керак бўлган жиззахлик талабанинг Озодликка ёзишича, у имтиҳонда иштирок этолмаган.
Боиси, 6 кун аввал - кириш имтиҳонига кираётган пайтда COVID-19 касаллигига чалингани маълум бўлган ва даволаниш учун ўз вилоятидаги карантин марказига жойланган.
Ҳали соғаймагани, бунинг устига 14 кунлик карантин муддати тугамагани боис, у яна имтиҳонда қатнаша олмаган:
“Биздан тузалганлик ҳақида малумот олиб келинг дейишди. Биз даволаниш жойимиздан маълумотнома сўрасак, биз сизга жавоб бермаймиз, ҳали даволанишдасиз, кетсангиз ҳам ўз ҳоҳишим билан чиқиб кетяпман, деган тилхат ёзиб берасиз дейишди. Лекин буларнинг ҳам айтгани тўғри ҳазиллашадиган касаллик эмас, ётганимизга эндигина 6 кун бўлди. Шу хақда ДТМ маркази бн алоқа қилиб касалларни ҳолатиниям ўрганиб бошқа кунга қилишса”, деб ёзди абитуриент Озодликка 16 сентябрь куни юборган хатида. (Мактуб таҳрирсиз, лотиндан кирилга ўгирилган ҳолда берилди - таҳр.)
Озодликка бу йилги тест синовларига айнан COVID-19 касалига чалингани боис кира олмаган яна бир неча абитуриент мурожаат қилди.
Мурожаатлар мазмунига кўра, коронавирусга чалингани боис имтиҳонга қўйилмаган абитуриентлар учун қўшимча имтиҳон санаси эрта белгилангани - муаммо бўлган.
Яъни, коронавирус пандемияси боис мамлакатда жорий этилган карантин тартибига кўра, COVID-19 га чалинган беморлар 14 кун давомида карантинда сақланиши лозим ва шундан сўнггина уларга коронавирусдан тузалгани, айни пайтда танасида вирус йўқлиги ҳақида маълумотнома берилиши мумкин.
ДТМ талабларига кўра, 17 сентябрь кунги қўшимча имтиҳон пайтида абитуриентлар шундай маълумотномани тақдим қилиши шарт бўлди.
"Шу маълумотномани тақдим қилган абитуриентлар бугунги қўшимча имтиҳонга киритилди. Бугун келолмаганларга яна қўшимча имтиҳон бўлади, деган гап йўқ. Ўзи шу имтиҳонларни деб, ҳамма абитуриентлар учун имтиҳон натижалари эълон қилинмади. Мана энди эртадан маълумотлар текширилади ва 24 сентябрь куни якуний натижалар чиқиши кутиляпти", деди ДТМнинг вилоятлардан биридаги вакили.
Бу йил кириш имтиҳонлари эса 2 сентябрдан 13 сентябрга қадар давом этди. ДМТ берган расмий маълумотга кўра, бу муддат давомида:
- 1 миллион 240 мингдан ортиқ абитуриент имтиҳон топширган,
- 63 минг 580 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмаган,
- 1 187 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларидан четлатилган.
Расмий маълумотга кўра, имтиҳонда қатнаша олмаган абитуриентлардан 90 нафари тана ҳарорати юқори бўлгани учун тест синовларига киритилмаган ва уларга 17 сентябрь куни тест топшириш имкони берилди.
17 сентябрь куни, ДТМнинг Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро вилоятларидаги бўлимларидан олинган маълумотга кўра, яна ўндан ортиқ абитуриент тўлиқ даволаниб улгурмагани ва карантин муддати битмагани учун бу имтиҳонда яна қатнаша олмаган.
ДТМ вакиллари қўшимча имтиҳон санаси нега эрта белгиланганини очиқлай олмади. Уларга кўра, бу имтиҳон санаси 2020/2021 ўқув йилида ОТМга қабул бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланган.
Озодлик Бош вазир А. Арипов бошчилигидаги Давлат комиссиясидан бу борада изоҳ олиш учун Вазирлар Маҳкамаси қабулхонаси, Таълим депатраменти ва қатор бошқа бўлинмаларига такрор-такрор мурожаат қилди, аммо саволга бирор жавоб олишнинг имкони бўлмади.
Айни пайтда, Озодликнинг бу комиссияга бериш истагида бўлган бошқа муҳим саволлари ҳам очиқ қолмоқда.
Мисол учун, 14 сентябрь кунги баёнотида ДТМ раҳбарияти, “турли сабабларга кўра” кириш имтиҳонларида қатнаша олмаган абитуриентлар жами сони 63 минг нафардан ортиқ эканини билдирган.
Озодликка келаётган ўнлаб мурожаатлар ва ДТМнинг қатор вилоятлардаги вакилларидан олинган маълумотларга кўра, имтиҳонга киролмаганларнинг аксари карантин пайтида аҳоли ва транспорт ҳаракати чеклангани боис, қўшни вилоят ёки давлатлар, олис хориждан келолмаган ва бундайлар жуда кўп.
Мавзуга алоқадор Россиядан ўқишини кўчираётган талабаларга имтиҳон ҳақида уч кун қолганда хабар берилдиКириш имтиҳони учун рухсатнома олган ва айнан карантин пайтида ҳаракат чеклангани боис, имтиҳонга келолмаган абитуриентлар аниқ сони Озодликка маълум эмас, ДТМ раҳбарияти бундай статистикани тақдим қилмаган.
Вилоятлардан бирида кириш имтиҳонларига ДТМ вакили сифатида раҳбарлик қилган мулозимнинг Озодликка айтишича, бундайлар сони жуда кўп эканлигини тан олди:
“Масалан, Россиядан вақтида учиб келган, лекин Наманганда карантин зонага олиб бориб ташланган абитуриентлар бўлди. Улар кириш имтиҳонига келолмади. Шулар орасида, имтиҳон учун ишончли вакили келиб, абитуриентнинг ҳақиқатда карантин зонада сақланаётгани ҳақида ҳужжатларни бизга тақдим қилганларини қайта имтиҳонда қатнашадиганлар рўйхатга киритдик. Рўйхатдаги ҳужжатлар ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилиб, бизга қайтарилди. Лекин, Давлат комиссияси фақат коронавирусга чалингани ҳужжат билан тасдиқланганларнинг қўшимча имтиҳон топширишига рухсат берди, ўшалардан 17 сентябрь куни имтиҳон олдик. Масалан, мен ишлаб турган вилоятда 2 минг 200 абитуриент имтиҳонга қатнаша олмади. Бугун бир талай справка кўтариб, келишди, лекин киритмадик", деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Шу тариқа, ДМТ вакиллари, бу йил коронавирус пандемиясини деб имтиҳонда қатнаша олмаган яна минглаб абитуриент бу йилги ўқишдан қолгани, уларга яна имконият бериш-бермасликни фақат ОТМга қабул бўйича Давлат комиссияси ҳал қилишини айтмоқда, комиссия эса бу борада ҳануз бирор маълумот бермади.