OzodTarmoq: "Ўқитувчига бепул дори. Врачгачи? У "етим бола"ми?

OzodTarmoq рукнида андижонлик врач Отабек Аҳлиддиновнинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган постини ҳавола қиляпмиз.

Матн таҳрирсиз, қисқартиришсиз берилмоқда. Имло ва стилистика муаллифники.

***

Ҳамкасб мурожаати!

Ассалому алейкум ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун бир маълумотни ўқиб жуда ҳайрон бўлдим. Барча ўқитувчилар бепул дорилар билан таъминланади. Устозларимиз учун ҳурсандмиз албатта. Уларга қанча шароит қилсак ҳам оз.

Лекин ҳозирда кўринмас ёвга қарши олдинги қаторларда ҳизмат қилаётган тиббиёт ҳодимлари “оиладаги етим бола”дек бир четда қолиб кетишмоқда. Ўзим бир неча маротаба гувоҳ бўлдим: COVID-19 белгилари билан бир нечта шифокорларимиз тест топшира олишмади, касалланганлари даволаниш учун ковид – марказларга жойлаша олишмади. Касалликни тик оёқда туриб, бемор даволаб ўтказган бир нечта ҳамкасбларни ҳам кўришга муваффақ бўлдим. Бепул дори бериш ҳақида эса умуман гап бўлмади. Нима учун тиббиёт ҳодимлари эътибордан четда қолиб кетади? Ахир офатга қарши биринчилардан бўлиб курашаётганлар шулар эмасми?

Қанчадан – қанча тиббиёт ҳодими ушбу офатга қарши курашда ҳалок бўлишди. Кун ора янги қурбонлар ҳақида эшитяпмиз. Ахир бизнинг душманга қарши асосий кучларимиз шулар эмасми? Тиббиёт ҳодимларини асрашга эътибор қаратишимиз, уларга керакли шарт – шароитлар яратиб беришимиз, касал бўлганда турли навбатларсиз, қийинчиликларсиз текширувлардан ўтиш, касаллик аниқланса ҳеч қандай тўсиқларсиз даволаниш имконини беришимиз керак эмасми?

Нима учун “асосий қуролимиз” бўлган тиббиёт ҳодимларини ўз ҳолига ташлаб қўймоқдамиз?

Эртага кеч бўлмаслиги учун бугундан уларни асраш, ҳимоя қилиш, касал бўлганларини тезроқ даволаб сафга қайтариш чораларини кўришимиз лозим.

Шу сабабли ўз таклифларимни ёзиб ўтмоқчиман:

1. Барча тиббиёт ҳодимларига COVID-19 аниқловчи текширувлар бепул ва навбатларсиз бўлишини таъминлаб бериш.

2. COVID-19 билан касалланган беморларни даволашга жалб қилинган шифокорларга шахсий ҳимоя воситаларини етарлича етказиб бериш.

3. COVID-19 билан касалланган тиббиёт ҳодимлари учун алоҳида койко – ўринлар ташкил этиш.

4. COVID-19 билан касалланган беморларни даволашга жалб қилинган шифокорларга профилактика мақсадида дори – дармонлар билан таъминлаш.

5. COVID-19 билан касалланган беморлар билан тўқнаш келиши мумкин бўлган тиббиёт ҳодимларига шахсий ҳимоя воситаларини етарлича етказиб бериш.

6. Текширувлардан ўтишда, даволанишда тиббиёт ҳодимларини сарсонгарчиликларсиз, навбатларсиз қабул қилиш тизимини яратиш.

Агар юқорида биз таъкидлаб ўтган таклифларга қўшимчалар бўлса ёзиб қолдиришингизни сўраймиз.

Соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларидан ушбу таклифларни эътиборсиз қолдирмасликларини сўраймиз.

Юртимизда тиббиёт ҳодимлари саноғи чекланган. Агар биз уларни ҳимоя қилмасак, уларни асрамасак эртага ушбу офатнинг иккинчи тўлқини келганда тиббиёт ҳодимларига талаб ортиб кетиши, шифокорлар етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Ўзини тизим томонидан ҳимояланганини хис этган ҳар қандай тиббиёт ходими ушбу офатга қарши сидқидилдан курашади, борини беради.

Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг азиз ҳамкасблар!