Ўзбекистонда амалдаги давлат-корпоратив фаолият тажрибаси бизнес учун тенг имкониятлар яратишдан узоқлигича қолмоқда.
Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт эълон қилган журналистик суриштирув ана шу хулосани яна бир бор урғулайди.
UzInvestigations туркумидан навбатдаги тадқиқот, муаллиф таъбирича, Шавкат Мирзиёев ҳукуматини ислоҳ қилишда энг муҳим ўйинчилардан бўлган Комил Алламжонов асос солган ва амалда унга алоқадор компаниялар фаолиятини таҳлил қилади.
Ласслеттга кўра, тадқиқот Мирзиёев ҳукумати “ребрендинги” ва Ўзбекистоннинг хориждаги имиджини яхшилашда муҳим рол олган Алламжоновга алоқадор компаниялар давлат тақдим қилган имтиёзлардан фойдаланиб келганини ўртага чиқарган.
Муаллиф ушбу имтиёзлар “аксилрақобат характери”га эгалигини таъкидлайди.
Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт Шавкат Мирзиëев эълон қилган ислоҳотлар амалда қандай кечаëтганига бағишланган қатор журналистик суриштирувлар муаллифи.
Мирзиëев президент сифатидаги илк баëнотларида иқтисодни либераллаштириш¸ бизнесга эркинлик бериш¸ сиëсий элита ичидаги саноқли оиланинг иқтисод устидан ўрнатган монополиясини тугатишни ваъда қилган эди.
Ласслеттнинг UzInvestigations аввалги суриштирувлари Акфа/Артел корпорацияси эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империясининг у Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинлангандан кейинги экспансияга бағишланган.
Мавзуга алоқадор Кристиан Ласслет: Тошкент ҳокими Ўзбекистонда эксклюзив имтиëз билан ишлаëтган 67 та ширкатга алоқадор!(ВИДЕО)Мустақил таҳлилчи аввалги суриштирувларида Мирзиëев даврида катта бизнес эгалари¸ хусусан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сиëсий ҳокимият тепасига кўтарилиши давлат ва шахсий манфаатлар тўқнашувининг ëрқин мисолига айланганини кўрсатди.
Профессор Ласслетт эълон қилган янги журналистик суриштирув «Тадбиркорлик пардаси ортида. Ўзбекистонда давлат ëрдами ва элита. Комил Алламжонов мисоли” деб номланади.
Бу суриштирув марказига Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши ортидан юқори лавозимли давлат амалдорига айланган яна бир “ишбилармон” - Комил Алламжонов фаолияти қўйилган.
Янги суриштирув билан тўлиқ танишиб чиққан Озодлик мухбири профессор Кристиан Ласслетт билан суҳбатни унинг марказига нима учун айнан Комил Алламжонов фаолияти қўйилганига оид саволдан бошлади.
Профессор Ласслетт: Power Briefs ëки Uzinvestigations –( Ўзбек суриштирувлари) сериясини Мирзиëев ҳокимиятидаги қудратли шахслар ва компаниялар фаолиятини ўрганиш мақсадида бошлаганмиз. Комил Алламжонов Мирзиëев ҳукуматининг энг фаол сўзчиларидан бири сифатида “радар”имизга тушди. 36 яшар Алламжонов ўзини ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро майдонда очиқ жамият¸ эркин матбуот¸ рақобатли иқтисод¸ тадбиркорларни қўллаш ғоялари ҳимоячиси сифатида кўрсата бошлади. Аммо биздаги факт ва маълумотлар¸ унинг ўз бизнеси ҳукуматнинг айнан бу баëнотларга зид ҳаракатлари туфайли гуллаб-яшнаëтганини кўрсатди. Алламжонов бизнес империясини синчковлик билан ўрганишдан мақсад¸ Комил Алламжонов бизнеси у ижтимоий тармоқ ва маҳаллий медиада қилиб келаëтган баëнотларга амал қиладими¸ деган саволга жавоб топиш эди.
Озодлик: Сиз ҳозиргина “бизнес империяси” деган иборани ишлатдингиз. Кўпчиликка президент сўзчиси¸ Мирзиëев ҳукуматининг "юзи" сифатида танилган Алламжоновнинг бизнес империяси эгаси экани ҳақидаги хулосангиз қандай фактларга асосланган?
-Биринчи асос¸ унинг ўз эътирофи. Унинг ўзи жуда кўп компаниялар асосчиси эканини маълум қилган. Бу эътироф Aлламжоновнинг ўзини Facebook стилидаги ишбилармон қилиб кўрсатиш уринишининг таркибий қисми. Алламжонов ўзини Ўзбекистоннинг Цукерберги сифатида кўрсатиш учун қатор технологик стартаплар муаллифи экани билан мақтанган. Хусусан¸ бухгалтерия ва солиқ тизими учун дастурий таъминот (software) ишлаб чиққанини айтган. Медиа майдонидаги лойиҳалар эгаси эканини ҳам Алламжоновнинг ўзи билдирган - у “Солиқ инфо” газетасидан тортиб хусусий телеканалгача эгалик қилади. Бу компанияларни ëнма-ëн қўйиб чиқсангиз¸ матбуот¸ телевидение ва дастурий таъминот соҳасини ўз ичига олган бизнес империяси манзараси пайдо бўлади.
Озодлик: Бу суриштирув устида бир йилдан кўпроқ ишлаганингиз, жуда кўп факт ва маълумотларни таҳлил қилганингизни айтгансиз. Суриштирув жараëнида ўрганганларингиздан бугун ўзбек жамоатчилиги давлат арбоби¸ айни пайтда¸ сиз айтаётганингиз каби, бизнес империяси эгаси Комил Алламжонов ҳақида нималарни билиши керак¸ деган хулосага келдингиз?
-Суриштирув давомида чиқарган хулосаларимиз Комил Алламжоновнинг Каримов ва Мирзиëев давридаги фаолиятига бўлинади. Иқтисодда рақобат деган тушунчанинг ўзи бўлмаган Ислом Каримов даврида Алламжонов асос солган компаниялар айнан рақобатсиз муҳитдаги давлат ëрдами туфайли гуллаб-яшнаган. Алламжонов 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг матбуот котиби бўлиб ишлаган. Бу қўмита эса¸ Каримов даврида тадбиркор ва бизнес эгаларини қўрқувда ушлаш¸ таъмагирлик¸ рейдерлик бўйича МХХдан кейинги иккинчиликда турган. Алламжонов асос солган “Солиқ инфо” газетаси ва бухгалтерлар учун дастурий таъминот БЭМ (Бухгалтерга Электрон Мадад )айни шу қўмита платформасида иш юритган. Солиқ тизими ходимлари тадбиркорларни Солиқ қўмитаси раисининг яқин одами ва матбуот котиби бўлган Алламжоновнинг хусусий газетасига обуна бўлиш¸ унинг БЭМ дастурини сотиб олишга мажбурлаган. Бу ҳақда бизга жуда кўп гувоҳлик кўрсатмалари бор. Тадбиркор учун солиқчининг бу талабига бўйсунмаслик оқибати бизнесидан ажралиш билан баробар эди. Тадбиркорда танлов имкони мутлақ йўқ эди. Жаноб Алламжонов солиқ қўмитаси ходимларининг Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорларни ëппасига ўз газетаси ва дастурий таъминотини сотиб олишга мажбурлаганидан хабари бўлган-бўлмагани ҳақидаги саволларимизга жавоб бермади. Лекин солиқ қўмитаси матбуот котиби лавозимида ишлаган амалдорнинг бундан хабари бўлмаслиги мумкин эмаслиги аниқ. Бу Каримов даврида Алламжоновнинг ўз бизнес манфаати учун мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани¸ рақобат йўқ¸ ëпиқ муҳитда ўз маҳсулотини мажбуран ўтказиш учун давлат тизимлари имкониятини ишга солганини кўрсатади.
Озодлик: Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгач¸ Комил Алламжонов янги ҳукуматнинг либерал овозига айланди – ислоҳотлар¸ очиқлик¸ шаффофлик ҳақида юқори минбарлардан гапира бошлади. Мирзиëев даври унинг бизнес фаолиятига қандай ўзгариш олиб келган?
-Мирзиëев ҳокимиятга кела солиб¸ давлат машинаси кучи ва қўрқувини ишга солиб, бизнес қилиш амалиëтига барҳам беришни ваъда қилди. Аммо биз ўтказган суриштирув бу амалиëтнинг аслида янада ëмонлашгани¸ янада кучайганини кўрсатди. Биргина ўзбекистонликларга яхши таниш “Avrotest” мисолини олайлик. Ҳукумат қарори билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини ҳар икки йилда фақатгина «Avtotest Report» МЧЖда синовдан ўтказиш ва малакасини ошириш мажбурий қилинди. Бошқа бирор компанияга бу имкон¸ ҳайдовчига танлов ҳуқуқи берилмади. Бу бизнес асосчиси Комил Алламжоновдир. Алламжонов президент матбуот котиби этиб тайинланиши арафасида ҳукумат маҳаллий ҳокимликларга бу МЧЖга трейнинг марказлари қуриш учун текин ер ажратиш буюрилган қарор чиқарди. Каримов даврида ўзбекистонликларни давлат ҳокимиятига алоқадор шахсларга тегишли компаниялар товар ва хизматларини сотиб олишга мажбурлаш норасмий тарзда амалга оширилган бўлса¸ Мирзиëев даврига келиб бу қонунга айланди! Алламжоновнинг Мирзиëев давридаги бизнес фаолиятини ўрганиш жараëнида биз шундай хулосага келдик.
Давлат мулозими компанияси бўлган “Avtotest”га бундай эксклюзив имтиëз берилиши жамоатчиликнинг кескин норозилигига учраши ортидан ҳукумат ўз қарорига озгина ўзгартиш киритди. Аммо бу майдонда барибир ҳалол ва очиқ рақобатга йўл берилмади.
Мирзиëев даврида унга яқин амалдорлар бизнеси¸ хусусан¸ Алламжонов компанияларига рақобатсиз муҳит яратиш янги нормага айланганининг яна битта мисоли Озодлик суриштирувида аëн бўлди.
Мавзуга алоқадор Суриштирув: Ўзбекистондаги барча кўчмас мулкка янги кадастр паспорти бериш шубҳали ширкатга тендерсиз берилдиОзодлик ҳукуматнинг Ўзбекистондаги миллионлаб кўчмас мулкка доир кадастр паспортларининг қоғоздан пластик картага кўчирилиши ҳақидаги махфий қарорини эълон қилди. Бу қарорнинг махфийлиги одамни жиддий хавотирга солади - ҳозиргача бу қарор қонун ҳужжатлари эълон қилинадиган lex.uz сайтида йўқ. Электрон кадастр тизимига ўтказиш жараëни бўйича умуман тендер эълон қилинмасдан¸ GID Systems Tashkent МЧЖга берилгани¸ яна бир жиддий хавотир манбаи. “Gid systems Tashkent” МЧЖ aкцияларининг 100 фоизи Бирлашган араб амирликларининг эркин иқтисодий ҳудудида расмийлаштирилган “Gid FZE” (Free Zone Establishments) га тегишли. БААдаги рўйхатга олинган компаниялар реестри ëпиқ бўлгани учун Gid FZE ҳақиқий мулкдори кимлиги аниқлаш деярли имконсиз.
Озодлик: Сиз тилга олган Озодлик суриштирувида БАА даги компаниялар реестрида ҳақиқий мулкдор сир тутилиши боис “Gid systems Tashkent” МЧЖнинг асл эгаси кимлигини аниқ айтишнинг ҳозирча имкони йўқлиги ëзилган эди. Сиз эса ўз суриштирувингизда бу МЧЖнинг Комил Алламжоновга алоқадорлигини айтгансиз. Буни тасдиқловчи далил борми?
-Ўзбекистонда БААдаги GID гуруҳ эгалик қиладиган иккита компания рўйхатга олинган. Биттаси GID Systems Tashkent¸ иккинчиси GID Tashkent. Номлар деярли бир хил. Буларнинг маҳсулоти ҳам бир хил– таъминот дастурлари. Биз Ўзбекистон интеллектуал мулк қўмитаси маълумотлар базасидан бу МЧЖлар маҳсулотига патент берилган-берилмаганини текшириб кўрдик. Текшириш давомида 2018 йилда ақлли карталар технологияси учун патент сўрови берилгани ва бу патент эгаси Комил Алламжонов эканига гувоҳ бўлдик. Бу эса¸ GID компаниялар гуруҳи маҳсулоти назоратининг айнан Комил Алламжоновга тегишли эканини кўрсатади. Бундан ташқари¸ компаниялар регистрация ҳужжатида ëзиладиган энг элементар маълумотларни солиштирганда¸ GID Systems Tashkent ва GID Tashkent МЧЖлари ҳужжатида ëзилган адрес¸ телефон¸ факс рақамларининг Комил Алламжоновга қарашли бошқа бизнес компаниялариники билан бир хил экани кўрилади. Буларнинг ҳаммаси GID гуруҳига кирувчи компанияларнинг асл эгаси Комил Алламжанов эканини айтишга асос беради.
Озодлик: Аввалги суриштирувларингизда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев¸ бу галгисида эса¸ президент собиқ матбуот котиби¸ биринчи оилага жуда яқин Комил Алламжоновнинг давлат мансабидан ўзининг шахсий бизнесини бойитиш мақсадида фойдаланганини айтяпсиз. Бу каби тизимнинг оддий ўзбекистонликлар ҳаëтига таъсири ҳақида хулосаларингиз борми?
-Бундай бошқарув тизимининг оддий ўзбекистонликлар ҳаëтига таъсири қандай бўлиши ҳақида сўнгги суриштирувда ҳам батафсил тўхталганман. Биринчиси¸ Ўзбекистондаги кўз-кўз қилинган Мирзиëев ислоҳотлари бозорни либераллаштириш йўлидаги техник ўзгаришлар билан чекланмоқда¸ холос. Бу ўзгаришлар сиëсий фаворитизм системаси асосида амалга оширилишда давом этаверса¸ ҳукумат тепасидагиларга алоқадор компаниялар бойиб¸ кенгайиб¸ катталашиб бораверади ва мамлакат иқтисоди, худди Путин Россиясидаги каби тўлиғича олигархлар қўлига ўтади. Олигархлар - бойлиги сиëсий ҳокимиятга яқинликдан сув ичадиган, пул ва сиëсий ҳокимият никоҳидан туғилган бизнес қатлами. Каримов даврида ҳам теневой¸ яъни хуфëна олигархлар бор эди. Аммо Мирзиëев даврида олигархлар сони кўпайиб¸ ниҳоятда бой миллиардерлар пайдо бўлади. Давлатнинг олигархлашуви кучайган сайин¸ бирор демократик ўзгаришни амалга ошириш ҳам деярли имконсиз бўлиб бораверади. Бу ҳар бир ўзбекистонлик ҳаëтига дахл қиладиган жараëн.
Иккинчиси¸ Мирзиëев ҳокимиятга келгач, Комил Алламжоновга ўхшаганлар томонидан уни Ғарбда “ислоҳотчи президент” сифатида тақдим қилишга катта куч ва маблағ сарфланмоқда . Айрим ғарб нашрлари Мирзиëевнинг келишини ҳатто “ўзбек баҳори” дейишгача борди. “Араб баҳори” оддий халқнинг адолат¸ тенглик ва ислоҳот талаби билан бошланган қўзғолони бўлса¸ ғарбдаги баъзи нашрлар Ўзбекистонда “авторитар режимнинг ўз вакили ташаббуси билан сиëсий баҳор” бошлангани ҳақида ëзди. Бизнинг суриштирувларимиз¸ Мирзиëевнинг ўзи таянган сиëсий ва иқтисодий ҳокимиятдан воз кечиш¸ унинг ўрнига очиқлик ва тенгликка асосланган демократик бошқарув қуриш режаси йўқлигини кўрсатмоқда. Комил Алламжонов бундай скептизмга жиддий асос берувчи ëнг ëрқин мисол. Мирзиëев келгандан бери очиқлик¸ шаффофлик¸ демократик ислоҳотлар ҳақида Алламжоновдан кўп гапирган ўзбек амалдори йўқ. Аммо унинг ўз бизнес фаолияти бу баëнотларнинг тамом тескариси устига қурилган. Агар Тошкент ҳукуматидагилар чиройли гаплар¸ баландпарвоз баëнотлар билан ғарбдаги инвесторлар ëки ҳукуматларни ислоҳотларга ишонтирамиз¸ деб ўйлашса¸ адашишади. Ҳукумат бизнес юритишни шаффоф қилиш¸ манфаатлар тўқнашувига қонун орқали барҳам бериш¸ иқтисодда рақобат муҳитини яратиш каби тавсияларни эътиборсиз қолдириши мумкин. Аммо Ўзбекистон билан у ëки бу шаклда бизнес қилмоқчи бўлган ҳар бир нуфузли компания қарор беришдан олдин мамлакатдаги асл вазиятни ўрганиш учун due diligence жараëнини ўтказади. Бу жараëнда улар сохта баëнот ва ваъдалар эмас¸ асл вазиятга баҳо беради. Оқибатда Ўзбекистон нормал компаниялар бормайдиган¸ олигархлар исканжага олган иқтисодга айланади¸ кичик бир гуруҳ бойигандан бойиб¸ аксар аҳоли қашшоқлашгандан қашшоқлашиб бораверади.
(Комил Алламжонов ва Саида Мирзиëева ўтган йил ноябрида BBC ўзбек хизматига йўлланган видеотабрикда "очиқлик ва шаффофлик сиëсатидан ортга қайтилмаслиги"ни урғулашган)
Озодлик: Суриштирув давомида Комил Алламжонов ëки давлат идораларига юборган савол ва мурожаатларингизга бирор шаклда жавоб олдингизми?
-Суриштирувнинг биринчи босқичидаëқ Комил Алламжоновга электрон почта ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилдим. Алламжонов суриштирувнинг биринчи қораламаси билан танишиб чиқиб¸ саволларга жавоб беришини билдирди. 2019 йил сентябрида унга қоралама матнни юбордим¸ аммо шундан сўнг, Алламжоновдан бирор шаклда жавоб олмадим. Унга қайта-қайта қилган мурожаатларим жавобсиз қолди. Жаноб Алламжоновнинг ўзи давлат мулозимлари матбуот ва жамоатчилик учун очиқ ҳамда шаффоф бўлиши кераклиги ҳақида кўп гапиради¸ лекин, афтидан, бу гаплар ҳам унинг ўзига тааллуқли эмас деб ўйлайди.
Айни пайтда бизнинг биринчи мурожаатимиздан кейин Комил Алламжонов эгалик қилувчи компаниялар таркибида айрим жузъий ўзгаришлар юз берди. Шунингдек¸ 2020 йилнинг 29 январида Алламжонов "давлат хизмати"дан кетганини эълон қилди.
Суриштирув давомида мурожаат қилинган давлат тизимларидан ҳам бирор жавоб бўлмади. Фақат Давлат солиқ қўмитасидан қисқа жавоб олдик. Алламжоновнинг қўмитадаги фаолияти¸ хусусан ,“Солиқ инфо” ва БЭМ дастурий таъминотига оид сўровимга жавобан қўмита ушбу маълумотларнинг йўқ қилинганини билдирди. Бу эса¸Ўзбекистоннинг “Архив иши тўғрисида”ги қонунига мутлақо зиддир.
*************
Профессор Кристиан Ласслетт суриштируви матни тақдим этилиши ортидан Озодлик таҳририяти ҳам Комил Алламжоновга ўз саволларини ëзма равишда юборди. Алламжонов фаол бўлган Instagram саҳифасига жўнатилган бу саволлар очиб ўқилганига қарамай¸ мақола чоп этилаётган пайтда уларга бирор шаклда жавоб берилгани йўқ.
Айни пайтда Кристиан Ласслетт суриштируви давомида қилган мурожаатлар¸ қолаверса¸ Озодлик бу суриштирув муносабати билан йўллаган саволларга жавоб бермаган Комил Алламжонов 7 октябрь куни суриштирув ҳақидаги мақола эълон қилинишидан бир соат ўтар-ўтмас унга муносабат билдирди.
Twitter саҳифасида учта тилда ëзилган қисқа баëнотида Алламжонов¸ ўз фаолиятида "Ўзбекистон қонунлари бузилмаган"ини айтиш билан чекланди.
Профессор Кристиан Ласслетт Алламжонов твитига унга йил давомида қайта-қайта юбориб¸ жавоб ола олмаган саволларини жамоатчилик олдида сўраш орқали муносабат билдирди.
Бу саволлар мазмуни эса қуйидагича:
- Солиқ қўмитаси ходимларининг қўмита матбуот котибига қарашли "Солиқ инфо" газетаси ва БЭМ дастурини тадбиркорларга мажбурлаб сотиши қонуниймиди?
- Солиқ қўмитасининг сизга қарашли Ereportга оид 2014 йилги ҳужжатларни йўқ қилиши "Архивлар иши тўғрисида"ги қонунга зид эмасми? (қонунга кўра бу ҳужжатлар камида 15 йил архивда сақланиши лозим-таҳр.)
- Электрон кадастр тизимига ўтишга оид ҳукумат лойиҳасининг тендерсиз GID Systems Tashkent МЧЖга берилиши ва бу қарорнинг lex.uz порталига қўйилмаслиги қонунийми?
Комил Алламжоновнинг ўз суриштирувига билдирган муносабати ҳақида Озодликка қисқа шарҳ йўллаган профессор Ласслетт уни "каттаю кичик фирибгарларнинг севимли жавоби" деб атади.
- "Ҳа¸ ахлоққа тўғри келмайдиган жуда кўп иш қилган бўлишим мумкин¸ лекин менга қаерда¸ қайси қонунни бузганимни кўрсатиб беринг! " Уларнинг анъанавий жавоби шу! Бу саволга жавобни журналист эмас¸ балки Ўзбекистонда "адолат¸ қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш" ҳақида гапираëтган ваколатли раҳбар ва идоралар бериши керак энди¸ деди британиялик профессор.