Жорий йилннг 7 октябрида Адлия вазирлиги ҳамда вазирлик қошидаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ҳамкорлигида "Давлат тилини ривожлантиришнинг ҳуқуқий масалалари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ўтказилган давра суҳбатида Озодлик мухбири ҳам қатнашиб, рус тилида сўзлашувчи Ўзбекистон ватандошларининг хавотирлари борасидаги саволга жавоб олди. Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминовнинг таъкидлашича, “Ўзбекистонда ҳеч бир миллат ëки элатнимг тили камситилмайди ва айни пайтда давлат тили ҳақидаги қонун талаблари пайсалга солинмай, амалга оширилаверади.”
Тадбирдан бир кун олдин Сирдарë вилояти Сирдарë тумани ҳокимлиги туман дўконларига осилган кўрсаткич ва пешлавҳаларнинг 70 фоизи рус тилида эканлигини аниқлаб, уларни демонтаж қилган эди.
Туман матбуот хизмати хабарномасига кўра¸ Сирдарё тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойбек Ҳакимов кўчама-кўча юриб, вазиятни ўрганган.
Хабарномага илова қилинган расмларда рус тилида ëзилган пешлавҳалар демонтаж қилинаëтганини кўриш мумкин.
Ўзбекистон президентининг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва мамлакат ватандошлигини олиш учун ўзбек тилини билиш шарт қилиб қўйилгани ҳақидаги қонун моддалари рус тилида сўзлашувчи ватандошлар хавотирига сабаб бўлган эди.
2019 йили Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга қилган расмий ташриф арафасида 20 га яқин ўзбекистонлик рус тилида сўзлашувчи зиëлилар рус тилига расмий мақом бериш таклифи билан чиққан эди.
Ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич Озодлик билан суҳбатда “рус тилида сўзлашувчи Ўзбекистон ватандошларига совет пайтидаги каби имкон ва шароитлар таъминланиши зарурлигини” айтди. Суҳбатдошга кўра, рус тили “Марказий Осиëдаги кўп миллатли давлатлар учун ўтмишдан қолган ижобий меросдир”. Алексей Волосевичнинг таъкидлашича, “ўзбек тили мавқеини кўтариш уринишлари ортида "миллатчилик" ëтибди. Каримов даврида музлатилган бу "миллатчилик" Мирзиëев даврида гуллаб-яшнамоқда”, дея иддао қилади журналист.
Жорий йилнинг 14 майида Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тили мақоми борасида баёнот билан чиққани интернетнинг ўзбек сегментида қизғин баҳс ва мунозара мавзусига айланганди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ҳақидаги саволга мана бундай жавоб берган эди:
"Биз юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси туфайли оммавий ахборот воситаларида юзага келган муҳокамага эътибор қаратдик. Шундай таассурот туғиладики, унинг тарафдорлари кам. Изоҳларнинг кўпчилиги шундан далолат қиладики, расмий кундалик ҳаётда рус тилининг сақланиб қолиши тарих руҳи ва муносабатларимизнинг ҳозирги даражасига, энг муҳими - ўқиш ва ишлаш борасида Россияни танлаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўла мос келади",- деган Захарова хоним.
Ўзбекистонда рус тилининг мавқеини, асосан, Россиядаги ашаддий миллатчи Жириновский партияси мансублари ëки Кремлга яқин айрим сиёсатчи ва мулозимдар ҳимоя қилиб келади. Ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич ушбу ҳолатни табиий, деб ҳисоблашини айтади.
“Россия ҳукуматида 20 йилдан бери диктатор Путин ўтирибди ва у бизнинг тилимизни ҳимоя қилмоқда. Агар ҳимоя қилмаганида, биз, умуман йўқ бўлиб кетардик. Россияда либерал раҳбар бўлса ҳам ўз тилдошларини айни тарзда ҳимоя қилган бўларди. Агар ҳимоя қилмаса, биз буни талаб қилган бўлардик”, - дейди Волосевич.
7 октябрь куни Адлия вазирлигининг тил бўйича тадбири ташкилотчиларидан бири Шаҳноза Соатова “Ўзбек тили мавқеини кўтариш бўйича қабул қилинаëтган ҳуқуқий қадамларни "миллатчилик деб аташ ноўринлигини таъкидлади.
"Ўзбекистон қонунчиги собиқ СССР давлатлари ва бошқа собиқ мустамлака давлатлар билан солиштирганда, жуда либерал. Бу қонунлар ҳар бир миллат ва элатга ўз тилида ўқиш¸иш юритиш ва мулоқот эркинлигини таъминлайди”, - дея таъкидлади Адлия вазирлиги вакили.
Тилга эътибор...
Ўзбекистонлик санъатшунос Акмал Ризаевнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон президентининг БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани аксар ўзбекларда "ватанпарварлик ҳисларини кучайтирган".
“Мана бизнинг тилимизни дунë тан олди, нега БМТда янграган тил Макро ëки Корзинка дўконида чек ëзишга ярамайди?" қабилидаги эътирозлар кучайди. Маҳаллий телеканаллар кўчалардаги вивескалар ҳақида бирин-кетин танқидий лавҳаларни намойиш қила бошлади. Патриотизм ва ўз тилини улуғлаш ҳаракати, қоидага кўра¸ сиëсий палитранинг ўнг томонида бўлади. Албатта, бу палитранинг сўл тарафида бўлганлар бор. Булар-Россия пропаганда матбуотининг асосий истеъмолчиси бўлган русийзабонлардир. Тил борасидаги қонун ижросининг ҳар қандай минимал шакли русийзабонлар хавотирига сабаб бўлиб келади. Бу сафар ҳам шундай бўлди”, - дейди суҳбатдош.
Акмал Ризаевнинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда яшаëтган ва рус тилини билмайдиган ўзбеклар ҳам рус тилида иш юритилаëтганидан безовта бўлмоқда.
“Аксарият шартнома ва меъёрий ҳужжатлар рус тилида ëзилади. Тошкентдаги барча кафе ва ресторанларда чекни рус тилида уриб беради. 1991 йилдан кейин Ўзбекистонда дунëга келган авлод рус тилини ëмон билади ëки умуман билмайди. Ўтган йил ноябрида Лукойл ширкатиниг Деҳқонободдаги филиалида ишлайдиган ўзбек ишчилари русча инструкцияни яхши тушунмагани учун филиал раҳбари Иван Шилов тарафидан “қўй суруви” дея ҳақорат қилинган эди. Майли, ҳар бир ўзбек гастарбайтери Россияда кунора бундай дашном эшитади. Буни тушуниш мумкин. Россиядаги мигрант ишчи рус тилини билиши шартдир балки. Лекин Деҳқонободдаги ўзбек русча инструкцияни тушунмагани учун ҳақоратга нишон бўлгани, бу - нонсенс”, - дейди санъатшунос.
7 октябрь куни Адлия вазирлигининг тил бўйича тадбирида қатнашган журналист Моҳинур Рустамова ҳам шу мавзуни кўтарди.
“Мен ўзбек ва инглиз тилини билганим ҳолда, рус тилини билмайман. Умуман, рус тилини билмайдиганар аҳолининг аксар қисмини ташкил қилади. Олдин ишга кирганимда, иш шартномасини рус тилида беришди. Яқинда яна ишга кирсам, яна рус тилидаги шартномани қўлимга тутқазишди. Бутун-бошли вазирликлар рус тилида иш юритади. Ҳеч бўлмаса, Халқ таълими вазирлиги келаси бир йил ичида ўзбек тилида ва лотин ëзувида иш юритишга ўта оладими? Нега тил ҳақида йилда бир марта, 21 октябрь куни арафасида эслаймиз, холос?”, - дейди журналист.
Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов бу саволга жавоб бераркан, Ўзбекистон қонунларидан иқтибос келтирди. Мадаминовга кўра¸ ҳар бир вазирликда давлат тилини жорий қилиш учун маслаҳатчи лавозими таъсис қилинган.
“Биз 21 октябрь - Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган кун ўзбек тили ҳақида тадбир ўтказиб, қолган пайт буни эсдан чиқармаймиз”, - деди мулозим.
Тил байрами
1988 йил сентябрида Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Миллий Университет-таҳр) ва Низомий номидаги Педагогика институти талабалари ташаббуси билан Тошкентдаги Алишер Навоий ҳайкали олдида “Тил байрами” ўтказилган эди.
Бу байрам ўша давр давлат матбуотида “миллатчиликнинг салбий кўриниши” дея изоҳланган.
Орадан 31 йил ўтиб, жорий йил апрелида президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь Ўзбек тили байрами сифатида нишонланиши ҳақидаги қонунни имзолади.
Тарихга “Горбачев даври ҳурфикрлиги” дея кирган ўтган асрнинг 80- йилларида ўзбек зиëлилари митинглар ўтказиб, ўзбек тилига давлат мақоми берилишини талаб қилиб чиққан эди.
Бу талаблар ортидан 1989 йилнинг 21 октябрида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Қонунда Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида ўзбек тили тан олиниши белгилаб қўйилган.
Мазкур қонун 1995 йил 21 декабрда Ўзбекистон Олий Мажлисининг қарори ва президент фармони билан янги таҳрирда қабул қилинган.