АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан очилган жиноят иши ёпилганини олқишлади.
Элчи Розенблум журналист Абдуллаев ва унинг оиласи қувончига шериклигини айтар экан, Ўзбекистонда журналистлар фаолияти мутлақ ҳимоя қилиниши лозимлигини таъкидлади.
Бобомурод Абдуллаевга нисбатан тўрт ой аввал очилган жиноят иши 23 октябрь куни тўхтатилиб, шу пайтгача матбуотга очиқланмаган айбловлар бекор қилинди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан очилган жиноят иши ёпилганини олқишлар экан, журналист ва унинг оиласи учун хурсандлигини айтди.
Бу ҳақда ўзининг Twitter тармоғидаги саҳифасида ёзган элчи Розенблюм демократия учун мустақил матбуот равнақи муҳим эканини таъкидлади:
"Президент Мирзиёев тез-тез тилга олганидек, мустақил матбуот демократия равнақи учун ниҳоятда муҳим ва журналистлар фаолияти мутлақ ҳимоя қилиниши лозим".
Розенблюм жорий йил августида журналист Абдуллаев қирғиз расмийлари томонидан Тошкент сўрови асосида қўлга олинган пайти хавотир билдириб, Қирғизистонни журналистнинг ҳаракат эркинлигини ҳурмат қилишга ва Абдуллаевга ўзи танлаган мамлакатга кетишига ижозат беришга чақирганди.
Мавзуга алоқадор АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси журналист Бобомурод Абдуллаев тақдиридан хавотир изҳор қилдиЖурналист Бобомурод Абдуллаев ўзига нисбатан жиноят иши тугатилгани тўғрисида 23 октябрда Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасида ёйинланган видеомурожаатида маълум қилди.
Бобомурод Абдуллаевга кўра, 23 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати катта терговчиси Мансур Эргашев маҳаллий журналистлар ва адвокат гувоҳлигида унга нисбатан шу йил 29 июнь куни очилган жиноят иши тугатилганини маълум қилган.
Шу куни Хорижга чиқиш ва миграцияни расмийлаштириш бошқармаси инспектори Ўлмасбек Собиров томонидан Абдуллаевга янги хорижга чиқиш паспорти тақдим этилган.
Мавзуга алоқадор Журналист Бобомурод Абдуллаев: Менга нисбатан очилган жиноят иши тугатилди
Бобомурод Абдуллаев 18 октябрь куни ўзига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳридаги Green Park турар-жой мажмуасидан янги 3 хонали квартира совға қилингани ҳақида билдирган ва бунинг учун президентга ўз миннатдорчилигини изҳор қилган эди.
Мавзуга алоқадор OzodSuhbat: “Президент ҳадя қилган уйни сиёсий пора деб ҳисобламайман”Бу воқеадан бир кун ўтиб, у Давлат хавфсизлик хизмати идорасида ўзига терговчи Баҳром Каримов томонидан қамаш билан таҳдид қилинганини очиқлаган.
Мавзуга алоқадор Президент уй туҳфа қилган журналист ўзига ДХХ терговчиси қамаш билан таҳдид қилаётганини очиқладиҚирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Бобомурод Абдуллаевни шу йил 8 августида Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан Бишкекда қўлга олган ва 22 август куни Ўзбекистонга топширганди.
22 август куни Тошкентда ДХХ ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан Б. Абдуллаев қўйиб юборилган, бироқ унга қарши очилган жиноят иши ҳали ёпилмаган эди. Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари томонидан шу пайтгача журналистнинг нимада айбланаётганига расман ойдинлик киритилган эмас.
Журналистнинг ўзи Бишкекда қўлга олинган пайтда уни "Қора Мерган" тахаллуси остида ҳукуматга қарши танқидий мақолалар ёзганликда айблаётганларини таъкидлаганди. Бобомурод Абдуллаев бу айбловларни кескин рад этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аввалги ҳибс
Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида ҳам МХХ томонидан ҳибсга олинган. Шундан сўнг у 2011 йилдан бошлаб "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумон қилиниб, судланган.
Маҳкама давомида Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларнинг аксарияти муаллифи эканини тан олган, бироқ ўзи ёзган мақолаларда давлат тўнтаришига чақириқ бўлганини рад этган.
Шу билан бирга, судда журналистга нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилгани қайд этилган.
Прокурор Б.Абдуллаевга 5 йиллик қамоқ жазоси сўраган. Бироқ 2018 йил 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган маҳкамада журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- моддаси, 1- қисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинланган ҳамда суд залидан озод қилинган.