Оксфорд университетининг коронавирус вакцинаси ёшу қарида бир хил иммун реакцияси ҳосил қилди

Оксфорд университетида коронавирусга қарши вакцинани синаш жараёни

Оксфорд университети олимлари томонидан ишлаб чиқилаётган экспериментал COVID-19 вакцинаси ҳам ёшларда, ҳам қарияларда иммун реакциясини ҳосил қилди.

Вакцинани ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилинган Британиянинг AstraZeneca ширкатига кўра, эмлаш воситаси кексаларда бошқа ўхшаш вакциналарга солиштирганда, камроқ салбий реакция келтириб чиқариши аниқланди.

Самарали вакцина янги коронавирусга қарши курашда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. Вирус бугунга қадар 1,15 миллиондан ошиқ одам умрига зомин бўлди, глобал миқёсда иқтисодий бўҳрон келтириб чиқарди.

Оксфорд университети вакцинасининг илмий номи AZD1222 ёки ChAdOx1 nCoV-19 бўлиб, у Pfizer ва BioNTech ширкатлари вакциналари билан бир қаторда расмий рухсат бериладиган илк вакциналардан бири бўлиши кутилмоқда.

AstraZeneca ширкати матбуот котиби: «Натижалар AZD1222 хавфсиз ва иммуноген эканлигини кўрсатувчи далилларни янада мустаҳкамлайди», - деди. Британия соғлиқни сақлаш вазири Меттью Хэнкок коронавирусга қарши вакцина ҳали тайёр эмаслигини, аммо вазирлик аҳолини 2021 йилнинг илк ярмида эмлай бошлашга ҳозирлик кўраётганини айтди.

Вазирдан вакцинани жорий йилда қабул қилиш мумкин бўлиши ёки йўқлиги ҳақида сўралганда, «Буни истисно қилмайман, лекин бундай бўлишига ишонмайман», - деди.

Мавзуга алоқадор Коронавирусга қарши биринчи вакцина яратиш пойгаси якунловчи босқичга кирди

«Дастур яхши силжияпти, лекин ҳали маррага етмадик», - дея Хэнкокнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Рейтер агентлиги.

Оксфорд университети олимлари AZD1222 вакцинаси устида жорий йилнинг январидан буён ишлашади. Вакцина шамоллаш вирусининг шимпанзелардаги инфекция келтириб чиқарадиган турининг заифлаштирилган кўринишидан тайёрланган. Хусусан, олимлар вирусни генетик жиҳатдан ўзгартириб, унга протеин найзачалари генетик кетма-кетлигини қўшишган. Коронавирус инсон танасига айнан шу протеинлар воситасида киради.

Вакцина билан эмланган шахс танаси коронавирусга йўлиқиши билан унга ҳужум қилади. Июль ойида ушбу вакцина билан эмланган 15 – 55 ёшдаги соғлом шахсларда «кучли иммун реакцияси» юзага келгани аниқлангани хабар қилинган эди. Financial Times нашрининг хабар қилишича, тадқиқотлар натижалари яқинда илмий журналда чоп этилади.

AstraZeneca аллақачон бир неча ҳукумат ва ширкатлар билан вакцинани ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича шартномаларни имзолаган. The Sun газетасининг хабар беришича, Лондон шифохонаси ходимларига Оксфорд/AstraZeneca вакцинасининг илк дозаларини қабул қилиб олишга ҳозирлик кўриш бўйича кўрсатма берилган.