Ж. Ортиқхўжаев пойтахтдан Тошкент вилоятига ўтиши айтилган ҳудудлар аҳолисини огоҳлантирди (ВИДЕО)

Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев, 19 декабрь, 2020

Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев 19 декабрь куни пойтахтда ўтган матбуот анжуманида анчадан буён жамоатчилик норозилигига сабаб бўлаётган қатор масалаларда саволга тутилди.

Анжуманда ҳокимга, 2 йилдан буён ваъдалигича қолаётган Тошкент бош плани ва пойтахтдан Тошкент вилоятига ўтказиш режаланган ҳудудлар ҳақидаги саволлар беришди.

2020 йилнинг августида Қурилиш вазири қатор маҳалла ва йирикроқ аҳоли пунктларини Тошкент вилоятига ўтказиш лойиҳасини эълон қилганди.

Бу пойтахт аҳли томонидан қаттиқ норозилик билан қарши олинган. Тошкент ҳокими, норози пойтахтликларни "бирон нарсага эришиш учун бирон нарсадан воз кечиш керак", деб огоҳлантирди.

19 декабрь куни ўтган матбуот анжуманида ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Тошкент ерининг бирон бир қисми Тошкент вилоятига ўтиб кетмайди", деб таъкидлади.

Ҳокимга кўра, пойтахтнинг чегаралари ўзгартирилмайди, пойтахт яқинида йўлдош шаҳар қуришдан мақсад эса - Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларида уй-жой муаммосини ҳал қилишдир.

Ваҳоланки, пойтахтликларнинг бундай саросимасига Қурилиш вазирининг шу йил августда берган баёноти сабаб бўлган.

5 август куни "Ўзбекистон 24" телеканалига интервью берган Ўзбекистон Қурилиш вазири Ботир Зокиров пойтахтнинг Сергели, Чилонзор ва Учтепа туманлари бир қисмини Тошкент вилоятига ўтказиш, Мирзо-Улуғбек тумани таркибидаги Улуғбек шаҳарчасини Қибрай тумани маъмурий марказига айлантириш режаланаётганини маълум қилган эди.

Расмий баёнотда аҳолига қулайлик яратиш мавсадида 1010 гектар капитал ерларни Тошкент вилояти юрисдикциясига ўтказиш ва 8371 гектар вилоят ҳудудини Тошкент шаҳрига ўтказишрежаланаётгани айтилган эди.

Бу баёнот ўшандаёқ шаҳар аҳли томонидан кескин норозилик билан қарши олинган, хусусан Gazeta.uz нашри пойтахтликлар петициялари ҳақида қатор мақолаларни эълон қилган, натижада бу лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши расман айтилган эди.

19 декабрь кунги матбуот анжуманида бу нашр мухбирининг бу лойиҳалар тақдири ҳақида берган саволларига жавобан Тошкент ҳокими:

"Менинг фикримча, 2021 йилда ҳеч қандай ер Тошкентга қўшилмайди. Аммо шуни айтишим мумкинки, Тошкентдаги ерларнинг бир қисми ҳам Тошкент вилоятига ўтмайди", деди.

Тошкент ҳокимининг бу "фикри" конкрет режага асосланганми ва пойтахтдаги қатор туманлар ҳудудини вилоятга ўтказиш режасидан воз кечилганми - бу саволга аниқ жавоб йўқ.

Шунингдек, ушбу йиғинда Ж. Ортиқхўжаев Олмазор тумани яқинида сунъий йўлдош шаҳар қуриш режасига ҳам изоҳ берди.

Шу йилнинг 12 июнида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг бир қисмини Олмазор вилоятига ўтказиб, янги турар-жой массивлари ва корхоналарини барпо этишни таклиф қилган.

Президент Тошкентга сунъий йўлдош бўладиган бу шаҳарча 260 гектар майдонда қурилиши, унда хиёбон, кўнгилочар боғлар, велосипед йўлакчалари, камида 5 минг кишини иш билан таъминлайдиган савдо пунктлари яратилишини айтганди.

Тошкент ҳокимига кўра, Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларида аҳоли зич жойлашгани учун алоҳида шаҳарча қуришга қарор қилинган. Буни айтар экан ҳоким, пойтахт аҳолисини бир нарсага эришиш учун бошқасидан воз кечиш кераклигидан огоҳлантирди:

"Бизнинг иккита йўлимиз бор: ёки ушбу муаммони ҳал қилиш учун ушбу ҳудудларда майда ишланмалар олиб бориш ёки ҳеч кимга аралашмасдан, уларга инфратузилмаси яқин бўлган ҳудудда Тошкентдан узоқ бўлмаган шаҳарча қуриш. Шаҳарда яшовчи фуқароларни безовта қилмаслик учун у ерда (йўлдош шаҳарда — таҳр.) қуриш яхшироқ деб ўйлайман. Ҳеч ким Шайхонтоҳурдан Сергели туманига, Сергелидан Юнусобод туманига кўчиб ўтишни хоҳламайди, улар ўзлари яшайдиган [квартирани олишни] хоҳлашади. Шуларни инобатга олган ҳолда, биз сунъий йўлдош шаҳар яратишни таклиф қилдик". "Озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш ва шу билан бирга уй-жой масаласини ҳал қилиш қийин". "Бирон нарсага эришиш учун бирон нарсадан воз кечиш керак".

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва бузилишлар, шунингдек, алоҳида ҳудудларнинг инвесторларга сотилиши борасида зиддиятли ҳолатлар кузатилмоқда.

Мавзуга алоқадор Юнусободдаги ерни президент куëвига алоқадор МЧЖга берган ҳоким қарори бўйича ажрим яна қолдирилди

Пойтахтдаги ҳудудлар ва алоҳида объектлар ноқонуний равишда баъзи хусусий инвесторларга сотилаётгани, натижада маҳаллий аҳоли уйи ёки тадбиркорлик объектлари ноқонуний равишда тортиб олинаётганига оид жиддий иддаолар бор.

Жумладан, ​Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалласида яшовчи бир гуруҳ аҳоли пойтахт марказидаги энг сўлим ўрмонзорнинг хусусий инвесторга кафе қуриш учун берилишига норозилик билдиргани ҳақида Озодлик хабар қилганди.

Озодлик айни пайтда, Юнусободнинг Универсамида фаолият олиб борадиган 100 га яқин тадбиркор, ҳокимнинг ўзларига тегишли ерни Urban Developers МЧЖга бериш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўраб, судга киритган аризаси тақдирини кузатмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

$11.5 млнлик "совға"- Ортиқхўжаев 100га яқин тадбиркор ерини президент куëвига алоқадор ширкатга текинга берган