“Президент қарори” иддаоси билан фермерлар масжидда қўй сўйиб “эҳсон” қилишга мажбурланмоқда

Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев (ўртада) 27 декабрь куни "Қусам ота" масжидида фермерлардан олинган қўчқорни ҳокимлик эҳсони сифатида сўйдиргани иддао қилинди

Қашқадарë вилояти Косон тумани раҳбарлари 2020 йилнинг сўнгги ҳафтасида туманда мавжуд ҳар бир масжидда жонлиқ сўйилишини буюрди.

Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил равишда бир неча фермер хабар юборди. Ҳоким ғазабига учраши ортидан Янги йил кечасини ИИБда ўтказиш эҳтимоли кучли эканини айтган фермер ва бошқа косонлик тадбиркорлар ўз шахси очиқланмаслигини сўрашди.

Фермер ва тадбиркорлар¸ ҳоким топшириғи ижроси учун масъул ўринбосарлар – ака-ука Султонмурод ва Саид Донаев ҳамда Убайдулла Очилов ўзларидан "вазни 30-40 дан кам бўлмаган қўйни ҳокимиятга олиб келиб топшириш"ни талаб қилаëтганини билдирди. Уларга кўра, бу “эҳсон” президент "қарори" экани иддао қилинмоқда.

Озодлик боғланган Косон туман ҳокимининг икки ўринбосари бундай маълумотни “ëлғон” эканини айтиб¸ телефонини ўчириб қўйди.

“Ҳоким суратга тушиши учун яна қурбонлик”

Озодликка мурожаат қилган косонлик фермерлар 2020 йилнинг сўнгги 10 кунида фермер ва тадбиркорларни талаш чегарадан ошганини айтади.

Кеча бозор куни ҳоким номидан туман Фермерлар кенгашининг раиси¸ ҳоким муовинларидан бири Саид Донаев райондаги 24 та ҳудуд раҳбарига телефон қилиб¸ чорваси бор фермерлар кечки 5 га йиғилишга келсин¸ деди. Бормасликнинг иложи йўқ¸ ҳоким “хотинининг қўйнида ëтган бўлса ҳам олиб келасан”¸ деб участковойни юборади. 30 дан ошиқ фермер келди. Мажлисни ҳокимнинг яна бир муовини Убайдулла Очилов ўтказди”¸ - дейди Озодликка боғланган косонлик фермерлардан бири.

Бу ва Озодлик гаплашган бошқа фермерларнинг айтишича¸ ҳоким ўринбосарлари мажлисда берилган буйруқнинг бевосита президент топшириғи эканини қайта-қайта таъкидлаган.

Косонлик фермерлар¸ туман раҳбарлари тадбиркорларни талаш орқали уюштирилаëтган эҳсон тадбирларини ўзлари учун пиар кампаниясига айлантирганини айтади.

Президент қарори билан ҳар битта масжидда катта жонлиқ сўйиб¸ эҳсон чиқариш мажбурий¸ деди. Қайси қарорлигини айтмади лекин. Ҳар биттанг камида 30-40 килолик қўчқор¸ бўлмаса¸ қорамол олиб келасан¸ деди. Ўша куни ҳокимнинг ўзи "Қусам ота" масжидида фермерлардан биттаси олиб келган қўчқорни сўйдириб¸ дуойи фотиҳа қилдирди. Гўë бу қурбонликни ўз ҳисобидан қилгандек¸ кеккайиб расмларга ҳам тушди. Эҳсон дейилган қўчқорнинг калла-почаси ва 2 килоча гўштни қолдириб¸ қолганини бозорда соттириб юборишди. Халққа¸ Янги йил олдидан ҳокимият камбағалларга эҳсон уюштирди¸ деб хабар тарқатишди”¸ - дейди 27 декабрь кунги воқеа тафсилотларидан яхши хабардор косонлик тадбиркор.

"Камбағалга ëрдам бериш баҳона..."

Озодликка мурожаат қилган косонлик фермер ва тадбиркорлар туман ҳокимлигини камбағаллларга хайр-саҳоват баҳонасида ўзларини очиқчасига талаëтганликда айблайди.

Ҳокимият биз учун гадойхонага айланган. Иши фақат бер-бер. Март ойида гўшт қимматлаб¸ 50 минг сўм бўлиб турганида¸ ҳаммамизни қорамол сўйдириб¸ 35 мингдан топширишга мажбурлашди. Кейин Сардоба балоси чиқди. Ëз ичи икки марта Сардобага деб қорамол ва қўй беришга мажбурлашди. Тадбиркорларнинг ҳисобидан сўраб ҳам ўтирмай¸ Саҳоват фондига деб пул ечиб олишди. Кимдандир 1 миллион¸ кимдандир 5 миллионгача. Кейин Қурбон ҳайити¸ кам таъминланган¸ етим-есирларга эҳсон қиламиз деб¸ 120 дан ошиқ фермердан шохли мол¸ кичикроғидан қўй ва қўчқор олди. Ҳокимиятда склади бор. Убайдулла Очилов опкел¸ дейди¸ обориб берамиз. Бирор жойда расмий рўйхат қилинмайди¸ фалончи фермер ëки тадбиркор фалон пуллик¸ фалон нарса топширди¸ деган ҳисоб-китоб йўқ. Булар тадбиркор¸ фермерни талаб¸ бир қисмини ҳоким номидан тарқатиб¸ расмларга тушаяптида¸ қолганини ўзлари еб ëтибди. Бунақа очиқ талончиликни ҳозиргача кўрмаганмиз”¸ - дейди косонлик яна бир фермер.

“Ҳокимиятдагиларга қонун йўқ...”

Косонлик фермер ва тадбиркорлар ҳокимият раҳбарларининг бундай хатти-ҳаракатларига очиқ эътироз билдира олмасликлари¸ Озодликка ҳам ўз шахсини очиқламай туриб гапиришларини шундай изоҳлайди.

Ҳокимликдагилар айрим фермерларни ўзлари муттаҳам қилиб қўйган. Суғориладиган ерни чорва учун бериш мумкин эмас¸ лекин айрим чорвадорларга бериб қўйган. Кейин¸ айрим фермерларнинг 10 гектарлаб кадастрга кирмаган ери бор¸ қўрқади шуни олиб қўяди¸ деб. Шунга ҳоким нима деса¸ ичида сўкиниб¸ қарғаниб бўлса ҳам¸ айтганини олиб бориб беради. Лекин булар ҳокимиятдиларга яқин катта фермерлар. Кичкина фермерда бунақа нарса йўқ¸ имкони йўқ. Кўпчилиги бир теримдан иккинчисига қарз билан чиқади. Ҳокимият уларни талайвериб¸ гадой қилиб қўйган. Лекин буларнинг ҳам кредити бор¸ ҳоким банкка айтиб¸ сиқувга олади¸ МИБни юбораман¸ солиқни ташлайман¸ молия босади¸ деб қўрқитади. Озодликка очиқ гапирсак¸ Янги йил куни қамаб қўйишдан ҳам тап тортмайди булар! Шунга ҳаммамиз жим”.

Озодлик суҳбатдошлари¸ агар ҳокимликдагиларнинг ҳақиқий мақсади Ҳайит ëки Янги йил арафасида ночор оилалар ва етим-есирларга хайрия ëрдами уюштириш бўлса¸ бунинг ўғрилик ва коррупцияга имкон қолдирмайдиган жўн йўллари кўплигини айтади.

Масалан¸ ўзимиз яшайдиган маҳаллада нечта ночор оила борлигини яхши биламиз. Хайрия кўнгилли бўлса¸ ўзимиз кўнгилдан чиқариб шуларга гўшт ë мева-сабзавот киритиб беришимиз мумкин. Ҳақиқий етимлар кимлигиниям биламиз. Йўқ¸ қўйишмайди. Семиз қўй¸ фалон миллион сўм¸ фалон кило гуруч¸ шакар¸ янги кийим-кечакни ҳокимиятга олиб келасан¸ деб мажбурлайди. Мақсад камбағалга ëрдам бериш эмас¸ фермер ва тадбиркорни талаш экани шундоққина кўриниб турибди”¸ - дейди яна бир фермер.

Ҳоким ўринбосарлари “эшитмай қолди”

Озодлик 29 декабрь куни Қашқадарë вилояти Косон тумани ҳокимлигининг фермер ва тадбиркорлар қайта-қайта тилга олган ўринбосарлари – Саид ва Султонмурод Донаев¸ шунингдек¸ мажбурий эҳсон назоратчиси экани айтилган Убайдулла Очилов билан боғланишга уринди.

Убайдулла Очилов¸ Озодлик мухбири муддаосини эшитиши билан¸ “алоқанинг ëмонлиги¸ ўзининг умуман эшитмаëтганини” айтиб¸ алоқани узиб қўйди - кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

Косон туман ҳокимининг иқтисодиëт бўйича ўринбосари Султонмурод Донаев эса¸ фермер ва тадбиркорлардан келган шикоят мазмунини эшитгач:

-Бу мутлақо ëлғон гап. Ҳеч ким уларни қўй ëки эҳсон қилишга мажбурлаëтгани йўқ¸ бўлиши ҳам мумкин эмас¸ - деб алоқани узиб қўйди.

Косондаги норозиликлар

Кейинги икки ой давомида Косон туманида амалдорларнинг аҳоли норозилигига сабаб бўлаëтган хатти-ҳаракатлари ҳақида Озодликка келаëтган хабар ва шикоятлар кўпайиб бормоқда.

Мавзуга алоқадор "Ўзини ўзи урган": Ҳайдовчини калтаклаган Косон ИИБ ходимларига жиноят иши очилмади

Ҳокимлик томонидан ўқитувчиларнинг ўз касбий фаолиятига алоқаси бўлмаган ишларга мажбурий жалб этилаëтгани¸ тадбиркорларга ноқонуний ўлпон солинаëтгани¸ ҳайдовчини калтаклаган ИИБ ходимларининг жазосиз қолгани ҳақидаги аҳоли мурожаатларига маҳаллий амалдорлар уларни ëппасига инкор этиш орқали муносабат кўрсатиб келмоқда.

Мавзуга алоқадор Косонлик ўқитувчилар уйма-уй юриб, ёшлар ва аёллар аҳволини ўрганишга мажбурланмоқда

Туман ҳокимининг ўринбосари (бугунги мақолада ҳам номи тилга олинган) Убайдулла Очиловнинг ўз қабулига келган аëл билан қаторасига терилган стул устида ëтиб олиб гаплашгани видеоси ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ҳоким ўринбосари қабулига келган фуқаро билан нега ётволиб гаплашди?

Ҳоким ўринбосари ўз қилмишини “бели оғригани” билан изоҳлади. Унга нисбатан бирон чора кўрилгани ҳақида расмий маълумот йўқ.