Хоразмлик 78 фермер кластер корчалони Фарҳод Мамажонов билан ишлашдан бош тортди

Шовотлик фермерлар норозилик билдириш учун Uztex офисига борган

Хоразм вилоят, Шовот туманидаги 78 та фермер хўжалиги раҳбарлари “Шовот Текстил” кластер корхонасига қарашли “Textile Finance Khorezm” МЧЖ билан ишлашдан бош тортди.

Улар бундан сўнг фаолиятларини ўзлари ташкил қилган “Шовот Пахта кооперацияси”да давом эттиришлари ҳақида 14 январь куни Озодлик мухбирига билдиришди.

Фермерлар ишлашдан бош тортган “Шовот Текстил” ва “Textile Finance Khorezm” - йирик тадбиркор Фарҳод Мамажонов назорат қиладиган “Uztex Group” шўъба корхоналаридир.

Ўзининг расмий вебсайтида "МДҲдаги энг йирик тўқимачилик маҳсулотлари экспортчиси" эканини айтган “Uztex group” Наманган ва Хоразмда бешта йирик кластерга эгалик қилади.

Озодлик пахта-тўқимачилик кластери раҳбари, 44 яшар Фарҳод Мамажоновдан муносабат олиш учун “Uztex”нинг бир неча расмий вакиллари билан гаплашди. Мулозимлар фермер ва ширкат ўртасидаги муносабатлар "тижорат сири" бўлгани важидан изоҳ бермаслигини билдирди.

Кластер сиртмоғидан қутулмоқчи бўлган шовотлик фермерлар

"Фақат бизнес..."

Озодлик билан суҳбатда шовотлик фермер Руслан Бекчанов пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Фарҳод Мамажоновнинг олдига “сиз билан ишламаймиз”, деб боришгани ва Мамажоновнинг Рафаэл исмли вакили билан учрашганликларини айтди:

“25 киши бўлиб бориб, Рафаэл билан учрашдик. Бизнес бу, деб айтди. "Сиз ҳам тадбиркор, биз ҳам тадбиркор. Биз ҳаракат қилдик¸ сизлар ҳам ҳаракат қилинг", деди. Харажатларни камайтиринг, деди. Лекин биз харажатни бошқа камайтириб билмаймиз, ахир. Чунки терим пулини давлат белгилаб берди бизларга. Мен билмайман, қанчалик тўғри-нотўғри эканлигини. Чунки фермернинг фаолиятига ҳеч ким аралашмайди, деб айтилувди. Лекин давлат нарх белгилаяпти. Теримга тўланган пул ҳам фермер даромадидан олинади. Фермернинг чўнтагидаги пулга кимдир хўжайинчилик этип турибди. Нима учун мен бозор иқтисоди шароитида ўзим нарх белгилаб билмайман? Ишчилар учун меҳнат ҳақини нега ўзим белгилаб билмайман? “¸ - дейди Руслан Бекчанов.

Фермер Руслан Бекчанов

Мамажанов чув туширди

Бундан олдин 2020 йилнинг декабр ойи охирида шовотлик фермерлар Ўзбекистон президенти ва “Хоразм минтақавий пахта терминали"га хат ëзиб, пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Фарҳод Мамажонов “уларни чув туширгани”дан шикоят қилишганди. Ўзларининг иддао қилишича, фермерлар кучли административ тазйиқ остида амалда деҳқонларнинг кластер қулига айланишини таъминлайдиган “шартномага имзо қўйишга мажбурланган” .

Норозилик мактуби

Озодликда нусҳаси бўлган ва фермер хўжаликлари муҳри билан тасдиқланган икки варақли ҳужжатда Фарҳод Мамажоновга оид кластернинг "деҳқонларни қандай алдагани" мисоллар билан келтирилади:

“Мамажанов биз билан учрашиб, пахтани “Ўзпахтасаноат” нархидан қиммат сотиб олишга ваъда берди. Охир-оқибат 2018 йилги пахтани биздан 250 сўм арзонга сотиб олди. Берилган ваъда бажарилиши у ëқда турсин? бизни Фарҳод Мамажонов 250 сўмга чув туширди. 2019 йили эса, минг сўмга кам ҳақ тўлади. 2020 йилда фақат бир томон, яъни кластер манфаати кўзланган¸ монополистик шартлар асосидаги шартномани туман ҳокими ва қишлоқ хўжалик бошқармаси тазйиқи остида яна “Textile Finance Khorezm” билан имзоладик. Шартнома шартларига норозилигимиз умуман эътиборга олинмади”, дейилади ҳужжатда.

Мактубда "кластер балоси уларни қулоғигача қашшоқлик ботқоғига ботиргани" таъкидланади:

“Энди бу аҳволда ишлаб бўлмайди. Яъни “Textile Finance Khorezm” МЧЖ ХК билан тўғридан-тўғри контракция шартномаси тузиб, пахта етиштиришдан бош тортамиз”.

Мактуб давомида шовотлик фермерлар “кластер сиртмоғидан қутулиш учун” “Оилавий пудрат усуллари қўлланган “Шовот Пахта кооперацияси ташкил қилишга қарор” қилгани айтилади.

Озодлик билан суҳбатлашган фермер Руслан Бекчоновга кўра¸ "Кооперация, бу - фермерларнинг эркин уюшмасидир"

Эркин деҳқонлар уюшмаси: Утопиями ëки реаллик?

Мустақил деҳқонлар уюшмаси тузиш ташаббусчиларидан бири¸шовотлик 59 яшар фермер Неъмат Ишчанов Озодлик билан суҳбатда президент ва ҳукуматнинг амалдаги қарорлари эркин уюшма тузишга изн беришини таъкидлади.

"Шовотдаги фермерларнинг ярмидан кўпини ташкил қилган 78 фермер хўжалиги туманипахта тозалаш заводи қошида «Шовот пахта кооперацияси ташкил қилишга қарор қилдик. Бу жорий қонунларга ва президентнинг 2020 йил 6 мартдаги К 4633 қарорига мувофиқ келади. Президент қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг кооперациялар ташкил этиш ҳақидаги қарорига биз тузаëтган кооперация мос келади. Кооперацияга бирлашган 78 фермер пахта етиштириб, пахта тозалаш заводига топширади. Ишлаб чиқарилган толани биржада ўзимиз сотамиз. Қозоғистонда самара берган усул. Пировардида, фермерларниг бойиб ,қишлоқда бадавлат ўрта синф яралишига ва қишлоқ ҳаëти тубдан ўзгаришига сабаб бўладиган муҳим омил бу".

Шовотлик фермер Неъмат Ишчанов

Айни пайтда шовотлик фермерларнинг ташаббуси маҳаллий ҳокимият қаршилигига учрамоқда.

Вилоят ҳокимлиги мулозимининг фермерларга берган хатида "Шовотдаги пахта тозалаш заводи "кластерга текин (нега текин берилганига аниқлама йўқ-таҳр.) берилгани боис кооперация тузиш имкони йўқлиги" айтилади.

"Шовот пахта тозалаш заводи"нинг Озодлик гаплашган мулозими эса, завод ҳеч кимга сотилмагани ëки текинга балансдан балансга ўтказилмаганини айтди. Завод маъмурлари Озодлик билан суҳбатда "кластер чангалига тушиш истаги йўқлигини" билдирди.

Вилоят ҳокимлигининг исми айтилмаслигини сўраган мулозими Озодликка ташаббусчилар ëзган мактуб ва бошқа ҳужжатларни тақдим қилди.

Мулозим "ўлсанг ҳам, қолсанг ҳам, кластер тузасан" деган юқорининг босимидан чарчагани ва эркин фермерлар кооперацияси тарафдори эканлигини таъкидлади.

Айни пайтда мулозим "ишидан айрилиб қолмаслик учун "манфаат гурухлари" ва "қудрат марказлари" иродасига бўйсунишга мажбурлигини" ҳам тушунтирди.

Фермер Ишчанов Ўзбекистон президентининг Хоразмга ташрифи чоғида унга ҳамроҳлик қилган қишлоқ хўжалигига масъул ўнлаб мулозимлар билан учрашиб, "қишлоқ хўжалигида ислоҳотни тушунадиган" мулозимлар йўқ, деган фикрга келганлигини айтади.

«Мулозимлар қишлоқ хўжалигини кластер сиртмоғига солмоқчи бўлганлар босими ва таъсири остида қолгандай туюлди менга. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов билан учрашдим. Ўша машхур «гўшт кўп едик» деган гапни айтган амалдор. Ҳайитов «фақат кластер бўлиши керак» деган мужмал гапни такрорлашдан нарига ўтмади. Мен бу мулозимларнинг кооперация¸ эркин бозор муносбатлари ва умуман, президент ислоҳотлари ҳақида тасаввури ҳам йўқ, деган хулосага келдим»¸ - дейди Ишчанов

Танлаш ҳуқуқи йўқ

Ўтган йили шовотлик фермерлар “Шовот Текстил” кластер корхонаси ва туман ҳокимлиги уларни фермерлар манфаатига зид келувчи шартномани имзолашга мажбур қилаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

Фермерлар имзолаш учун тавсия қилинаётган шартнома шартлари фақат кластернинг манфаатига хизмат қилиши, мажбурий суғурта шартлари адолатсизлиги, минерал ўғит ва ёнилғи нархлари баландлиги, фермернинг эса кластер танлаш ҳуқуқи йўқлигидан норозилик билдиришган.

“Шовот Текстил” кластер корхонасига қарашли “Textile Finance Khorezm” МЧЖ раҳбари ​ Равшан Ҳайитбоев фермерлар иддаоларини инкор қилиб, уларга кўрсатиладиган хизматлар "аъло даражада" эканини иддао қилган.

Фермер кластернинг маҳрига тушган эмас


Ўзбекистондаги пахта саноатида ҳуқуқ бузилишларини 10 йилдан бери кузатиб келаётган Германиядаги “Ўзбек форуми” вакили Лин Швайсфурт (Lynn Schweisfurth) Озодлик билан суҳбатда ўзбек фермерларининг кластер қулига айлантирилганидан ташвишда эканини айтди:

“Ўзбекистондаги деҳқонлар пахтани етиштириш нархини белгилаб берадиган ва фермерларни қарзга ботириб, қашшоқ қиладиган ягона кластер қўл остида қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Эркин бозор иқтисодиётининг бутун концепцияси танлов ва "эркин" тадбиркорликка асосланган. Бу фермерларга ҳам, кластерларга ҳам тегишли. Агар деҳқонлар кооператив тузмоқчи бўлса ва бу улар учун пахта етиштиришнинг энг фойдали усули бўлса, улар бунда эркинликка эга бўлишлари керак. Uztex каби кластерларга фермерларни ўзларининг эксплуатация қилувчи бизнес моделларига қарам қилишига йўл қўйиб бўлмайди. “

Лин Швайсфурт Тошкентда ҳокимлар билан учрашув пайтида

Бутун республика бўйлаб кластер қопқонлари

Озодликка мурожаат қилган фермерлар кластер корхоналарини шартнома шартларини бузиш, бўнак пули ва ёнилғи-минерал ўғит билан таъминламаслик ҳамда ҳосил пулини тўлашни кечиктиришда айблаб келади.

Кластер корхоналарининг аксарияти ўз камчилигини тан олган бўлса, баъзилари фермерлар иддаоларини рад этиб келади.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига уч йил тўлишига қарамай, улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

Кластер ва шубҳали схемалар

Ўзбекистонда илгари давлат назоратида бўлган пахтачилик тармоғи корхоналари 2018 йилдан бошлаб маҳаллий компаниялар ва хорижий инвесторлар тасарруфига берила бошланди.

Буюк Британиядаги Ольстер университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми ҳамкорлигида тайёрланган тадқиқотда Ўзбекистондаги кластерлар тизими танқид қилинади.

Ўтган йили эълон қилинган ҳисоботда “Uztex Group” раҳбари Фарҳод Мамажанов “шубҳали схемаларга аралашгани” айтилган.

Ўзбекистонда пахта етиштириш хануз ислоҳ талаб соҳа бўлиб қолмоқда

Профессор Ласслеттга кўра¸ ўтган асрнинг 90-йилларида ота-ўғил Фахриддин ва Фарҳод Мамажоновлар томонидан ташкил этилган UZTEX Group Мирзиëев ҳукумати пахта секторида бошлаган хусусийлаштириш жараëнининг “юзи”га айланган.

2020 йилнинг 1 июль куни Швейцариянинг Tages-Anzeiger нашри UZTEX Group мулкдори Фарҳод Мамажонов¸ хусусан, унинг Rieter компанияси билан ҳамкорлиги кўпдан Швейцария прокуратураси назарида экани ҳақида ёзган.

Мамажоновлар¸ 2007 йилда ташкил этилган Инфинбанк¸ тўлиқ номи «Invest Finance Bank» бўлган хусусий банк мулкдори ҳамдир.