Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшайдиган Фарида Искандарова, вилоятнинг Сурум қишлоғида портлаган газ қувурини ётқизган ширкат унинг уйини ҳам куйдиргани, аммо раҳбарлар жазосиз қолганидан норози бўлмоқда.
Ўтган йил ноябрда қувурдан газ сизиши оқибатида унинг уйида портлаш юз берган ва унда турмуш ўртоғи, ўғли нобуд бўлган, ўзи ҳамда қизи қаттиқ куйган.
Ҳозирга қадар жароҳатлардан даволанаётганини айтган Искандарова, шифохонада бўлган кезда тергов иши ноқонуний тарзда ёпилганини даъво қилмоқда.
Искандарова тақдим қилган ҳужжатларда жиноят ишининг ёпилишига қувурдаги носозлик учун масъул кўрилган ширкат раҳбари ҳозирда айни қонунбузарлик учун жазо муддатини ўтаётгани асос қилиб келтирилган.
Искандарованинг адвокати иш нотўғри малакалангани, аслида бу “Сурум фожиаси”нинг айнан такрори экани, бу эса қурувчи ҳамда шохобчага масъул ширкатлар жавобгарлигини янада оширишини таъкидламоқда.
2019 йилнинг ноябрида Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманининг Сурум қишлоғидаги хонадонлардан бирида портлаш рўй бериб, бир оиланинг 3 аъзоси ўлган, яна 3 аъзоси - икки бола ва онаси қаттиқ куйиб, бир умрга мажруҳ бўлиб қолгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Айни пайтда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида истиқомат қилаётган Фарида Искандарова ўтган йилнинг ноябрда уйида содир бўлган портлашда куйиб кетганини айтади.
Озодлик билан суҳбатда айтишича, портлаш уйи яқинидан ўтган қувурдан газ сизиши натижасида содир бўлган:
- Уйимиз ёнидан газ қуйиш шоҳобчасининг қувури ўтган экан, труба пластмасса бўлган. Қувур синиб кетганда, газ қўшнимизнинг қудуғига тўпланган. Бизнинг уйимиз ўша қудуққа яқин жойлашган. Ўшандан газ сизиб, бизнинг уйимизга газ тўпланиб турган бўлган. Мен эрталаб оқ халатимни дазмолладим. Кейин дазмолни токдан узган пайтимда чақмоқ чиқадику, ўшанда бирдан уйда портлаш бўлди. Мен олов ичида қолиб кетдим, - деб хотирлайди Искандарова.
Унинг айтишича, портлашда ўзи билан бирга вояга етмаган қизи ҳам куйган, 8 яшар ўғли ва турмуш ўртоғи бу ҳодисада нобуд бўлган.
- Менда 25 фоиз куйиш бўлди, куйиш даражаси 3-4 даража бўлди. Юзим, оёқ ва қўл панжаларим куйиб кетган. Қизимда 5 фоиз бўлган. Кейин мен 3 ой шифохонада ётдим, кетма-кет операция бўлдим. 1 йилга ногиронлик беришди. Чиққанимдан кейин айтишдики: "Ишингиз ёпилиб кетган, сизга бошқа ҳеч нарса ундирилмайди, бошқа ҳеч нарса қилолмайсиз", деб. Буни менга терговчи хабар қилмаган. Мен иш нима билан тугаганини аниқ билмайман. Мен ишнинг ёпилишидан норози бўлиб адвокат ёлладим, - дейди Фарида Искандарова.
38 яшар Искандарованинг касби нарколог врач, машъум ҳодисага қадар Тошкент шаҳар наркология диспансерида ишлаган.
Ҳозир эса куйишдан олган жароҳатларидан ишлаш қобилиятини тамоман йўқотган, мисол учун қўл бармоқлари букилмас ҳолга келганини айтади:
- Шу воқеадан кейин менга 300 миллион сўм пул берилди. Ҳаммасини ҳали ишлатганим йўқ, лекин ҳисобласак тўлиқ даволанишимга бу пул етмайди. Лекин, Сурум қишлоғида бўлган воқеа 1 йил ўтиб бизда такрорланиб турибди. портлаган қувур ҳам шуларга тегишли экан. Учинчи марта бўлмаслигига ҳеч ким гарантия бермайдику?! Шохобча ишлаб турибди, газ қувурлари турипти. Халқни ҳеч ким ўйламаяпти!
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Искандарова ҳамда унинг адвокати Озодликка тақдим қилган ҳужжатларда қайд этилишича, аҳоли яшаш пункти ичидан ўтган ва газ сизган қувурни “Global Trans Qurilish Montaj” МЧЖ ширкати ётқизган.
Ҳужжатда келтирилишича, қувур “Mega Oil Biznes” МЧЖ ёқилғи қуйиш шохобчаси буюртмасига асосан ётқизилган ва қурувчи пудратчи ширкат раҳбарининг айни жиноят учун жазо ўтаётгани инобатга олиниб, шу йилнинг 4 мартида жиноят иши тугатилган.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Э.Қ. Донабоев имзоси акс этган қарорга кўра, “Global Trans Qurilish Montaj” МЧЖ раҳбари Тожиқулов Ғулом Пардабоевич Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судининг 2020 йилнинг 10 ноябридаги суд ҳукми билан 4 йилу 6 ойга озодликни чеклаш жазосини ўтамоқда.
Иш тафсилотларига кўра, Тожиқулов “Mega Oil Biznes” МЧЖ билан 3 миллиард сўмлик шартнома тузган ва шу асосда газ қуйиш шохобчаси, ошхона ва қувур қуриш чоғида қонунчиликда белгиланган талабларни бажармаган. Шунингдек, газ қувурини ётқизиш пайтида қумтушама ва изоляция талабларини белгиланган тартибда бажармаган.
Искандарованинг адвокатига кўра, бу қонунбузарликлар 2019 йилнинг ноябрь ойида Қуйичирчиқнинг Сурум қишлоғидаги хонадонда рўй берган портлашга сабаб бўлган.
Мавзуга алоқадор Бир оиладаги уч ўлимга сабаб бўлган"Сурум фожиаси" фигурантлари иши терговга қайтарилдиЎшанда юз берган портлашда 1 оиланинг 3 аъзоси ўлган, яна 3 аъзоси - икки бола ва онаси куйиш жароҳати олиб, бир умрга мажруҳ бўлиб қолгани ҳамда узоқ давом этган судлов жараёни ҳақида Озодлик бир неча бор хабар қилган.
Озодлик ихтиëридаги тергов ҳужжатларига кўра, 2019 йил 11 ноябрь куни Ҳулкар Пирназарова исмли аёлнинг хонадонидан эллик метр наридаги газ қуйиш шохобчасига ер остидан тортилган полиэтилен қувур тешилган.
Оқибатда, ундан сизиб чиққан газ ер ости бўйлаб хонадонга тарқалган. Бундан бехабар Пирназарова ошхонада чой дамлаш учун гугурт ёққанида газ чақнаб, портлаш рўй берган.
Орадан бир йил ўтиб, айни ширкат ётқизган қувурдан газ сизиши оқибатида Янгийўл туманида такрорланган портлашда эса яна бир оиланинг 2 аъзоси ўлди, икки нафари - она ва қиз куйиш жароҳати олди, она бир умрга мажруҳ бўлиб қолди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Исми очиқланишини истамаган адвокат, аслида айни фожеанинг 1 йил ўтиб, Янгийўл туманида такрорланиши, қурувчи ва ёқилғи қуйиш шохобчасини юргизаётган ширкатларнинг жавобгарлигини янада оширишини таъкидлайди.
Адвокатга кўра, бу ҳолат - муаммонинг тизимли экани, эҳтимол бу ширкат ётқизган қувурга яқин бошқа хонадонлар ҳам хавф остида бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Адвокат Фарида Искандарова хонадонидаги портлаш бўйича жиноят ишининг тугатилишини ноқонуний, деб ҳисоблаши ва бу иш юзасидан, ўз ҳимояланувчиси сўровига биноан, шикоят аризаси киритишини айтди.
Унинг таъкидлашича, бу каби фожиаларга жамоатчилик ҳам жиддий эътибор қаратиши ва масъул ширкатларнинг жавобгарликка тортилишини назорат қилиши керак.