“Ўзимизникилардан нажот йўқ”. Россияликлар чет давлатлар раҳбарларидан ёрдам сўрамоқда

Германия канцлери Ангела Меркелга ёрдам сўраб мурожаат қилган  Юқори Карбуш қишлоғи аҳолиси . Россия, Омск области.

Омск областининг Юқори Карбуш қишлоғи аҳолиси йўлларини асфалтлаб беришни сўраб Германия канцлери Ангела Меркелга видеомурожаат йўллади. Улар маҳаллий амалдорларга кўп йиллардан бери арз-дод қилиб келади, бироқ ҳеч бир натижа бўлаётгани йўқ. Дарвоқе, улар асфалт тўшаб беришни илтимос қилаётган кўча немис концлагерида ўлдирилган совет генерали Карбишев номи билан аталади.

— Ростини айтсам, Меркель бизга пул беришига ёки асфалт келтиришига ишонмайман, лекин эҳтимол ҳукуматимизга таъсир қилар лоақал?! Путин билан учрашиб қолганида: “Бошқа мамлакатларга ёрдам бергандан кўра, россияликлар ва россиялик немислар ҳолидан хабар олсангиз-чи!” деб танбеҳ берар балки. Мен шундан умидворман, дейди мурожаат муаллифи, Юқори Карбуш қишлоғи депутати Ирина Дроздова.

Қишлоқликларнинг айнан Меркелни танлагани бежиз эмас: Юқори Карбушга 110 йил бурун немислар асос солишган, уни ҳанузгача немис қишлоғи, деб аташади.

Дмитрий Карбишев номидаги кўча шаҳардаги энг қадимги ва энг катта кўча саналади. “Илгари у худди ваннага ўхшарди. Ёмғир ёғса, узун резина этик киймасдан ўта олмасдик. Кейин кўчага 150 машина қурилиш чиқиндиларини олиб келиб, тўкдик. Сув тўпланишидан қутулдигу лекин ёғингарчиликда барибир лой-балчиққа ботяпмиз”, дейди Дроздова.

У депутат сифатида Юқори Карбуш ва қўшни қишлоқларнинг йўлларини эпақага келтириш учун уч йилдан бери олишаётганини айтади.

— Қаерларгагина мурожаат қилмадик дейсиз! Катта-кичик амалдорлардан ёрдам сўрадик. Медведев президентлигида Москвага, Оқ уйга ҳам бордик. Путин билан тўғридан-тўғри мулоқотларда савол ёздик, лекин бир марта ҳам эфирда ўқиб эшиттиришмади. 2019 йили Путин шаҳримизга келганида дардимизни ҳаво шарига ёзиб, учирдик. Барибир фойдаси бўлмади, давом этади у.

Дроздовага кўра, охирги марта 1989 йилда нари-бери асфалтланган Садовая кўчаси ўтган йили, ниҳоят, таъмирланган. Аммо бунга қишлоқликлар осонликча эришмаганлар. Дроздова йўлни таъмирлашни талаб қилиб бошқа депутатлар билан пикетларга чиққанини, очлик эълон қилганини айтади. Айниқса очлик эълон қилишганидан сўнг мулозимлар “қимирлай бошлабди”.

Ирина Дроздова

Аммо Карбишев кўчаси масаласида қайси эшикка бош уришмасин, ҳамма жойда бир хилда “пул йўқ”, деб жавоб беришмоқда. Кўп ҳам умид қилишмаса-да, бордию Германия канцлери ростдан Юқори Карбушга ёрдам берса, Дроздова кўчанинг бошида “Бу йўл Ангела Меркель маблағига қурилган”, деган пешлавҳа очиб қўймоқчи.

— Нега Германиянинг йўллари равон, бизники дабдала? Улар йўл қурилиши ва таъмирига кўпроқ пул ажратади, деб ўйлайсизми? Асло. Уларда ўғрилик кам, ҳамма гап шунда, дейди Ирина.

Дарвоқе, Ирина Дроздова қишлоқ муаммолари билан чет давлат раҳбарига биринчи марта мурожаат қилаётгани йўқ.

— 30 йил муқаддам бу ерга Братскдан кўчиб келганман. Юқори Карбушга шаҳардан битта ҳам транспорт қатнамаслигини кўриб ҳайратга тушдим. Одамлар энг яқин бекатга бориш учун олти чақирим пиёда юришарди. Ўшанда мен Америка президенти Билл Клинтонга мактуб ёзгандим. Жавоб келгани йўқ, албатта, аммо маҳаллий ОАВ мавзуни давом эттирди. Уч йил деганда муродимизга етдик: қишлоққа кунда икки маҳал автобус қатнайдиган бўлди. Одамлар жуда хурсанд бўлишди.

Юқори Карбуш қишлоғи йўли

Халқаро жанжалдан қўрқиб

Юқори Карбуш — Омск областидаги Германия канцлеридан кўмак сўраган ягона қишлоқ эмас. 2019 йил декабрда Азов немис миллий туманининг Звонарёв Кут қишлоғи аҳли ҳам Меркелга мурожаат йўллаган. Карбушликлар каби, улар ҳам видеомурожаат ёзишган ва хат жўнатишган. Улар кўмирда ишлайдиган қозонхоналарини газга ўтказишда ёрдам сўраган.

Маҳаллий ҳуқуқбон Валентин Кузнецовнинг айтишича, 1992 йили Омск вилояти ҳудудида аҳолиси асосан немислардан иборат Азов немис миллий тумани тузилганида Германия уни ривожлантиришда фаол ҳамкорлик қила бошлаган, хусусан, молиявий кўмагини дариғ тутмаган. Бинобарин, Кузнецовнинг фикрича, “айнан Меркелга мурожаат этиб мантиқан тўғри иш қилишган”.

— Қозонхонамиз жуда ёмон ишлайди. Қишда зўрға 14-16 даража иссиқ беради. Бормаган жойимиз қолмади: энг қуйидан энг юқоригача чиқдик, хотирлайди Кузнецов.

Звонарёв Кут қишлоғида истиқомат қилувчи Ирина Даценкога кўра, халқаро жанжалдан қўрқиб Меркелга мурожаат қилишга қарши чиққанлар ҳам бўлган. Мурожаат қилиш тарафдорлари эса, гарчи ўз амалдорларидан ёруғлик чиқишидан умид узган бўлсалар-да, Меркелнинг жавоб беришига ҳам унчалик ишонишмаган.

Аммо жавоб тезда келган. Жавоб Германия Бундестаги (парламентнинг қуйи палатаси) аъзоси Майк Сидорук имзоси билан келган.

— Сидорук хатидан биз тасвирлаган турмуш шароити уларни “бир пайтнинг ўзида ҳам ранжитиб, ҳам ларзага солган”ини билдик. Меркель жуда банд бўлгани боис бизга шахсан мактуб ёза олмабди. Аммо иқлим ва энергия назорати тизимлари билан шуғулланувчи бир немис ширкатининг Россияда бизнес-шериги бор экан. Сидорук бизга ўша агентликка мурожаат қилишни тавсия қилиб, телефонларини ёзиб юборибди. Лекин биз уларга қўнғироқ қилмадик, — дейди Даценко.

Аёлнинг айтишича, 2020 йилда аҳвол бирмунча яхшиланган. Тўғри, қозонхонани газда ишлашга ўтказишмаган, лекин ҳарқалай уйлар қишда аввалгидан иссиқроқ экан. “Менимча, маъмурият ўзидан уялиб, сифатлироқ кўмир сотиб олиб берган бўлса керак”, тахмин қилади Даценко.

У Озодлик мухбирининг “Нега россияликлар айнан хорижий давлатлар етакчиларига мурожаат қилишяпти?” деган саволига жавобан шундай деди:

— Нимага десангиз, Россияда ҳеч нимага эришиб бўлмайди, шунинг учун четдан нажот излашга тўғри келяпти. Шунчаликка бордики, айримлар тиз чўкиб Путиндан ёрдам сўрашмоқда. Мен бунақаларни кўрганимда уяламан. Одамларга нима бўляпти ўзи? Прокуратура, суд, полиция идораларининг шунча таҳқир ва хўрликларига қандай тоқат қилиш мумкин? Мен ҳеч кимни ҳеч нарсага даъват қилаётганим йўқ, аммо, нега чўк тушишимиз кераклигини барибир тушунмайман. Нормал давлатда, раҳбар кимлигидан қатъий назар, тизим ишлаши керак. Ва бу тизим оддий халқ фаровонлиги учун ишламоғи лозим, 2 фоиз “сараланганлар” фойдасига эмас.

Биз қилмасак, ким қилади?

“Яблоко” партияси Омск шуъбаси раиси Татьяна Нагибина аниқ битта одамга эмас, балки барча “етакчи давлатлар раҳбарларига” мурожаатнома ёзишга қарор қилган. 2020 йил январда Нагибина ташкил қилган митингга келган 100 дан зиёд киши пешқадам давлатлар раҳбарларидан миллиончи шаҳарни заҳарли тутунлар ва тепса-тебранмас амалдорлардан қутқаришни рус ва инглиз тилларида илтимос қилишган эди.

— 2017 йилдан бери Омск атмосферасига саноат корхоналаридан зарарли тутунлар чиқиши буткул назоратсиз қолиб, одамлар ҳамиша ҳаводан кимёвий моддалар исини ҳидлашга мажбур бўлишмоқда. Ҳавода углерод оксиди, хлорводород, азот оксиди, этилбензол каби газлар миқдори йўл қўйилган меъёрдан анча юқори. 2019 йил октябрда Путинга видеомурожаат ёзувдик. Бир нечта жавоб олдик, лекин мазмуни бир хил: “зарарли ташланмалар манбаини аниқлаш имконияти йўқ, чунки текширувчиларга федерал аҳамиятга эга корхоналарга кириш учун ваколат берилмаган”.

Шунда Нагибинада муаммони мамлакатдан ташқарига олиб чиқиш ғояси туғилган. Илғор мамлакатларнинг деярли барчасида экология ва атмосфера тозалиги муаммоси йўқлигини ўйлаб, бирйўла ҳаммасига мурожаат қилишга қарор беришади.

— Шундан сўнг Первий каналда биз ҳақимизда лавҳа эфирга узатилди. Ортидан федерал корхоналарни режадан ташқари текширишди. Кимларгадир жарима солишди, қандайдир ўзгаришлар бўлди. Ишончим комилки, қўл қовуштириб турсак, шу ҳам бўлмасди. Аммо ҳаракатдан тўхтаганимиз йўқ. Бу курашда барча қонуний чоралардан фойдаланамиз, — дейди у.

Ўз муаммоларини ҳал қилишда бошқа давлатлар раҳбарларидан ёрдам сўраган россияликлар фақат Омск вилояти аҳли билан чекланмайди.

Ўтган йилнинг мартида Хабаровск марказида жойлашган хароба аҳволдаги ёғоч уйнинг иккинчи қаватида “Трамп, ёрдам бер — бизни бошқа жойга кўчиришсин”, деган ёзув пайдо бўлган эди. Бошқарув ширкати плакатни тезда йиртиб ташлаган бўлса ҳам, уй аҳли чекинмади: митинг ташкил қилиб, АҚШнинг ўша пайтда амалда бўлган президенти Дональд Трампга Октябрнинг 60 йиллиги кўчасидаги 67-уйнинг вайрона ҳолатига келиб қолгани, хусусан деворлар моғорлаб, канализация ва марказий сув таъминоти йўқлиги ҳақида сўзлаб беришди. 2020 йил декабрда, норозилик чиқишидан 9 ой кейин шу ва бошқа бир неча уйни “авария ҳолатида” деб топишди. Аммо 2021 йилнинг март ойига келиб одамлар, уларни кўчиришмаётганидан шикоят қилиб тағин митингга чиқдилар. Аммо бу сафар ажнабий давлат раҳбарига мурожаат қилишгани йўқ.

Киселёвскдаги қора қор босган болалар майдончаси

2019 йилнинг ёзида Кузбасс вилоятининг Киселёвск шаҳри аҳолиси уларга экологик қочоқ мақомини беришини сўраб Канада бош вазирига мурожаат қилишганди. Улар Жастин Трюдо номига видеомурожаат ёзиб интернетга жойлашган, шу мазмундаги мактубни эса Москвадаги Канада элчихонасига жўнатишган.

“Биз экологик ҳалокат шароитида яшашга мажбур бўляпмиз. Ёнимиздаги конларни тинимсиз портлатишади... Кўмир корхоналари эгалари кўмирни очиқ усулда қазиб олиш жараёнида аҳолига етказилган зарарни мутлақо қопламайди. Атроф-муҳит тозалигини сақлашга масъул мансабдорлар эса бизнинг эмас, уларнинг тарафини олмоқда”, дейилган аҳоли мурожаатномасида.

Ушбу чиқишдан сўнг Кузбасс губернатори Сергей Цивилёв аҳолини Кузбасс ва Россиянинг обрўсини тўкишда айблади. Киселёвск маъмурияти эса 71 та уй аҳолисини кўчиришга ваъда бердию 4 кундан сўнг сўзидан тонди. 2019 йил июнда эса Канада бош вазири мурожаатга расмий жавоб бериб, экологик қочоқларга бошпана бериш тартиб-қоидаларини тушунтирди: қочоқ мақомига даъвогар одам шу мамлакат ҳудудида яшаётган бўлиши, ҳукумат идорасига расман ариза бериши керак экан. Аммо киселёвскликлардан ҳеч ким Канадага жўнаб кетмади.