“Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси етакчиси Хидирназар Аллақулов Ўзбекистон Адлия вазирлигининг партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этиш қарорига муносабат билдирар экан, "майдонда якка ўзим қолсам ҳам, сиёсатни тарк этмайман" деди.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги 21 июнь куни "Ҳақиқат ва тараққиёт" партиясини рўйхатдан ўтказиш учун имзолар етарли эмас, дея аризасини рад этганди.
Хидирназар Аллақулов 22 июнь куни Озодлик билан суҳбатда партияни рўйхатдан ўтказиш учун "кураш қонун доирасида кураш давом этади", деб айтди.
"Бу партия рўйхатдан албатта ўтади. Рад этиш ваколати уларда, партия тузиш ҳуқуқи уларда эмас, биздаку! Партиямиз фаолияти энди ўн марта ортади, асло тўхтамайди. Сиёсий майдондаги кураш шу вақтгача бўлган курашдан ўн карра кучаяди. Қонун доирасида бўлади. Биз сиёсий майдонни асло трак этмаймиз. Сиёсий майдонда якка ўзим қолсам ҳам тарк этмайман", - деди Аллақулов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Адлия вазирлигининг расман билдиришича, партия вазирликка тақдим этган ҳужжатлар икки марта ўрганиб чиқилган ва “Сиёсий партиялар тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя қилинмагани аниқланган.
Вазирликнинг таъкидлашича, партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо керак бўлади, аммо “Ҳақиқат ва тараққиёт” фақат 9 873 та имзо йиққан.
“Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди. Шунга кўра, “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди”, - дейилади хабарда.
Мавзуга алоқадор Юристлар: Янги партия тузиш йўлидаги энг катта ғов... қонундир"Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси етакчиси Хидирназар Аллақулов партияни рўйхатдан ўтказиш учун керагидан ҳам ортиқ имзо йиғилганини айтди.
"Йиғилган имзолар ҳаммаси бор ва партияни рўйхатдан ўтказиш учун етарлисидан ҳам ортиқ. Вазирлик рад этибди, лекин партия тузиш ҳуқуқмиз бизни қўлимизда", - деди Аллақулов.
Озодлик 20 июнь куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг 10дан ортиқ аъзо ва тарафдорлари ИИВга сўроққа чақирилгани ҳақида мақола эълон қилган.
Бундан аввалроқ партия асосчиси Хидирназар Аллақулов бир неча марта номаълум аёллар ва ҳукуматпараст блогерлар таҳдидига учраган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди