Брюсселда бошланган ЕИ саммитида Россия билан алоқалар истиқболи ҳал бўлади

24 июнь куни Брюсселда Европа Иттифоқи раҳбарларининг икки кунлик саммити бошланди. Саммит давомида иттифоқнинг Россия билан муносабатлари бўйича янги стратегияси ҳамда Венгрияда мактаб материалларида ЛГБТ мавзусини тақиқлаш тўғрисида қабул қилинган қонун муҳокама қилинади.

Европа Иттифоқи раҳбарлари янги стратегия доирасида Россия президенти Владимир Путин билан саммит ўтказиш масаласини кўриб чиқадилар. Ўтган ҳафта АҚШ Президенти Жо Байден Путин билан юзма-юз учрашган эди.

Саммит олдидан Франция ва Германия элчилари Россия билан тобора ёмонлашиб бораётган алоқаларни тиклашнинг бир йўли ўлароқ Путин билан саммит ўтказиш таклифини ўртага ташладилар.

Аммо баъзи ЕИ дипломатлари Россия раҳбари билан саммит ўтказишдан олдин муносабатлар яхши томонга ўзгариши кераклигига ишонади. Қолаверса, бир неча Европа давлати, хусусан Шарқий Европа давлатлари Кремль билан музокара олиб боришга ошиқмаяпти.

ЕИ ва Россия Украина ва Беларусдан тортиб, инсон ҳуқуқларига қадар бир нечта масала бўйича бир-бирига зид қарашларга эга. Шунингдек, икки томон бир-бирини сайловларга аралашишда, дезинформация тарқатишда ва Шарқий Европада хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солишда айбламоқда.

«Биз, Европа Иттифоқи сифатида, Россия ва Россия президенти билан тўғридан-тўғри алоқада бўлишга интилишимиз керак», - деди Германиянинг истеъфога чиқаётган канцлери Ангела Меркель саммит олдидан Германия парламентнинг қуйи палатаси Бундестагда қилган чиқишида.

«АҚШ президенти Россия президенти билан суҳбатлашгани етарли эмас. Мен бундан мамнунман, лекин ЕИ ҳам мулоқот учун форум яратиши керак».

Мавзуга алоқадор Ядровий уруш, Навальний ва Украина. Байден ва Путиннинг Женевадаги учрашуви якунлари (ВИДЕО)

2024 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расмий равишда ариза беришга ҳозирланаётган Украина Россия билан қайта саммит бошлаш таклифини кескин қоралади.

Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жосеп Боррелль билан учрашув ортидан сўзлаган Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бу таклифни танқид қилди.

«Россия томони бирор ўзгаришга қўл урмасдан Россия билан ЕИ саммитларини қайта йўлга қўйиш ташаббуслари Европа Иттифоқининг санкциялар сиёсатидан хатарли оғиш бўлади», - деб огоҳлантирди Кулеба.

Москва 2014 йилда Украинанинг Қрим ярим оролини аннексия қилиб, Украинанинг шарқий қисмида россияпараст айирмачиларни дастаклай бошлагани учун Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа мамлакатлар Россияга қарши санкцияларни жорий қилган.

Европа Иттифоқи раҳбарлари жорий ойнинг бошида Европа Комиссияси ва Европа Иттифоқи дипломатик хизмати томонидан ҳозирланган стратегик ҳужжатда келтирилган маслаҳатларга амал қилишга умид қилишмоқда.

Озодлик 24 июнь куни стратегия билан танишиб чиқди. Унга кўра, ЕИ «Россия билан EИнинг манфаатлари бўйича муайян масалаларда музокара олиб боришга ҳозир», аммо Россия ўз фуқароларининг фундаментал инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун кўпроқ чора кўриши керак.

«Европа Кенгаши Россияда асосий эркинликлар чекланаётгани ва фуқаролик жамияти учун муҳит торайиб бораётганини қоралайди», дейилади ҳужжатда.

«Кенгаш одамлар билан алоқалар зарурлиги ва Европа Иттифоқи Россиянинг фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларини мунтазам равишда қўллаши зарурлигини урғулайди».

Бугун бошланган саммит давомида ЕИнинг Беларусга қарши янги санкциялари ҳам эълон қилиниши мумкин.

23 май куни Беларусь ҳукумати Афинадан Вильнюсга учиб кетаётган Ryanair учоғини Минскка мажбуран қўндириб, унинг икки йўловчиси — ўтган йилда тазйиқлар туфайли Беларусдан қочиб кетган блогер Роман Протасевич ҳамда унинг қиз ўртоғи, россиялик талаба София Сапегаларни ҳибсга олди. Бунга жавобан Европа Иттифоқи Беларусга қарши иқтисодий санкция жорий қилинишини эълон қилди.

Мавзуга алоқадор Дунё мамлакатлари Беларусь узра парвозларни тақиқлаб, “Белавиа” учун ўз осмонини ёпмоқда (ВИДЕО)

Ой бошида ўтказилган саммит хулосаларида блокнинг Беларусдаги барча сиёсий маҳбуслар ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган шахслар, шу жумладан, Протасевич ва Сапега зудлик билан озод қилишга ва «фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари репрессиясини тўхтатишга» чорловчи чақириқлари яна бир бор такрорланди.

ЕИ «Беларус халқининг янги, эркин ва адолатли сайловлар орқали ўз президентини сайлашга бўлган демократик ҳуқуқини урғулайди», дейилади саммит хулосалари киритилган ҳужжатда.

Бугун бошланган саммитда Венгриянинг мунозарали ЛГБТ қонуни муҳокама қилиниши кутилмоқда. Қонун 15 июнда қабул қилинди ва тез орада кучга киради.

Янги қонунга биноан, 18 ёшга тўлмаганлар орасида «гомосексуализмни намойиш этиш ва тарғиб қилиш» тақиқланади. Ушбу тақиқ ҳокимият томонидан гомосексуализм ва жинсни ўзгартиришни тарғиб қилади, деб топилган маълумотларга татбиқ қилинади.

23 июнь куни Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен «қонун одамларни жинсий ориентацияси бўйича очиқ-ойдин дискриминация қилишини» айтди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг ижро этувчи органи Венгрияга қаши чора кўриш масаласини кўриб чиқмоқда, чунки қонун блокнинг фундаментал қадриятларига зиддир.

ЕИ давлатларининг ярмидан кўпи, шу жумладан, Германия, Франция, Италия ва Испания ушбу қонун юзасидан «жиддий хавотир» изҳор қилди ва Еврокомиссияни қўшимча чора кўришга чорловчи қўшма декларацияни имзолади.

Саммитда совуқ кутиб олиниши мумкин бўлган Венгрия бош вазири Виктор Орбан қонунни ҳимоя қилиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, қонун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ота-оналарнинг ҳуқуқларини кафолатлайди ва 18 ёшдан ошганларнинг жинсий ориентация ҳуқуқларига таъсир кўрсатмайди.

«Унда ҳеч қандай камситувчи элементлар мавжуд эмас», дейилади консерватив Орбан 23 июнь куни эълон қилган баёнотда.

Саммит кун тартибига, шунингдек, Туркия масаласи ҳам киритилган. Европа Комиссияси Суриядаги фуқаролар уруши қочқинларини қабул қилган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш доирасида келгуси уч йил ичида Анқарага 3,5 миллиард евро (4,2 миллиард доллар) бериш таклифини илгари сурмоқда.

Қўшимча маблағ Туркияни Греция билан баҳсли масалаларни ҳал қилиш ва Кипр атрофидаги сувларда газ излашни тўхтатишга ундаш мақсадида ажратилаётгани айтилмоқда.

Ой бошида ўтказилган саммит хулосаларида таъкидланишича, ЕИ Туркия билан «бир қатор умумий манфаатлар бўйича ҳамкорликни кучайтириш учун босқичма-босқич» алоқада бўлишга тайёр.

Бугун бошланган саммитнинг биринчи кунида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби Антониу Гутерриш Европа Иттифоқи раҳбалари билан тушлик қилиши кутилмоқда.