Россияда “қизил ҳудуд”да ишлаган врач ва ҳамшираларга устама пул тўланмаяпти

Россияда ўтган йилдан бери “қизил ҳудуд”да ишлаётган тиббиёт ходимлари ваъда қилинган устама ҳақларини ҳанузгача олишолмаяпти. Устама тўловларни ҳукумат ўтган йили апрелда жорий қилган эди. Ўшандан бери минтақавий вазирликлар ва касалхоналар маъмурияти бу маблағларни ўзлаштириш учун турли найрангларни ўйлаб топишмоқда.

Иркутсклик олий тоифали диагностика шифокори Сергей Ковальчукни беморлар жуда қадрлашади, у ишлайдиган клиника раҳбарияти эса — аксинча. Хушламасликлари сабаби шундаки, у ковид беморлари билан ишлайдиган ходимларни рағбатлантириш масаласида бошлиқлар билан муроса қилмайди ва вақти-вақти билан матбуотда чиқиш қилиб, касалхонада рағбатлантириш пуллари қандай тақсимланаётгани ҳақида оқизмай-томизмай гапириб беради.

“Шаҳар перинатал марказида анча пайтгача қуйидаги схема қўлланган: одамлар бир ой тўлиқ ишлаб, иш ҳақларини (бу федерал бюджетдан ажратилган пуллар) олишар, орадан бирмунча вақт ўтгач маъмурият юридик бўлимидан ходимлар келиб, пулнинг бир қисмини нақд кўринишда касалхона кассасига қайтаришни талаб қилишарди”, дея ҳикоя қилади нур диагностикаси бўлими мудири Сергей Ковальчук.

Мавзуга алоқадор Россияда мажбурий вакцинация: мигрантлар қай тарзда ва кимнинг ҳисобига эмланади?

Бош врач билан ораси бузилишини хоҳламаганлар ахийри ҳар бири 30 дан 40 минг рублгача, яъни ўртача 500 доллардан пулни кассага топширишади. Нимага айнан нақд пул билан қайтариш кераклигини эса айтишмайди: на бош врач ва на бухгалтерлар. COVID беморлари билан ишлаган тиббий ходимларнинг бир қисмига устама тўлаш рад этилади.

Чунончи, ҳамшира Александра Картавинага “Сизни “қизил ҳудуд”га ҳеч ким мажбурлаб жўнатмаган”, деб жавоб беришибди.

“Бош шифокор айтишича, биз кўнгилли бўлиб келган эмишмиз, ҳеч қанақа тиббий ёрдам кўрсатмабмиз. Шунинг учун бизга ҳеч қандай тўлов тўланмас экан. Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам, прокуратурага ҳам ёздим — уларнинг жавоби бош врачники билан бир хил бўлди”, дейди Александра Картавина.

Пировардида аёл қонуний ҳаққи учун курашишдан воз кечиб, касалхонада ишини давом эттиради. Клиника раҳбарияти “Настояшчее время” телеканалининг мазкур вазият юзасидан изоҳ бериш ҳақидаги сўровига ҳозирча жавоб бергани йўқ.

Мавзуга алоқадор Москва шаҳри ва вилоятида хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари мажбуран эмланади

“Қаршилик кўрсатишга уринганларни, қонунчиликда қайд этилган барча нормалар амал қилишини талаб қилаётганларни бўшатиб юборишяпти. Сентябрь ойида етти врачимиз губернаторга мурожаат билан чиқди”, давом этади Сергей Ковальчук.

Нижний Тагилдаги тез ёрдам станцияси ходимлари тўловларнинг маҳаллий бюджетдан тўланадиган қисмини салкам икки ой кеч олишди. Тез ёрдам фельдшери Ирина Шалуновага кўра, бу суммани яна камайтиришмоқчи.

“Фармонда “ЎРВИ, пневмония” деб аниқ кўрсатилган бўлса-да, ҳарчанд баҳслашмайлик, иқтисодчиларимиз уни ўз билганларича талқин қилиб, биз фақат COVID учун тўлаймиз”, деб оёқ тираб олишган. Губернаторлик тўловлари нима бўларкин, уни тўхтатиб қўйишмасайди”, хавотирланади Шалунова.

COVID беморлари билан алоқада бўлган ходимларнинг айнан қайси хизматлари учун қанча миқдорда ҳақ олишини ҳеч ким, ҳатто тиббиёт ходимларининг ўзлари ҳам аниқ айтишолмайди. Баъзи минтақаларда, масалан, Пермь ўлкасида ҳатто шифокор айнан қайси сменада бемор билан алоқада бўлгани ҳам муҳим экан: тўлов унинг асосий ишда ёки ўриндошлик асосида ишлаганидан келиб чиқиб ҳисобланаркан.

Мавзуга алоқадор Россия “Спутник V” бўйича хорижий буюртмаларнинг бор-йўғи 8 фоизинигина бажарди

“Агар бу асосий иш жойингиз бўлса, бир суткалик навбатчиликнинг ҳаммасига тўлашади, лекин, ўриндошлик асосида ишлаётган бўлсангиз, ярмини оласиз. Уларнинг “норматив смена” деган термини бор, у иш ҳафтаси узунлигининг бешдан бирини ташкил қилади. Рақамларга айлантирадиган бўлсак, агарда мен асосий ставкам бўйича бир сутка ишласам ва беморлардан COVID чиқса, тахминан уч норматив сменага ҳақ ёзишади”, дейди Пермь тез тиббий ёрдам станцияси тибоғаси Артём Борискин.

Тиббиёт касаба уюшмалари фикрича, минтақавий соғлиқни сақлаш вазирликлари ва алоҳида тиббиёт муассасаларининг кимга, нима учун ва қанча тўлашга доир қарорлари аксари ҳолларда ҳукумат қарорига зиддир.

Тиббиёт ходимлари минтақалараро касаба уюшмаси Россия бош прокурори Игорь Красновга хат ёзиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.