5-синф ўқувчисига жинсий алоқа таклиф қилган ўқитувчига 15 сутка берилди; ота-оналар норози

30 июнь куни Фарғона вилоят, Ўзбекистон туман Жиноят ишлари бўйича суд раиси Мирзокиров 12 яшар ўқувчисига жинсий алоқа таклиф қилган ўқитувчи иши бўйича қарор чиқарди.

Ўзбекистон тумани мактабларидан бирида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаган 42 яшар эркакка Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси қўлланилиб¸ унга 15 суткалик маъмурий қамоқ тайинланди.

Фарғона суд тизими мулозимининг Озодликка айтишича¸ судья бундай жиноятга нисбатан Жиноят кодексида кўзда турилган моддаларни қўлламагани боис¸ ўз ўқувчисига жинсий алоқа таклиф қилган шахс бир йилдан сўнг яна таълим тизимига қайтиши мумкин.

Халқ таълими вазирлигининг Озодлик боғланган расмийси¸ бу воқеадан бехабарлиги¸ уни ўрганиб чиқиб¸ ўз муносабатини билдиришини маълум қилди.

Ўқитувчи 5 -синф ўқувчисига секс таклиф қилди

30 июнь кунги суд қарори¸ бу ишдан бевосита хабардорларнинг Озодликка билдиришича¸ ўқувчи қиз оиласи¸ қолаверса¸ мазкур жиноятдан хабардор жамоанинг кескин норозилигига учраган.

Озодлик кўрган суд ҳужжатларида ëзилишича¸ жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон туман ХТБга қарашли умумтаълим мактаби ўқитувчиси 5-синфда ўқийдиган ўз ўқувчисига “шилқимлик қилиб, уятли маънода жинсий алоқани назарда тутувчи хат ëзган".

Озодликка ўқитувчи ишлаган мактаб рақами¸ судланувчининг исм-фамилияси¸ яшаш манзили маълум. Суд жиноятчига доир шахсий маълумотларни очиқламагани учун¸ ҳозирча уни эълон қилмаëтир.

Қизча мактабда феъли шустрий ва ишонувчан бўлган. Мусиқа ўқитувчиси унга уятли сўзлар билан жинсий алоқа таклиф қилган. У бу хатни ота-онасига олиб борган ва улар ИИБга ариза ëзишган. Ўқитувчи ўша куниëқ ишдан ҳайдалган. Ота-оналар “ўлдирамиз” деб уни қидиришгандан кейин 42 яшар эркак уйидан қочиб кетган. Кеча¸ 30 июнь куни бу шахсни ушлашди. Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида суд қилинди. Унга нисбатан МЖТКнинг 183-моддасига асосан (шилқимлик) 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди”¸ деди Озодлик билан боғланган Фарғона адлия тизими мулозими.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг "Майда безорилик" деб номланган 183-моддасида бундай ҳатти-ҳаракат "жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик" деб таърифланган.

Адлия тизими мулозимига кўра¸ қочиб кетган ўқитувчини ИИБ инспектори Сардор Одилов ушлаб¸ судга олиб келган. Озодлик ихтиëрида¸ ўз ўқувчисига жинсий шилқимлик қилганликда айбланган ўқитувчининг қўлига кишан солинган ҳолдаги сурати бор.

Озодлик иш тафсилотларини ўрганиш учун Ўзбекистон туман ИИБнинг катта профилактика инспектори Сардор Одилов билан боғланди. Матбуотга гапириш ваколати йўқлигини айтган инспектор¸ саволларга жавоб беришни истамади.

Ота-оналар норозилиги

30 июнь кунги суд жараëнидан хабардор мулозимга кўра¸ қарор жабрланувчи яқинлари томонидан кескин норозилик билан қарши олинган.

Педофилнинг мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаши нафақат бу оила¸ балки тумандаги қолган ота-оналарни ҳам қўрқитиб юборди. Бунақа жиноятни кескин жазолаш ўрнига¸ унга қонунчиликда кўзда тутилган энг енгил жазо қўлланиши¸ ҳамманинг жаҳлини чиқарди. Суд қарори эълон қилинганидан кейин қизчанинг қариндондошлари роса бақир-чақир қилди. Бу одам 15 суткадан кейин озодликка чиқади. Ундан ҳам ëмони¸ бир йилдан кейин яна ўқитувчиликка қайтиши мумкин¸ суд қарорида бунга монелик қилувчи бирор гап йўқ”¸ дейди суд ишидан хабардор маҳаллий мулозим.

Озодлик билан гаплашган Ўзбекистон туманида яшовчи оналардан бири¸ суд тизимини жиноятчига ëн босиш орқали вояга етмаган болалар¸ хусусан қизлар хавфсизлигига таҳдид солаëтганликда айблади:

"Бу эртага чиқиб келиб¸ ҳеч нарса кўрмагандек юраверса¸ бир йилдан кейин¸ ўқитувчиликка қайтаман деса¸ уни ҳеч ким тўхтата олмайдику! Қизларимизни мактабга юборишга ҳам қўрқиб қолдик. Бунақа одамларнинг мактабда ишлаши нари турсин¸ болалар ëнига яқинлашишини тақиқлаши керакмасмиди булар? Суд болаларимизни бунақа педофиллардан ҳимоя қилмаса¸ ким қилади? Бундан кейин одамларнинг куни самосудга қолмай¸ нима қилсин!"

Суд потенциал педофилга нега енгил жазо берди?

Озодлик бу саволга бевосита иш юзасидан қарор чиқарган судья Мирзокировнинг ўзидан жавоб олишга уринди. Аммо 1 июль куни Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермагани боис¸ у билан боғлана олмади.

Иш тафсилотидан хабардор адлия тизими ходими¸ қолаверса¸ суд қарорида ëзилишича¸ судланувчига енгил жазо берилишига у “фақат хат ëзган холос, лекин қизга қўли билан тегмаган, ўпмаган, қучоқламаган” деган ҳолат асос сифатида келтирилган.

Судга секс таклиф қилинган хат ашëвий далил сифатида қўшилган. Аммо Ўзбекистон қонунларида жинсий алоқа таклиф қилиш жиноят эмас¸ вояга етмаганга шилқимлик қилиш эса МЖТКнинг 183-моддаси билан 15 сутка қамоқ билан жазоланади¸ дейишди. Яъни ўқитувчи ўқувчи қиз билан жинсий алоқа қилсагина¸ жиноят бўларди¸ деган ахмоқона асос келтирилди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган мутахассис.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган ҳуқуқшунослардан бири¸ Ўзбекистон туманидаги бу воқеанинг ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри таснифланганини билдирди.

Бу шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг камида учта моддасини қўллаш керак эди. Биринчиси¸ 25-модда – жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш. Иккинчиси¸ 121-модда - aёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш; хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган аёлни жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга мажбур этиш. Учинчиси¸ 129-модда - 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш. Буларнинг ҳаммаси қўлланилганда¸ адолат қарор топган ва бу кимса тегишли тарзда бир неча йиллик қамоққа ҳукм этилган бўларди”¸ деди шахси очиқланмаслигини сўраган адвокат.

Бу ва Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизимининг айрим бошқа мутахассислари Ўзбекистонда педофилия жиноятларини бекитиш¸ уларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқмасликка уриниш ҳолатлари амалда қолаëтгани хусусида хавотир билдирди.

Озодлик ҳозирча жабрланувчи ўқувчи қиз яқинлари билан боғлана олмади. Шу боис уларнинг суд ҳукми устидан шикоят бериш-бермасликка қарор қилганини аниқлай олмади.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг Озодлик гаплашган расмийси эса Ўзбекистон туманидаги бу воқеадан хабари йўқлигини билдирди.

Ҳолатни ўрганамиз. Ҳуқуқий-назорат инспекциясимиз яхшилаб ўрганади. Лекин ҳозир айтишимиз мумкин бўлган нарса¸ ўқитувчи шаънига нолойиқ бундай шахсларга мактабда ўрин йўқ”¸ деди Халқ таълими вазирлиги расмийси.