Москванинг Ясний проездида жойлашган хусусий клиникада содир этилган ҳужум натижасида яраланган стоматолог Жамол Одилов 17-декабрь, жума куни шифохонада вафот этди. Бу ҳақда хабар қилган Москва прокуратурасига кўра, ўзбек шифокорига пичоқ билан ҳужум қилган Мурад Оганесянга нисбатан қўйилган “қотилликка уриниш” моддаси “қотиликка” ўзгартирилди.
4 кун олдин пичоқлаб кетилган ўзбекистонлик 40 яшар шифокор Жамол Одилов 17 декабрь тонг саҳарда Москванинг Склифосовский шифохонасининг жонлантириш бўлимида жон берди.
Жамол Одилов ишлаб келган клиника раҳбарияти вакили унинг аҳволи жумага ўтар тунда бирдан ёмонлашганини айтаркан, бундай деди:
- Пичоқланганидан кейин 2 кун ўтиб аҳволи дуруст эди. Ўтган куни кечқурун бирдан аҳволи ёмонлаша бошлади. Мен охиргилар қаторида соат 10 ларда гаплашгандим у билан. Кейин тунда ёмонлашган. Кеча эрталаб соат 10-11ларда реанимацияга яна қайта олиб кириб кетишган. Склифосовский шифохонасида ўлим сабаблари борасида ҳеч кимга ҳеч қанақа информация берилмаяпти. Тергов қўмитаси иш очган ва биз ҳам фақат таниш-билиш орқали маълумот олиб ётибмиз. Ҳозир жасад шифохона моргига олиб туширилган. Бугун эрталаб 7 ларда менга хабар беришди. Турмуш ўртоғи ҳам етиб келди бугун ва икки марта ҳушидан кетиб қолди.
Исмини очиқламасликни сўраган клиника вакилининг айтишича, вафот этган Жамол Одилов Тошкентнинг Дўрмонидан, унинг қарамоғида 4 фарзанди, турмуш ўртоғи ва кекса онаси бўлган:
- Унинг 3 қизи, 1 ўғли, хотини ва кекса онаси бор эди. Дадаси ўтган йили оламдан ўтганди. Ўзи мутлақо босиқ ва муомалали йигит эди. Энди уни олиб кетишга Ўзбекистон элчихонасидан менга “ёрдам берамиз”, деб қўнғироқ қилишди. Бошқалар ҳам моддий ёрдам беришга тайёр. Фақат олдин ўликни суд-тиббий экспертизадан ўтказишлари керак экан. Кейин МФЦ (кўптармоқли марказ- таҳр.) дан маълумотнома олиб, Тошкентга юборамиз.
Мавзуга алоқадор "Мен уни озарбайжонга ўхшатибман!" Москвада ўзбекистонлик стоматолог пичоқлаб кетилди (ВИДЕО)Москва шимолидаги хусусий стоматология клиникасида ишлаб келган Жамол Одилов 13 декабрь, душанба куни, соат 14лар атрофида Москванинг Жанубий Медведково мавзесида жойлашган иш жойида пичоқлаб кетилган эди.
Тошкентлик Жамол Одилов 40 ёшда бўлган. У Москвада юзлаб бошқа тиш дўхтирлар каби бир неча йилдан буён меҳнат муҳожирлигида юрган.
Қотиликка уринишда айбланиб ҳибсга олинган шахс “Парадиз” продюсерлик маркази бош директори Мурад Оганесян бўлиб, у ўз ғаразли ниятини амалга ошириш мақсадида клиникага иккита пичоқ кўтариб келгани тўғрисида видеокадрларни Озодлик эълон қилган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик мухбирлари суҳбатлашган клиника ходимлари сўроқ пайтида терговчи Мурад Оганесяндан ҳужум қилгани сабабларини сўрагани ва «Уни озарбайжонга ўхшатибман!”, деб жавоб олганига гувоҳлик берган.
Оганесян бундан бир йил олдин унга ушбу хусусий клиникада кўрсатилган тиббий муолажадан норозилик тарзида бу жиноятга қўл урганини терговчилар хабар қилди.
Озодлик Жамол Одиловнинг 13 декабрда пичоқланиши акс эктган видеокадрларни қўлга киритган эди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Москва шаҳар Бабушкинский туманлараро тергов бўлими томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси 3-қисмида (“Одам ўлдиришга уриниш”) назарда тутилган жиноят аломатлари асосида жиноят иши қўзғатилгани айтилганди.
Ишни ўз назоратига олган Москва шаҳар прокуратураси Ўзбекистон ватандоши қотиллигида гумонланиб ушланган шахсга нисбатан “қотилликка уриниш” юзасидан очилган жиноят ишини “қотиллик” моддасига ўзгартиришини маълум қилди.
"Комсомольская правда" нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Россияда суратга олинган “Сволочи” (“Аблаҳлар”) ва бошқа машҳур фильмларга продюсерлик қилган бизнесмен Мурад Оганесяннинг компаниялари мамлакатдаги иқтисодий инқироз туфайли касодга учраган ва бундан икки йил олдин ёпилган. MTV киносовринини олган “Сволочи” фильмига кинорежиссёр Владимир Меньшов мукофот топширишдан бош тортгани ҳам катта шов-шувга сабаб бўлганди.
14 декабрда ёши 60 га тулган Мурад Оганесян ўз юбилейини ҳибсхонада нишонлади. Маълумотларга қараганда у ҳозирда ҳибсда сақланмоқда.