Бухоролик фаоллар ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий обида “Гавкушон” мадрасасининг меҳмонхона ташкил этиш учун хусусий қўлларга берилганидан, бунинг оқибатида унга шикаст етиши мумкинлигинидан ташвишланмоқда.
Бухоро марказидаги энг йирик қадамжолардан бири бўлган “Гавкушон” мадрасаси 16-асрда Шайбонийлар ҳукмронлиги даврида қурилган.
Сўнгги эллик йил давомида бу мадраса биносида бухоролик мисгарларнинг "Кандакор" ҳунармандлик маркази жойлашган.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги расмийлари “Гавкушон” мадрасасининг “Асилбек нури” МЧЖга ижарага берилганини тасдиқлади.
Озодлик суҳбатлашган вазирлик мулозимига кўра, у ерда енгил реставрация ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган, объектда меҳмонхона қуриш ишлари қилинмаган ва хавотирларга асос йўқ.
“Гавкушон” мадрасаси санъатшунослар хавотирига сабаб бўлаётган Бухородаги ягона тарихий обида эмас.
65 ёшли бухоролик кандакор Раҳматилло Қулиевнинг Озодликка айтишича, эллик йил давомида уларнинг ҳунармандлик маркази бўлиб келган қадимий “Гавкушон” мадрасаси ҳокимлик тарафидан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар асосида ҳусусий ширкатга меҳмонхона қуриш учун бериб юборилган.
“Зарб цехимиз ва ҳунармандларни бепул ўқитиш марказимиз бўлган у ерда. Чет давлатлардан туристлар келиб кўрар эди. Ҳокимликдагилар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бу мадрасани ”Асилбек нури” деган масъулияти чекланган жамиятга қўпол қилиб айтганда сотворди. Йигирмадан ортиқ уста ҳозир кўчада қолда.”, - дейди Қулиев.
1968 йилда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидовнинг буйруғи билан “Гавкушон” мадрасаси уста Салимжон Ҳамидов ва унинг 13 нафар шогирдига топширилган эди.
Раҳматилло Қулиев шу 13 шогирднинг бири бўлган.
“Деярли унутилган кўп асрлик ҳунармандчиликнинг янги ҳаёти ўша мадрасадан бошланганди. Бу ”Асилбек нури” масъулияти чекланган жамиятга ноқонуний йўл бериб юборилган. Уларнинг мақсади мадрасани меҳмонхона қилиш бўлган. Мадрасанинг бир қисмида ремонт ишлари ҳам қилишди. Бу асло мумкин эмас. ЮНЕСКО ҳимоясидаги обидага битта мих ҳам қоқиш мумкин эмас. Эллик йил давомида авайлаб қараб келган обидани расво қилишяпти”, - дейди Раҳматилло Қулиев.
Бухоро марказидаги энг йирик қадамжолардан бири бўлган "Гавкушон" мадрасасини ЮНЕСКО 1997 йилда муҳофазасига олган.
"Биз авайлаб қараб келган мадраса вайрон бўлиб кетишидан хавотирдамиз", - дейди Қулиев.
Мадраса устида талашув
Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, “Гавкушон” мадрасасининг 529,36 кв.метрдан иборат қисми 2019 йилнинг апрель ойида “Асилбек нури” МЧЖга 5 йил муддатга ижарага берилган.
Бунга объектларни инвестиция мажбуриятларига мувофиқ ижарага бериш ҳақидаги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 102-қарори асос қилиб келтирилган.
Ҳужжатда “Гавкушон” мадрасасининг “Асилбек нури” МЧЖга ижарага берилган қисмида енгил реставрация ва таъмирлаш ишлари амалга оширилгани айтилади.
Аммо, объектда меҳмонхона қуриш ишлари қилинмаган.
Бухоролик фаоллар ва санъатшуносларнинг норозилиги ортидан меҳмонхона қуриш режасидан воз кечилган.
Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлигидаги исми очиқланмаслигини истаган мулозимнинг Озодликка айтишича, дастлабки ижарачи “Кандакор” ширкати билан ижара муддати 2020 йил, ноябрь ойи охирида тугаган.
“Мадраса тўлиқ мухофазамизда. У ерга зиён етказилди деган гаплар асоссиз, меҳмонхона қурилмайди у ерда. Вазиримиз қаттиқ туряпти бу масалада. Ҳар бир обида у кишининг назоратида. Лекин, “Кандакор” ширкати мадрасанинг 82,07 кв.метр қисмини тегишли ижара шартномаси тузмаган ҳолда эгаллаб келмоқда. Бундан ташқари, улар мадрасада чойхона қуриб, ижара шартларини бузганликлари ҳам аниқланган”, - деди вазирлик мулозими.
Бухоролик кандакор Раҳматилло Қулиев мадрасанинг бир қисмида сайёҳлар учун чойхона ташкил қилганликлари ва мадрасанинг учта ҳужрасини эгаллаб ўтирганликларини Озодликка тасдиқлади.
“Ҳозир учта ҳужра калити бизда, тўғри. Чойхона ҳам қилганмиз, бу ҳам тўғри. Суд қарор чиқарди бўшатиб бериш ҳақида. Биз бўшатдик, учта ҳужрага кўчирдик ҳамма нарсани. Бу ердан чиқиб кетмаяпмиз, нима учун чунки буларни иши ноқонуний бўлган. Объектни биздан қабул қилиб олиб кейин танловга қўйиши керак эди. Улар биздан қабул қилмасдан, бизни огоҳлантирмасдан бўш жой деб яширин танлов қилиб уларга ўтказган.
Чойхонани туристларни жалб қилибш учун очганмиз. Зиёни бўлмаган буни обидага. Давлат томонидан ўтказилган фестивалларни ҳам бизга юклаган, шу чойхонада ўтказганмиз, биров ғиринг демаганди ўшанда. Энди ҳаммага керак бўлиб қолди, чунки туристлар гавжум ерда жойлашган”, - дейди Қулиев.
Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларда Бухоро ижара бошқармаси “Кандакор” ширкатини бинони ижарага бериш учун танлов ўтказилиши ҳақда огоҳлантиргани айтилади.
“Кандакор” ширкати раҳбари Р.Қулиевга 12.01.2018 йил танловда қатнашиш ҳуқуқи борлиги ҳақида 01/26-сонли огоҳлантириш хати берилган. Бироқ, “Кандакор” ширкати раҳбари Р.Қулиев танловда қатнашмаган”, - дейилади ҳужжатда.
Санъатшунослар хавотири
Мутахассислар кузатувларига кўра, ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва ҳимояга олинган ҳудудда меҳмонхонанинг қурилиши муҳофаза қилинган тарихий обида атрофининг ландшафти бузилишига олиб келади.
Бухоролик санъатшунос Шарифа Нарзиқулованинг айтишича, айнан шу боис уларнинг эътирозлари ортидан меҳмонхона қуриш тўхтатилган.
“Меҳмонхона қурилмайди дейишяпти, лекин туристик марказ бўлади деган гаплар бор. ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва ҳимояга олинган ҳудудда бундай нарсалар қилиш тарихий обидага зиён етказмай қўймайди. Бу мадрасани тўлиқ давлат ҳимоясига олиши керак, хусусий ширкатларга ишониб бўлмайди. Кеча чойхона қилишган бўлса бугун майхона қилишади”, - дейди Нарзиқулова.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Турсунали Қўзиев “Гавкушон” мадрасаси қонун доирасида давлат мухофазасидаги обида эканини Озодликка айтди.
“Куни кеча Бухорода бўлиб, барча мадрасаларни, жумладан “Гавкушон” мадрасасини ҳам кўздан кечирдим. Бухородаги шу кунгача етиб келган мадрасалар ичида энг ажойиб ва яхши сақланиб қолганларидан. Бу бебаҳо тарихий меъморий маданий обида Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги тасарруфида бўлиб, амалдаги қонун доирасида давлат муҳофазасидадир”, - дейди Қўзиев.
Аммо, бухоролик мисгарлар мадрасадаги устахонаси олиб қўйилганидан кейин улар асос солган кандакорлик мактаби барбод бўлиш ёқасига келиб қолганини иддао қилишади.
“Ҳозир на биз, на улар бир иш қилади у ерда. Биздан қабул қилиб олмасдан, яширин танлов қилиб, бизга айтмасдан рейдерский захват қилиб олишди. Биз кўчада қолдик. Шу билан эллик йиллик мактабимиз ҳам йўқолиб кетяпти”, - дейди Раҳматилло Қулиев.
“Гавкушон” мадрасаси санъатшунослар хавотирига сабаб бўлаётган Бухородаги ягона тарихий обида эмас.
Бундан олдин Бухоронинг UNESCO ҳимоясидаги ҳудудида кафе қурилиги норозиликка сабаб бўлган. Кейинчалик бу режадан воз кечилди.
Мавзуга алоқадор Бухоронинг UNESCO ҳимоясидаги ҳудудида кафе қуриш режаси норозиликка сабаб бўлмоқдаУч йил аввал эса XVI асрда қурилган Бухоро марказидаги Абдулазизхон мадрасасининг девори таъмир пайтида қулаб тушган эди.
Қурувчилар мадраса тагидан комуникация қувурлари учун шахта қазган пайтда девор ўпирилиб кетган.