Ўзбекистон давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошев ва унинг ўғли Жавлонбек 28 май Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бирида қўлга олиниб, Ўзбекистон хавфсизлик кучларига топширилган.
Озодликка бу ҳақда маълумот берган, бир-бирига нотаниш ва шахслари ошкор этилишини истамаган уч мулозимнинг гапи бир-бирига мос тушди.
Биринчи манба - Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги зобитининг маълум қилишича, 51 яшар Абдусалом Йўлдошев ва унинг 27 яшар ўғли Жавлонбек Абдусалом ўғли ҳозирда Давлат хавфсизлик хизматининг "Гвардейский" номи билан машҳур изоляторида ушлаб турилибди.
Тахминан ўн кунлар муқаддам Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Абдусалом Йўлдошев ва унинг ўғлига нисбатан қидирув эълон қилган эди.
Иккинчи манба - Бош прокуратурадаги Озодлик манбасига кўра, Абдусалом Йўлдошев солиқ тизимида олиб борилаётган текширувлар рамкасида кўрсатма бериш учун прокуратурага тахминан икки ҳафта муқаддам чақирилиши ортидан ғойиб бўлган.
Учинчи манба - Солиқ тизимидаги Озодлик манбаларидан бирининг маълум қилишича, Абдусалом Йўлдошев ўғли Жавлонбек билан биргаликда 3 миллиард сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштиришда гумонланмоқда.
Бироқ, айни манба маълумотини тасдиқловчи ҳужжат Озодлик ихтиёрида йўқ.
Ҳозирга қадар мазкур манбалардан олинган маълумотлар вақт ўтиб ўз тасдиғини топган.
Абдусалом Йўлдошев шу йилнинг январида президент Мирзиёев кўрсатмаси билан Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида иш бошлаган эди.
Айни бошқарма девони ходимининг Озодликка айтишича, Абдусалом Йўлдошев "тахминан ўн кундан буён" ишга чиқмаётир.
"Тахминан ўн кундан буён ишга чиққани йўқ. Унга нима бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди," деди ўзини таништирмаган девонхона ходими.
Абдусалом Йўлдошев 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1990 йилда Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган.
У 1992 йилдан Давлат солиқ хизматида фаолият бошлаган.
Абдусалом Йўлдошев турли йилларда Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган, 2012 йилнинг февралидан буён Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган.
Президент Парпиев ва у бошқарган идора ҳақида гапирди
У қўлга олинганидан бир кун ўтиб, яъни 29 май куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида Давлат солиқ қўмитаси собиқ раҳбари Ботир Парпиевни ҳамда у етакчилик қилган тизимдаги аҳвол ҳақида гапирди.
11 май куни генерал Ботир Парпиев Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раислигидан олиниган эди.
Kun.uz сайтининг хабар қилишича, видеселектор мажлисида президент Ботир Парпиев тўғрисида бундай деган: "Яна бир муҳим масала - маҳаллий бюджетга тушум ҳажми. Давлат солиқ қўмитаси раҳбарини (Ботир Парпиев – изоҳ kun.uzники) алмаштирганим бежиз эмас, сабаби бизда солиқ тизими йўқ. Ҳали иш кўп. Солиқда ҳам кўп ўйинлар бўлгани, раҳбарияти қандай ишлар билан шуғулланганидан ҳайрон қолдим. Ҳали уни ҳам халқимизга етказамиз".
Президентнинг айтишича, Ўзбекистонда солиқ тизимининг коррупциялашув даражаси жуда юқоридир.
"Солиқчининг савияси йўқ, десак, бу ҳам адолатдан бўлади. Шунинг учун бугун топшириқ бердим, тегишли қарор тайёрланади, ҳаммасини нолдан бошлаш керак - солиқ тизимидаги Академияни ҳам, бошқасини ҳам. Қуйи поғонадаги солиқчилар нима қилиш керак, қандай ишлаш кераклигини билмайди. 70 фоизи коррупция билан боғлиқ, мана шуни ҳамма билиши керак", - деган Шавкат Мирзиёев.
Парпиевнинг 4 яқини 2 кунда ишдан бўшатилди
Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг яқин қариндошларидан 4 киши 27, 28 май кунлари ишдан олингани тўғрисида Озодлик хабар қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасини сўнгги 14 йилда бошқариб келган келган 72 яшар генерал Ботир Парпиев жорий йилнинг 11 майида Президент Мирзиёев томонидан ўз вазифасидан бўшатилиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси этиб тайинланган эди.