Украина қочқин мақоми берган Акбарали Абдуллаев¸ Озодликка маълум бўлишича¸ бу мамлакатни тарк этган. Украина Миграция хизмати Абдуллаевга қочқин мақомини жорий йилнинг 14 июнида берган эди.
Ўзбекистон томонидан оғир молиявий жиноятлар¸ хусусан¸ давлатга қарийб 1 миллиард доллар зиëн етказганликда айбланиб¸ Украинадан экстрадицияси сўралган Абдуллаевнинг ҳозирда қайси мамлакатда экани маълум эмас.
Украинада йўқ...
Украинадаги KyivPost газетаси мухбири Бермет Талант - Акбарали Абдуллаев Киев аэропортида ҳибсга олингандан то унга қочқин мақоми берилгунга қадар бўлган воқеалар ривожини ëритган журналистлардан бири.
“Ҳимояси билан Украина ва хориждаги энг қиммат ва кучли адвокатлар шуғулланган Абдуллаевни¸ Украинада қочқин мақомини олгандан сўнг топишга уриндим¸ аммо бунга муваффақ бўла олмадим”¸ дейди Бермет 12 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда:
- Бунинг сабаби оддий¸ менимча у Украинани аллақачон тарк этган. Уни бу мамлакатда ушлайдиган нарса йўқ. Қочқин мақоми унга ҳаракатланиш имконини беради. Қолаверса¸ унда бир қатор давлатлар¸ хусусан¸ Доминикан республикаси паспорти борлигини биламиз¸ дейди Украинадаги журналист.
Бу суҳбатдош¸ Киевга хусусий самолëтда учиб келган пайтида қўлга олинган Абдуллаевнинг яна хусусий самолëтда Украинани тарк этган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
- Киев аэропорти мутасаддилари хусусий самолëтлар маршрутига оид маълумот беришдан бош тортди¸ дейди Бермет Талант.
(Учқичлар тўхташ жойидан улар парвозларига қадар кузатиш имконини берувчи flightradar орқали текшириш учун¸ самолëт регистрация рақамини билиш керак. Ҳозирча Абдуллаев фойдаланадиган учқич рақами маълум эмас – таҳр.)
Украина Бош прокуратурасининг якуний қарори очиқланмади
Абдуллаев бўйича экстрадицион текширув ўтказган Киев шаҳар прокуратураси матбуот котиби Надежда Максимец¸ қочқин мақоми уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш жараëнини вақтинча тўхтатгани¸ бироқ бу текширув материаллари Украина Бош прокуратурасига юборилганини билдирди:
- Абдуллаев бўйича экстрадицион текширувга оид материаллар Бош прокуратурага юборилган ва бу масаласида охирги қарорни Бош прокуратура чиқариши керак эди. Қандай қарор чиққанини¸ келаси ҳафта махсус ўрганиб¸ аниқ айтаман. Агар Бош прокуратура унга берилган қочқинлик мақомини тан олиб¸ экстрадиция қилмаслик ҳақида қарор чиқарган бўлса¸ Абдуллаев Украинани тарк этишга ҳақли. Лекин бундай қарорни мен ҳозирча кўрмадим¸ дейди Максимец.
“Қочишга жойим йўқ!”
Миграция хизмати берган мақомни асоссиз деб топишга ваколатли бўлган Украина Бош прокуратураси Акбарали Абдуллаевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш-қилмаслик масаласида узил-кесил қарор бермаган бўлса¸ Абдуллаев Украинада қочиб кетган¸ деб кўрилиши мумкин.
Зотан¸ уни ҳибсда сақлаш ҳақида судга такрор ва такрор сўров юборган Киев шаҳар прокуратураси¸ Абдуллаевнинг озодликка чиқиши билан Украинадан қочиб кетиш эҳтимоли кучлилигини таъкидлаган эди.
Бундай эҳтимолни “ахмоқлик” деб баҳолаган Абдуллаев эса¸ қочадиган жойи йўқлигини айтган эди:
- Ҳеч қаерга қочиш ниятим йўқ¸ қочадиган жойим йўқ ўзи. Бу бориб турган ахмоқлик. Мен шу мамлакатда (Украинада) қолиб¸ ўз ҳақ-ҳуқуқларим учун курашмоқчиман. Мен хато қилдим¸ лекин бунинг жавобини бериб бўлдим (5 йил ҳибс ва қамоқда оч-наҳор¸ қийноқлар остида азоб чекканини эслатади -таҳр.) Молиявий зарарни қопладим. Ҳурматли ҳакам¸вазиятга кенгроқ қараб¸ менинг Ўзбекистондаги ҳокимият билан курашишимга имкон беришингизни сўрайман¸ деган эди 20 февраль кунги суд мажлисида қилган баëнотида Абдуллаев.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Жиноятлар рўйхати узун
Акбарали Абдуллаев 2017 йилнинг 14 январь куни Киевда Киевнинг “Жуляни” аэропортида Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали берилган халқаро қидирув асосида ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистонни 27 йил идора қилган Ислом Каримовнинг хотини Татъяна Каримованинг¸ айтилишича¸ эрка жияни бўлган 34 яшар Акбарали Абдуллаев¸ водийда “Фарғона шаҳзодаси” деб танилган.
2012 йилга қадар Фарғона водийсидаги сердаромад бизнес тизимларини тўлиқ назоратида ушлаб келгани айтиладиган Акбарали Абдуллаев бизнес империяси таркибида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи¸ Қувасой цемент заводи¸ "Фарғона текстиль", "Silver Silk", "Кварц", "Қувасой текстиль","Қувасойпромстрой" каби фабрика ва ширкатлар¸ ўнлаб савдо мажмуалари¸ "Осиë" меҳмонхоналар тармоғи бўлган.
Озодликка маълум бўлишича¸ Абдуллаев 2013 йилнинг 10 октябрида оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида дастлаб 15 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра жазо муддати 6 йилу 6 ой этиб белгиланган эди. 2016 йил август ойи охирида (Ислом Каримов вафоти арафасида) берилган муддатни ўтаб бўлди¸ деган асосда озодликка чиқарилган Акбарали Абдуллаев¸ Каримов ўлимидан кўп ўтмай¸ октябрь ойида янги паспорт билан Ўзбекистондан чиқиб кетган.
Мамлакатни тарк этишидан бир ой ўтиб-ўтмай¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси Абдуллаевни Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича давлат мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган юзлаб миллион долларни ювишда айблаб¸ унга қарши янги жиноий иш очди.
26 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ана шу иш асосида Абдуллаевни ўз ихтиëрига топширишни сўраб¸ Украина Бош прокуратурасига расмий сўровнома юборди.Шундан сўнг Киев суди Бош прокуратура экстрадицион текширув масаласида узил-кесил қарор бергунга қадар¸ Абдуллаевни бир йилгача ҳибсда сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди.
14 июнь куни Украина Миграция хизмати¸ ўтмишда кўрилмаган тезлик билан¸ Абдуллаев иши юзасидан қарор чиқарди ва унга қочқин мақомини берди. Ўз ватанида ҳаëти хавф остида деб ишонилган хорижликларга бериладиган бу мақом¸ Абдуллаевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш эҳтимолини деярли йўққа чиқарди.
Миграция хизмати қарори арафасида¸ Акбарали Абдуллаевнинг адвокатлари талаби билан Интерпол орқали унга берилган халқаро қидирув ҳам бекор қилинди.
3 майдан бошлаб¸ Акбарали Абдуллаев Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган шахслар рўйхатида йўқ.