Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва хитойлик олимлар COVID-19 келиб чиқиши бўйича ўтказилган қўшма тадқиқот натижаларига асосланган ҳолда вирус кўршапалаклардан бошқа ҳайвон орқали одамларга юққани эҳтимоли юқори эканини хулоса қилди.
Вирус лабораториядан тарқалиб кетгани эҳтимоли эса жуда оз экани аниқланган. Бу ҳақда ҳисобот нусхаси билан танишиб чиққан Associated Press агентлиги хабар бермоқда.
Бу хулосалар кутилган хулосалар бўлиб, кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда. Шундай бўлса-да, ҳисоботда илмий жамоанинг хулосаларига асос бўлган фактлар батафсил ёритилган. Олимлар вирус лабораториядан тарқалган, деган гипотезадан ташқари бошқа барча қарашлар бўйича қўшимча тадқиқот ўтказилиши керак, деган хулосага келганлар.
Мавзуга алоқадор ЖССТ мутахассислари Ухань шаҳрида коронавирус келиб чиқиши ҳақида нималарни аниқлади?Ҳисобот эълон қилиниши бир неча маротаба кечиктирилди. Бу эса Хитой томони хулосаларни ўзгартиришга уринаётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. ЖССТ расмийси ўтган ҳафта охирида ҳисобот «яқин бир неча кун ичида» эълон қилинишини айтган эди.
Душанба куни Женевада ишлаётган дипломат AP агентлигига ҳисоботнинг деярли якуний нусхасини юборган. Ҳисобот чоп этилишидан олдин ўзгартирилиши ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда. Ҳисоботни юборган дипломат исмини ошкор қилишни истамаган, чунки уларда ҳисоботни расмий нашрдан олдин бошқалар билан улашиш ҳуқуқи йўқ.
Тадқиқотчилар расмий номи SARS-CoV-2 бўлган вируснинг пайдо бўлиши борасида тўрт сценарийни ўрганиб чиққанлар. Рўйхатнинг биринчи поғонасини вирус иккинчи ҳайвон орқали тарқалгани ҳақидаги назария эгаллаган. Вирус кўршапалаклардан одамларга тўғридан-тўғри тарқалгани эҳтимоли ҳам ўрганиб чиқилган ва бу ҳолат ҳам эҳтимолдан узоқ эмаслиги хулоса қилинган. Шунингдек, вирус музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тарқалгани ҳақидаги қараш ҳам кўриб чиқилган, аммо бунинг эҳтимоли озлиги хулоса қилинган.
COVID-19 инфекциясини қўзғатадиган вируснинг энг яқин турдоши коронавирусларни тарқатиши маълум бўлган кўршапалакларда топилган. Аммо, ҳисоботда айтилишича, «ушбу вируслар ва SARS-CoV-2 вируслари ўртасидаги эволюцион масофа бир неча ўн йилликни ташкил этади ва ўртада бир поғона йўқлигини кўрсатади».
Ҳисоботда эътироф этилишича, панголинларда жуда ўхшаш вируслар топилган, аммо норка ва мушуклар ҳам COVID-19 вирусини юқтириши мумкин бўлгани учун улар ҳам вирус ташувчиси бўлиши мумкин.
Ҳисобот ЖССТ халқаро экспертлар гуруҳининг январь ойининг ўрталаридан февраль ойининг ўрталарига қадар COVID-19 илк маротаба кенг тарқалган Ухань шаҳрига қилган ташрифига таянади.
Ухань миссиясига етакчилик қилган ЖССТ мутахассиси Питер Бен Эмбарек жума куни ҳисобот якунланганини ва фактлар текширилиб, таржима қилинаётганини айтган эди.
«Кейинги бир неча кун ичида бу жараён якунланади ва биз уни оммавий равишда чиқарамиз, деб ўйлайман», — деди у.
Мавзуга алоқадор ЖССТ ходими: Коронавирус келиб чиқишини аниқлаш учун Хитойдаги кўршапалак ғорлари ўрганилиши керакҲисобот муаллифлари эпидемия 2019 йил декабрида дастлаб Ухань денгиз маҳсулотлари бозорида бошлангани ёки йўқлигига аниқ жавоб тополмаган.
Ухань бозорида эпидемия бошланишидан олдин бошқа ҳудудларда коронавирус аниқлангани учун эпидемия бошқа жойда бошланганини тахмин қилиш мумкин. Аммо ҳисоботда қайд этилишича, аниқланмай қолган енгилроқ инфекциялар содир бўлган бўлиши, шу сабабдан бозор билан олдинги ҳолатлар ўртасида боғланиш бўлиши мумкин.
«Шу сабабга кўра Хуанань бозорининг эпидемия келиб чиқишидаги роли ёки инфекция бозорга қандай кириб келгани тўғрисида ҳозирча қатъий хулоса чиқариш мумкин эмас», дейилади ҳисоботда.