АҚШ Мудофаа вазири: Россия Ғарбни бўлиб ташламоқчи бўлди

АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис.

Британияда истиқомат қилаётган собиқ жосусни заҳарлаши Кремлнинг махфий амалиётлар ўтказиш йўли билан Ғарбни бўлиб ташлаш, сўнгра масъул шахслар ўртасидаги шубҳа ва келишмовчиларни келтириб чиқаришга уринишидир, деди АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис.

20 дан ошиқ мамлакат ҳукуматлари собиқ жосус заҳарлангандан сўнг 144 нафар рус дипломатини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилгач, Мэттис 27 март куни журналистларга баёнот берди. Унда айтилишича, Сергей Скрипаль билан қизи Юлияни Солсберида “ўлдиришга уриниш”дан сўнг Путиннинг жиноятни инкор қилганига ишониб бўлмайди.

Мэттисга кўра, Солсберида рўй берган нохуш воқеа “оммавий қирғин қуроли”дан “аниқ” фойдаланилганини кўрсатди. Британия ҳукумати ушбу қурол Россия совуқ уруш вақтида ҳарбий мақсадларда ишлаб чиқарган ва асабни фалажловчи “Новичок”гази эканини аниқлади.

Вазир ушбу хатти-ҳаракат Россия 2014 йилда Украинада бошлаган амалиётларнинг бир қисми эканини айтди. Ўша пайтда Москва Қримга танитувчи белгилари бўлмаган ҳарбий хизматчиларни жўнатган, Украина шарқидаги бўлгинчиларга яширинча жангарилар ва қурол-яроғ етказиб берган эди.

Россия 2016 йилги АҚШ президенти сайловига аралашиш мақсадида бундай ҳийлаларини яширин тарзда давом эттирди, деди вазир.

− Улар танитувчи белгилари йўқ ҳарбий кийим кийган аскарларни Қримга жўнатади. Украина шарқидаги бўлгинчиларни тартибга чақириш қўлимиздан келмайди, деб баҳона қилади, − дея қўшимча қилди у.

НАТО 27 март куни Россия хатти-ҳаракатларига қарши ягона фронт бўлиб курашиш учун 20 дан ошиқ мамлакат қаторига қўшилди. Дунё мамлакатларидаги Россия элчихона ва ваколатхоналаридан 144 нафар дипломатнинг чиқариб юборилиши совуқ уруш давридаги жосуслик можаролари билан боғлиқ чоралардан ҳам ошиб тушди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, бундай чиқариб юбориш ҳолатлари Россияга “номақбул хурмача қилиқлари жавобсиз ва оқибатсиз қолмаслиги”ни кўрсатиб қўйишдир, деб айтди.

Британия раҳбарияти айни кескин чораларни потенциал “бурилиш нуқтаси” сифатида олқишлади. Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй шундай деди:

− Рус дипломатларини чиқариб юборган мамлакатлар сони 26 мартда 18 та эди. Ўтган кеча улар сони яна 7 тага ортиб, 25 тага етди. Яна 27 март куни тушдан кейин НАТО бош котиби Россиянинг НАТОдаги миссияси вакиллари сони 30 нафардан 20 нафаргача қисқартирилишини тасдиқлади. Мен халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётганимизни олқишлайман. Кеча Жамоалар палатасида айтганимдай, бу Британия позицияси ёки Британия билан ишлаш масаласи бўлибгина қолмай, тегишли мамлакатларнинг миллий хавфсизлиги масаласи ҳамдир”.

Айни дамда расмий Москва дипломатларни чиқариб юбориш ҳолатлари АҚШнинг “қаттиқ” босими остида рўй берганини айтиб, уларни жавобсиз қолдирмасликка ваъда берди.

Столтенберг НАТО Россия билан “мулоқот учун очиқ”лигини, Мэттис эса, “Россия ҳали ҳам Европа билан шерик бўлиш потенциалига эга экани”ни айтди.

Аммо Пентагон раҳбари фикрича, Москва бунинг ўрнига “стратегик рақиб бўлиш, ҳатто беўй хатти-ҳаракатлардан ҳам топ тортмаслик йўлини танлади”, деди.

Айни чоқда Россиянинг Австралиядаги элчиси Сергей Логвинов ушбу масала юзасидан гапириб, агар Ғарб мамлакатлари шу йўлни давом эттираверса, яна совуқ уруш бошланиб кетишидан хавотир изҳор қилди. У Скрипалнинг заҳарланишидан кейин рўй бераётган воқеаларга изоҳ бериб, шундай деди:

− Ҳозир рўй бераётган воқеалар яхши уюштирилган кампаниядир. Кеча 27 март куни Ташқи ишлар вазирлигимиз вакили айтганидай, бу Ғарбнинг сурбетларча хатти-ҳарактларидир ва биз бунга жавоб қайтарамиз. Бугун ҳаммаси Ғарбга боғлиқ, Ғарб мамлакатлари эсини йиғиб олиши ва тушуниши керак: Россияга қарши кампания уюштириш билан ҳеч нарсага эриша олмайдилар.