АҚШ Олий суди ҳукуматнинг миллий хавфсизлик важидан суд ишларини бекор қилиш салоҳияти билан боғлиқ ишни кўриб чиқишга ҳозирлик кўрмоқда.
Душанба куни Олий судда кўриб чиқиладиган иш жанубий калифорниялик бир гуруҳ мусулмон эркак билан боғлиқ. Улар 11 сентябрь ҳужумлари ортидан Федерал қидирув бюроси уларни ва яна юзлаб одамни кузатганини айтиб, судга мурожаат қилишган.
Америка Фуқаро эркинликлари иттифоқи ҳуқуқшунослари ва бошқалар ҳимоя қилаётган бу шахслар диний камситишга йўлиқишгани ва бошқа ҳуқуқлари поймол қилинганини даъво қилишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Федерал тергов бюроси фақат эътиқодлари туфайли кузатган.
Олдинроқ қуйи суд уларнинг шикоятини кўриб чиқишдан бош тортган эди. Бунга ҳукумат бу ишни кўриб чиқиш «давлат сирларини» ошкор қилиши мумкинлигини айтгани сабаб бўлди. Аммо апелляция суди бу қарорни бекор қилди. Шикоят судига кўра, қуйи суд қарор чиқаришдан аввал ҳукумат давлат сири деб айтган далилларни кўриб чиқиши керак бўлган.
Мавзуга алоқадор АҚШ 11 сентябрдаги террор бўйича илк ҳужжатни ошкор қилдиБайден маъмурияти олдинги Трамп маъмурияти каби судьяларнинг ушбу қарорини нотўғри деб ҳисоблайди.
Иш 2006 йилдан 2007 йилгача Федерал тергов бюроси учун жосуслик қилган Крейг Монтейл билан боғлиқ. Монтейл Жанубий Калифорния мусулмон жамоасига кириб бориш учун ўзини Исломни янги қабул қилган одамдек кўрсатган.
Монтейл одамларга ўзини фитнес бўйича маслаҳатчи деб таништирган, лекин аслида Operation Flex деб номланувчи кузатув дастури учун ишлаётган бўлган. Монтейл мунтазам равишда Оринж округидаги Ирвин ислом марказига ташриф буюрган. Унга имкон қадар кўпроқ одам ҳақида маълумот тўплаш буюрилган бўлган. У мусулмонлар исм-шарфлари ва телефон рақамларини тўплаган, кўйлак тугмачасига яширинган камера ёрдамида минглаб соатга чўзилувчи суҳбат ва юзлаб соатга чўзилувчи видеоларни яширинча ёзиб олган.
Охир-оқибат, Монтейлга мусулмонлардан жиҳод ҳақида сўраш ва зўравонлик қилишга тайёрлигини изҳор қилиш ҳақида кўрсатма берилган. Унинг оғзидан бу гапларни эшитган мусулмонлар Федерал тергов бюроси ва бошқа органларга хабар беришган.
Федерал тергов бюроси Монтейл жосус бўлганини тан олди. Бу иш АҚШ матбуоти эътиборини тортди.
Хабарларга кўра, Монтейл яширин тарзда видеога олган шахсларнинг учтаси судга шикоят қилган. Улар товон тўланишини ҳамда ўзлари ҳақида тўпланган маълумотларнинг ўчирилишини талаб қилишмоқда.