АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича махсус кузатувдан чиқарди - муносабат

Тошкент яқинидаги масжид - август, 2018

7 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео номидан эълон қилинган баёнотда Ўзбекистон "қонунларни жасорат билан ислоҳ қилган ва амалиётга тадбиқ этган" давлат сифатида таърифланди ва диний эркинликлар бўйича махсус кузатувдан чиқарилгани айтилди.

Департаментнинг шу йил июнда эълон қилган йиллик ҳисоботида Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “реал прогресс”га эришаётгани учун олқишланган, аммо қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилган ҳолда, махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида қолдирилган эди.

Айни пайтда АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси ҳам (USCIRF) Ўзбекистонни “ёмонларнинг ёмони” рўйхатидан чиқарган, аммо ҳануз диний эркинликлар жиддий равишда бузилаётган махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида қолдирган.

Помпео: Ўзбекистон қонунларни жасорат билан ислоҳ қилди

АҚШ Давлат департаменти 2020 йилнинг июнида Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “реал прогресс”га эришаётгани, “муҳим қадамлар” ташлаётганини олқишлаган, аммо қатор муаммолар мавжудлигини қайд этган ҳолда, махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида қолдирган эди.

Ҳисоботда мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан, эркакларнинг соқолини мажбуран қирдириш, аёлларнинг ҳижобини ечтириш кампанияси, рўмолли ўқувчилар ҳамда ҳижобли талабаларни таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилгани алоҳида тилга олинганди.

7 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео номидан эълон қилинган баёнотда Ўзбекистон махсус кузатувдан чиқарилгани эълон қилинди:

“Мен ҳукуматлар томонидан сўнгги бир йилда эришилган сезиларли ва аниқ ютуқлар ортидан Судан ва Ўзбекистон махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарилганини мамнуният билан эълон қиламан. Уларнинг қонунларни жасорат билан ислоҳ қилганлари ва амалиётга тадбиқ этганлари бошқа давлатларга ўрнак бўлиб хизмат қилади”.

Стив Свердлоу: Қонунчиликда ҳануз жиддий чекловлар бор

Шу кунларда Ўзбекистонда хизмат сафарида бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси - Жанубий Калифорния университетининг инсон ҳуқуқлари бўйича профессори ва АҚШ Конгрессининг Инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Стив Свердлоунинг фикрича, Ўзбекистонда диндорлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда:

“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида сўнгги йилларда насроний жамоалар рўйхатга олинаётганини олқишлайман. Насроний жамоалар устидан рейдлар, Инжил ёки бошқа диний адабиётларни мусодара қилиш ҳолатлари ҳам камайган - бу биринчи жиҳат. Иккинчи жиҳат - диний жамоаларни рўйхатга олиш жараёни бироз енгиллаштирилди. Лекин бу енгилликлар аслида Каримов давридан бери сақланиб келган чекловларнинг туб моҳиятини ўзгартиргани йўқ - миссионерлик фаолияти, уйда ёки масжиддан бошқа жойда диний мавзуда гаплашиш, фикр алмашиш ҳануз жиноий ҳаракат ҳисобланади. Назаримда, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни махсус кузатувдан чиқариш билан расмий Тошкентга кейинги олдинга қадамлар учун мотивация беришга қарор қилди”.

Мавзуга алоқадор Тошкент туманидаги мактабларда ҳижобли ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилмоқда


Айни пайтда ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон бошқа бир нуфузли рўйхат – АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси рўйхатида қолаётганини хотирлатди.

Свердлоуга кўра, Ўзбекистон бу рўйхатда ҳануз “махсус кузатувдаги давлат” сифатида қолмоқда. Бу комиссиянинг ҳисоботи, АҚШ Давлат департаменти ҳисоботидан мустақил равишда эълон қилиб борилади.

“Ўзбекистон қонунчилигидаги чекловлар ҳануз жуда жиддий. Шунингдек, Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхоналарида ҳануз диний эътиқоди учун қамалган, қийноққа тутилган маҳбуслар кўпчиликни ташкил қилади. Бу инсонлар тақдири билан боғлиқ кўплаб ҳал қилинмаган масалалар бор. Эҳтимол, бундай маҳбуслар сони ҳануз минглабни ташкил қилар”.

Стив Свердлоунинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳануз бир гуруҳ одамни диний мотивдаги айбловлар билан қўлга олиш ёки судлаш жараёнлари ёпиқ ҳолда давом этмоқда, аммо бундай амалиёт кўлами анча торайган.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли, яқинда Тошкент ва Вашингтон расмийлари ўртасида ўтган мулоқот пайтида қайд этилган бир рақамни тилга олди: сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистондаги жами маҳкумлар сони 44 минг нафардан 23 минг нафарга камайган.

“Бу дегани, қамоқхоналардаги диндор маҳбуслар сони ҳам тенг ярмига озайган, дегани. Яна бир ҳолат, кейинги йилларда қамоқда ўтирган диндорларнинг муддатига муддат қўшиб бериш амалиёти кузатилмаяпти, узоқ муддатларга қамаш ҳоллари ҳам камайган. Қамоқда қолаётган диндор маҳкумларнинг кўпчилиги 20, 27, 19 йиллаб жазога ҳукм қилинганлардир”.

"Диний эркинликлардан қўрқмаслик керак"

Ўзбекистонлик таниқли блогер, Islamonline.uz вебсайти асосчиси Адҳам Отажонов (ижтимоий тармоқлардаги тахаллуси Abu Muslim) Давлат департаменти хулосаларини қувватлашини билдирди.

Унинг фикрича, кейинги йилларда мамлакатда диний эркинликларнинг аҳволи анча яхшиланган:

“Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери диний ҳолат анча яхшиланди. Ислом Каримов даврида намоз ўқигани учун минглаб одам террорист, деб қамалган эди. Шунинг учун ҳам баъзи ёшлар радикаллашиб кетди. Ҳозирга келиб, диний эркинликлар йўлида қилинган ишлар, хизматлар самара бераётганидан хурсандман. Масалан, болаларнинг масждига кириши, кўчаларда ҳижобда юриш, диний маҳбусларнинг озодликка чиқиши ва ҳоказо”.

Аммо Отажоновга кўра, ҳали қилинадиган ишлар кўп, хусусан, диний таълимга оид қатор масалалар ҳануз ҳал бўлгани йўқ:

“Масалан, ўқув юртларида ҳижоб, диний таълим, аёлларнинг масжидларга бемалол кира олиш ҳуқуқи каби масалалар ўз ечимини кутиб турибди. Бундан ташқари, ҳалол яшаш, ҳалол пул топиш, ҳалол озиқ-овқатлар бўйича ҳам қилинадиган ишлар шулар жумласидандир. Давлат диний эркинликлардан қўрқмасдан, улар учун кенг йўл очар экан, бу фақат давлатимиз ривожи фойдасига ишлайди. Диний эркинликлар бор жамиятларда ёшларнинг радикаллашув эҳтимоли йўққа чиқади”.

Диний ва дунёвий эркинлик

Исмини сир сақлаш шарти билан Озодлик саволларига жавоб берган ўзбекистонлик мустақил журналист, кейинги пайтларда мамлакат аҳолиси, айниқса ёшлар орасида диндорлашаётган ва динсизлашаётган қатлам орасидаги фарқ катталашиб бормоқда, деган кузатувни илгари сурди.

Журналист фикрича, бу мамлакатда раҳбар алмашганидан бери пайдо бўлган нафақат диний, балки умумиятла, эркинликларнинг натижасидир.

“Режим алмашиши билан жамиятда пайдо бўлган енгиллик ва янги раҳбар айрим соҳаларда берган эркинлик – нафақат диндорларга, умуман, тармоқлардаги жуда жиддий ўзгаришларга сабаб бўляпти. Диндорлар ўта исломийлашиб кетяпти - соқол қўйган, оиласига ҳижоб кийдирган, исломий тўйлар қилган ва ҳоказо. Бу қатлам қаттароқ. Лекин тобора динсизлашиб кетаётган қатлам ҳам бор. Масалан, тармоқларда ҳар-хил расмлар қўядиган ва очиқ кийинадиган қизлари, ҳатто келинлари бор оилалар кўпайган, тўйлардаги базми жамшидларни кўриб ўтирибмиз Телеграмда. Хуллас, турли қатламлар орасидаги фарқ катталашиб кетяпти. Мен, масалан, ҳар икки қатламда ҳам мутаассиблик бўлиши керакмас, биз ўзимизнинг анаъанавий мўътадил ўзбекона маданиятимиз билан яшашимиз керак, деб ҳисоблайман.”

Мавзуга алоқадор АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинлик яхшиланганини олқишлади¸ аммо махсус рўйхатда қолдирди