"Авто идеал хизмати" ширкатига автомобил олиш учун миллионлаб сўм пул тўлаб, машинани ҳам, пулини ҳам ололмаётган ўнлаб одам 20 январь куни пулларини ундириб беришни сўраб, Тошкентнинг Мустақиллик майдонига йиғилди.
Озодлик билан суҳбатда улар бунгача Ўзбекистон президенти қабулхонасига ҳам мурожаат қилганликлари, лекин натижа бўлмаганини айтишди.
Тергов ҳужжатларида "Авто идеал хизмати"дан куйиб қолган фуқаролар сони 1600 кишидан кўпни ташкил қилиши, зарарнинг умумий миқдори 8 миллиард сўмдан кўпроқ экани айтилади.
Бош офиси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган "Авто идеал хизмати" МЧЖнинг раҳбари ҳамда икки нафар ходимига нисбатан ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а,в" бандлари - Фирибгарлик бўйича жиноят иши очилганди.
Лекин мижозларнинг пули ҳанузгача қайтариб берилмаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ангрен шаҳрида яшовчи Ҳусниддин Бозоров "Кобалт"машинаси олиш учун "Авто идеал хизмати" МЧЖга 25 миллион сўм тўлаган, лекин на пул, на машина ололган.
"2019 йилни 18 ноябр куни "Кобалт"га тўлаганман, 70 иш кунида етказиб бериши керак бўлган, лекин шартномада келишилган вақтга машинани бермади. Бир йилдан ошиқ вақт ўтди. Пул ҳам йўқ, машина ҳам йўқ."
Бозоров 20 январь куни ўнлаб одам қатори Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Мустақиллик майдонидаги бош идорасига ўз норозилигини ифода қилиш учун борди.
Унинг айтишича, расмийлар муаммони ижобий ҳал қилишга ваъда берган, лекин қачон ҳал қилинишини айтишмаган.
"Бўстонлиқдан, Ангрендан, Ғазалкентдан саксондан ортиқ одам келди. Вазирлар Маҳкамасидан бир одам чиқди олдимизга. Ҳал қиламиз, дейди. Лекин билсак, арзимаган 700 минг сўмданми, шунақа пул қайтар экан, қолгани қачон ва аниқ қанча сумма қайтишини айтишмади", - дейди Бозоров.
Бўстонлиқ туманида яшовчи Мирзоҳидхон ҳам "Авто идеал хизмати"га куйиб қолганлардан:
"Бир йил олдин "Спарк"га 19 миллион тўлаганман. Уч ойда машинани оласан, деган. Ўша пайтда 19 миллион катта пул эди. Яқинда доллар курси яна ошди, кун сайин қадрсизланяпти, пулимизни қайтариб бергани йўқ, - дейди Мирзоҳидхон.
"Авто идеал хизмати" ширкатига машина олиш учун миллионлаб пул тўлаб, машинани ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар сони 1600дан кўпроқни ташкил қилади.
Озодлик ихтиёридаги тергов ҳужжатларида бош офиси Ангрен шаҳрида жойлашган "Авто-Идеал Хизмати" МЧЖнинг мансабдор шахслари 2019 йил октябр ва 2020 йил феврал ойи оралиғида 1800дан ортиқ мижоздан машина турига қараб 10 миллион сўмдан 80 миллион сўмгача тўловни олдиндан олган.
Йиллик 5 фоиз тўлов эвазига 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга автомашина етказиб беришни ваъда қилган.
Тергов ҳужжатларида жами 1831 нафар фуқародан умумий қиймати 148,4 миллиард сўмлик транспорт воситасини етказиб бериш ҳақида шартномалар расмийлаштирган.
Мижозларининг 8 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағларини эса ширкат раҳбарлари ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборганликлари айтилади.
Ширкат бош директори ҳамда икки нафар ходимига ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, Фирибгарлик бўйича жиноят иши очилиб, қамоққа олинганди.
Лекин мижозларнинг машина учун тўлаб қўйган миллионлаб сўм пулларини энди ким қайтаради?
Бу савол очиқ қолмоқда.
Озодликнинг "Авто идеал хизмати" ва собиқ мижозлар ўртасида юзага келган ҳуқуқий вазият борасида расмий изоҳ олиш учун Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизматига 21 январ куни боғланиш уринишлари натижа бермади.
Бу сўнгги бир ой ичида машина ширкатларига алданганларнинг иккинчи норозилик чиқиши.
Шу ой бошида Бухорода "УзАвтоТрансСити"га алданганлар пулларини ундириб беришда ёрдам сўраб ҳокимликка боргани ҳақда Озодлик хабар берган эди.
Мавзуга алоқадор Машина оламан деб "УзАвтоТрансСити"га алданганлар пулларини ундириб беришни сўрамоқда (ВИДЕО)Молиявий пирамидалар
Банк тизимига ишонч катта бўлмаган Ўзбекистонда халқ пулини турли йўллар, турфа усуллар билан ўзлаштириш ҳоллари кўп учрайди.
Бу каби ҳолатларнинг энг машҳури бўлган чинозлик Аҳмадбой пирамидаси қулаган 2016 йилдан буён ўтган вақт мобайнида яна минглаб одам турли кўринишдаги молиявий пирамида қурбонлари бўлди.
Мавзуга алоқадор Таниқли қизиқчилар реклама қилган машина сотувчи ширкат фирибгарликда гумон қилинмоқдаЧет элга ишга жўнатаман деб фуқаролардан миллионлаб сўм олган ўнлаб хусусий бандлик агентликлари ёпилди. Айримларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Бундан ташқари, одамларга туяқуш¸ автомобиль¸ тимсоҳ боласи келтириб бераман, деб алдаб, пулини олган ширкатлар устидан суд жараёнлари бўлиб ўтди.
Молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил қилиши айтилади.
Тошкентдаги "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов молиявий пирамидалар ёки ҳусусий бандлик идораларидан жабр кўрган фуқароларнинг пулларини қайтариб олиши осон бўлмаслигини айтади.
"Биз жуда кўп холатни ўргандик. Мижозлардан пулни олиб чет давлатга, Кореяга ёки БААга чиқариб юборганлари бор. Шу пулни қайтариш узоқ вақт олади, балки йиллаб чўзилиши мумкин, унда ҳам қайтара олса. Бу орада сўм қадрсизланиб боряпти", - дейди Ташанов.
2019-2020 йиллар давомида Озодлик қатор хусусий ширкатлар ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.
Мавзуга алоқадор "Korean&Migrations"иши: Mустақиллик майдонига чиққан норозилар куч қўлланганидан шикоят қилди (ВИДЕО)Ҳусусий агентликнинг Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ҳақидаги ваъдаларига ишониб, миллионлаб сўм тўлаб қўйган, лекин хорижга ишга кетолмаган одамлар ҳам Тошкентнинг Мустақиллик майдонига чиққан.
Норозиларга куч қўллангани ва майдондан ҳайдалгани холати ҳам бўлди.