Бавария Ички ишлар вазирлиги исломий экстремизмга қарши курашиш бўйича эълон қилинган видеони мусулмонларга нисбатан қўпол, ирқчилик ва исломофобия кайфиятини қўзғатишда айбланганидан кейин олиб ташлади.
Германия жанубидаги Бавария штати ҳукумати исломий экстремизм хавф-хатарлари ҳақида огоҳлантирувчи видеолавҳа “ирқчилик ахлати” деб қораланиб, фашистлар давридаги тарғибот билан қиёсланганидан сўнг олиб ташлади.
2 сентябрь куни Бавария Ички ишлар вазирлиги томонидан Х да эълон қилинган видеода машъум мусиқа садоси остида бир мулла бир қизни ютиб юборгани, сўнг у ҳижобли хотинга айланиб йиғлаётгани ва кўпхотинли оила ошхонасини тозалаётгани тасвирланган.
Ўта консерватив суннийлик ҳаракати – салафийликнинг хавфи ҳақида огоҳлантириш мақсадида ёйинланган ушбу видео ортидан айрим немис қонунчилари вазирликни ноўрин тарғибот билан шуғулланиш ва мусулмонларга қарши кайфиятни кучайтиришда айблади.
“Бавария Ички ишлар вазирлигидан мутлақо ирқчи видео! Бу уят – айниқса, ҳозирги замонда! Чеклаш ва гижгижлаш ўрнига, биз мусулмонларга қарши ирқчиликка қарши чиқишимиз керак”, деб ёзди Германия парламентидаги сўл партия аъзоси Никол Голке Х саҳифасида.
Мазкур видео тадқиқотчилар немис тилида исломофобия зўрайиб, жамият ва мамлакатда мусулмонларга қарши воқеалар кўпаймоқда деб атаган бир вақтда чиқарилди. Камига бу Германиянинг икки штатида иммиграцияга қарши "Германия учун альтернатив" партияси сайловдаги муваффақиятларидан сўнг дарҳол содир бўлди.
"Бир кун олдин бу партиянинг муваффақиятидан ҳайратда эдингиз, эртаси куни вазирликдан нафрат ва ғазаб чиқяпти!" деб ёзди X да Берлин парламентида сўл қанот депутат Ферат Кожак.
Кожак Бавария Ички ишлар вазирлиги “мусулмонларга нафрат уйғотишда яҳудийларга қарши нацистлар ташвиқотини эслатадиган карикатуралардан фойдаланяптими?” деб сўради.
Учинчи сўл партия сиёсатчиси ва собиқ парламент аъзоси, ҳуқуқшунос Нима Мувассат видеони “ақл бовар қилмас ирқчи ахлат, деб атади ва Бавария ички ишлар вазири Ёахим Херрманнга қарши гижгижлаганлик айблови билан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқишини айтди.
Кейинроқ вазирлик X даги постини ўчирди ва “Озодлик”ка 3 сентябрь куни берган баёнотида “Агар видео қандайдир ғазаб ёки тушунмовчиликларга сабаб бўлган бўлса, ўта афсусда эканлигини” билдирди.
"Биз видеога қарши танқидларни жуда жиддий қабул қиламиз ва ҳозирча кампанияни тўхтатдик", деди вазирлик вакили электрон почта орқали.
Матбуот котиби таъкидлашича, видео аслида “одамларни салафийлар ва бошқа исломчилар томонидан келаётган хавф-хатарлардан хабардор қилиш ва уларнинг усулларини кўрсатиш учун” ижтимоий тармоқдаги янги кампаниянинг бир қисми бўлган.
“Салафизмга қарши курашда профилактика ва дерадикализация ишлари биз учун жуда муҳим бўлгани учун видеолавҳаларни қайта ишлаймиз. Бироқ, салафийлик хавфини эътибордан четда қолдириб бўлмайди”, деди матбуот котиби.
Европа комиссияси «Озодлик»ка “ушбу видеога аниқ изоҳ бермаганини” айтди.
“Мусулмон аёллар Европа Иттифоқи жамиятида жуда фаол роль ўйнамоқда – бу ижобий ҳолат”, деди Комиссия вакили.
Германия Ислом конференцияси маълумотларига кўра, Германияда 5,5 миллионга яқин мусулмонлар бор, уларнинг уч миллионга яқини Германия фуқароларидир.
Бавария социал-демократик партиясининг ички сиёсат бўйича вакили Кристиан Фейхтмайер видеони кўриб, бошимни чайқадим деди.
Унинг айтишича, салафийликка қарши кураш муҳим, аммо “солиқ тўловчининг пулини ишламайдиган ёки ҳатто зарар берадиган ишларга беҳуда сарфлаб бўлмайди. Видео менда ва бошқаларда айнан шундай таассурот қолдирди”, дея хабар беради Dpa ахборот агентлиги.