Андижонда беш яшар қизчани зўрлаган шахс уни бўғиб ўлдирди

Бу суратнинг воқеага алоқаси йўқ.

Андижон вилоят, Пахтаобод туманидаги Озод маҳалласида 5 яшар қизчани унинг 30 яшар қўшниси 28 январь куни аввал зўрлаб, кейин бўғиб ўлдирган.

Воқеа юз берган маҳалладан олинган бу хабарни тасдиқлаган Пахтаобод туман ички ишлар бўлими мулозимига кўра, қизнинг жасади 30 январь куни қотилликда гумон қилинаётган шахснинг ҳовлисида кўмиб қўйилган ҳолда топилган.

Ички ишлар бўлими мулозимининг билдиришича, қотилликда гумон қилинаётган шахс қамоққа олинган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, ишни Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими ўрганмоқда.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, қизча 28 январь, душанба куни кечқурун йўқолиб қолганидан сўнг, милиция уни қидиришга тушган:

“Қизчанинг битта калиши қўшнисининг дарвозаси ёнига тушиб қолган экан. Милиция исковуч ит олиб келди, ўша ҳидлаб қизчани ҳовлига кўмилган жойидан топди. Очиб кўришса, ҳақиқатан ҳам қизча кўмилган экан. Қўшни йигитни дарҳол қамоққа олишди”, деди воқеа гувоҳларидан бири.

Унинг айтишича, қўшни йигитнинг хотини, икки фарзанди бўлган:

“Бу бола уйидан дўкон очиб олган эди. Ўша куни хотини ва икки боласи онасининг уйига меҳмонга кетишган. Беш яшар қизчанинг аяси эса ночда, дежурда бўлган. Бу қизча ўша дўкончи боланинг қизчаси билан ҳар куни ўйнайди экан. Душанба куни кечқурун у қизча ўртоқларим билан ўйнайман деб яна чиққан. Иплос бола, кейин у қизчанинг номусига тажовуз қилган. Қизча ҳушидан кетган. Кейин бола қўрқиб кетиб, қизчани бўғиб ўлдиргану ҳовлисига кўмиб қўйган”, деди қишлоқликлардан яна бири.

Пахтаобод туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими зўрлаш ва қотилликда гумон қилинаётган қўшни йигит қамоққа олинганини, айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

Айни пайтда, Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг бу воқеа бўйича Озодлик сўровига берган жавобида айтилишича, қотилликда гумонланган шахс қизчани зўрламоқчи бўлганида қизча қаттиқ бақирган ва қотил қизчани ўзининг шарфига бўғиб ўлдирган:

"2019 йил 28 январь куни соат тахминан 14:00 ларда Пахтаобод тумани, “Соҳил” МФЙ, Бекмаҳалла кўчасида яшовчи М.И. қўшниси 23.09.2013 йилда туғилган вояга етмаган С.К. унинг фарзандлари билан ўйнаш мақсадида кирганлиги ва уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уни зўрламоқчи бўлган, шу вақтда С.К. баланд овозда бақирганлиги сабабли, унинг бўйнида бўлган оқ рангли шарф билан бўғиб қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, М.И. ўзининг содир этган жиноятини яшириш мақсадида, С.К.нинг бир жуфт оёқ кийимини хонадонда мавжуд бўлган ҳожатхонага ташлаб юборган ва мурдани синтетик қопга жойлаштириб яшаш хонасидаги пол остидаги тупроққа кўмиб қўйган.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида, суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 28.01.2019 йилда Пахтабод тумани прокурори томонидан М.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Жиноят иши бўйича 2019 йил 30 январь куни М.И.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в, ж, з” бандлари билан айблов эълон қилиниб, шу куни унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда, терговнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган".