Биринчи иш кунида ходимини пичоқлаб ўлдирган электр тармоқлари раҳбари қамоққа олинди

13 июль куни Андижон шаҳридаги Янги шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг ўринбосари қилиб тайинланган Бахтиёр Аҳмедов шу куннинг ўзида ходимини иш жойида пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди.

Андижон шаҳар ички ишлар бўлимининг мулозими, қотилликда гумонланган шахс устидан жиноят иши қўзғатилганини айтди.

Озодликка хабар берган воқеа гувоҳларининг айтишича, ҳамманинг олдида бошлиқдан ҳақорат эшитган ходим, уни ўз кабинетига чақириб дўппослаган. Бундан аччиқланган бошлиқ ходимни пичоқлаб ўлдирган.

Андижон шаҳридаги Янги шаҳар электр тармоқлари идораси бошлиғининг ўринбосари 30 яшар Бахтиёр Аҳмедов 13 июль куни соат 11 ларда идора ходими, 35 яшар Дилшод Акбаровни пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб, қамоққа олинган.

Андижон шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, қотилликда гумонланган шахс, Бахтиёр Аҳмедов устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97 – моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор бўлган, исми сир қолишини сўраган Янги шаҳар электр тармоқлари идораси ишчиларидан бирининг айтишича, жанжал эрталабки мажлисдан бошланган:

"Бахтиёр Аҳмедов Янги шаҳар электр тармоқлари идораси бошлиғи ўринбосари сифатида бугун биринчи иш куни эди. Дилшод, кўпчилик уни Нортой дейди, аввал ҳам мажлисларга келмайдиган, крутой бола эди. Ўзи спорт билан шуғулланган, качок йигит эди. Шу кунги эрталабки мажлисга ҳам кечикиб келган, кейин янги ўринбосар уни ҳамманинг олдида шаънига тегадиган сўзлар билан ҳақорат қилган. Мажлисдан сўнг, Дилшод бошлиғини хонага олиб кириб, ичкаридан қулфлаб олиб, роса дўппослаган. Калтак жонидан ўтиб кетган Бахтиёр Аҳмедов хонадаги столнинг устида ётган канцелярия пичоғини олиб, Дилшодга икки марта санчган. Битта зарба юракка, иккинчиси ўпкага тушган. Кейин хонанинг эшигини очиб қочиб чиққан. Дилшод шундай ҳолатда бўлса ҳам ортидан қувиб чиққан, лекин коридорда йиқилган", дейди воқеани ўз кўзи билан кўрган ҳамкасбидан эшитган ходимлардан бири.

Унинг айтишича, Дилшод тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилаётганда, жони узилган.

Андижонлик раҳбарларнинг қўл остидаги ходимларини ҳақорат қилиш уларнинг асосий иш услубларидан бири эканлиги ҳақида Озодлик ҳам кўп хабар берган.

Жумладан, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ташкилот раҳбарлари, ўқитувчилар ва маҳалла расиларини ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилган ва суд ҳукми билан 5 миллион сўмга жарима қилинган эди.

Ўзбекистонда бошлиқ ва ходимларнинг орасида пичоқ воситасида жонга қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан, жорий йилнинг 3 май куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни 3 май куни ишдан бўшатилган ходими Шавкат Ибратов пичоқлаган эди.

Бу воқеани тасдиқлаган МИБ ходимларидан бирининг айтишича, ишдан ноқонуний бўшатилганини иддао қилган собиқ ходим бошлиғига тўрт марта пичоқ санчган. Касалхонада жарроҳлик қилинган Баҳром Жўраевнинг аҳволи ўртача оғирликда қолмоқда.

7 апрель куни Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси шаҳарнинг 29-мактабида ўқийдиган тенгқурининг юрагига пичоқ санчиб ўлдирган эди.

Ўтган йилнинг 6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлаган эди.

2017 йилнинг 18 августида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида участка нозири паспорт текшируви ўтказаётган пайтда пичоқлаб ўлдирилган эди.